Қирғизистон Республикаси Президенти Алмазбек Атамбаев миннатдорчилик мактубида Шавкат Мирзиёев ва бутун Ўзбекистон халқини янги – 2017 йил билан самимий табриклаган.
У ўз мактубида Шавкат Мирзиёевга ўзига ва Қирғизистон делегациясига кўрсатилган самимий қабул ва меҳмондўстлик учун чин қалбдан миннатдорлик изҳор этган.
“Қирғизистон Республикаси ва Ўзбекистон Республикаси ўртасида абадий дўстлик тўғрисидаги шартнома имзоланганининг юбилей санаси куни бўлиб ўтган музокараларимиз ва очиқ фикр алмашганимизни мамнуният билан эслайман. Ишончим комилки, ўзаро ҳамкорлигимизни янада ривожлантиришнинг йўналишларини белгилаб олиб, бу борада тўлиқ англашувга эришдик. Бу халқларимиз фаровонлиги йўлида юқорида тилга олинган шартномага янги ҳаёт бағишлайди”, дейди Атамбаев.
“Учрашувимиз якунида эришилган келишувлар ўзаро муносабатларимизнинг барча масалаларини, жумладан, аввал биз муросага келолмаган масалаларни ҳам ҳал қилиш имконини беради. Мамлакатларимизнинг тегишли давлат идоралари олдида ушбу келишувларни қисқа муддатда амалга ошириш борасида катта ва масъулиятли вазифалар турибди. Бу ишлар муваффақиятли бажарилишига ишонаман.
Сизни яна бир бор ишонтириб айтаманки, Қирғизистон Республикаси Ўзбекистон Республикаси билан дўстлик, яхши қўшничилик ва ўзаро манфаатли ҳамкорликка асосланган муносабатларни янада мустаҳкамлаш йўлида собит туради”.
Қирғизистон Республикаси Президенти Алмазбек Атамбаев миннатдорчилик мактубида Шавкат Мирзиёев ва бутун Ўзбекистон халқини янги – 2017 йил билан самимий табриклаган.
Унинг ёзишича, Шавкат Мирзиёевнинг раҳбарлигида Ўзбекистон янги йилда иқтисодиёт ва жамиятни янада юксак суръатлар билан ривожлантиришга эришади.
“Муҳтарам Шавкат Миромонович, Сизга мустаҳкам соғлик, давлат раҳбари сифатидаги фаолиятингизга куч-қувват, муваффақиятлар, Ўзбекистон халқига Сизнинг Президент этиб сайланганингиз билан боғлиқ барча эзгу мақсадлари рўёбга чиқишини, тараққиёт ва фаровонлик тилайман”, дейди Қирғизистон раҳбари.
Мактуб сўнггида Атамбаев Шавкат Мирзиёевни янги йилда ўзига қулай вақтда Қирғизистон Республикасига расмий ташриф билан келишини таклиф этган.