...
МЕНЮ
ONLINE TV

Аслида ҳеч нарса ўзгармаган ёхуд ноқонуний “шапка”ларнинг қонунийлашган кўриниши


10:22, 03.06.2017 Жамият
 15 708

“Президент айтганини компания раҳбарлари, расмий ва норасмий фойдахўрлари қойилмақом даражада бажаришди – на у томон эътироз билдиради, на бу томон хафа бўлади”.

Ўзбекистон Республикаси Президенти жорий йилнинг 26 май куни “Женерал Моторс Ўзбекистон” АЖ томонидан ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар нархларини шакллантиришни такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорни имзолаган эди.
 
31 май куни эса GM Uzbekistan АЖ Бош директори вазифасини вақтинча бажарувчи Рустам Ражабов буйруғи билан автомобилларга янги нархлар белгиланганди.
 
Ушбу ҳолат одамлар орасида турли муҳокамаларга сабаб бўлди. Шунингдек, ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари ҳам бу борадаги ўз фикрлари билан ўртоқлашди. Қуйида уларнинг баъзиларини эътиборингизга ҳавола қиламиз.
 
Журналист Зоҳиджон Холов машиналар нархи оширилганига қуйидагича муносабат билдирди: “GM Uzbekistan машиналарининг сўмга ўгирилган янги нархлари эълон қилинди. Албатта, нархлар осмонлаб кетган. Бир қарашда унча-мунча бойнинг ҳам тарвузи қўлтиғидан тушадиган даражада қиммат. Аммо шов-шувни чиндан ҳам камбағаллар кўтаряпти. Афсуски, камбағаллар ҳамиша кўпчиликни ташкил этган.
 
Аслида ҳеч нарса ўзгармаган. Муҳими, Президент қарорининг ижроси таъминланган. Лекин сих ҳам куймаган, кабоб ҳам. Президент айтганини компания раҳбарлари, расмий ва норасмий фойдахўрлари қойилмақом даражада бажаришди – на у томон эътироз билдиради, на бу томон хафа бўлади. Фақат халққа жабр бўлди, холос. Оддий халққа, пули йўқ халққа, бойга эмас. Чунки унинг аллақачон ҳатто уч ёш боласида мошинаси (боғчага олиб борадиган, памперс ташийдиган) бор.
 
Бир томондан тўғри ҳам қилган: машина қанча кам сотилса, шунча яхши – ўзи мошина шундоқ ҳам кўпайиб кетди, йўллар қолмаяпти – қаёққа қарама мошин, мошин, мошин. Экология бузилиб кетяпти, одамлар икки юз қадамлик магазинга ҳам мошинда боришга ўрганиб олган – ўлгудек дангаса. Яна чалашўпиру, пробкалар, ДАН ходимларининг асабий ҳуштакбозлиги, бензину метаннинг танқислиги, қимматлаши, "запчаст"ларнинг қимматлиги, “телпак”лар ва ҳоказо...
 
Қисқаси, компаниянинг мегасупердаҳо ҳисобчилари буларнинг баридан яхши хабардор. Улар узоқ ўйлаб ўтирмай, дарҳол “қарор ижросими, бўлдим есть қиламиз”, деган ва АҚШ доллари курсини давлат белгилаган 3850 сўмда эмас, балки “қора бозор” лидерлари белгилаган суммада, яъни 8500 сўмда ҳисоблаб чиқишган. Боиси, эркин конвертация йўқ, аммо барча мошинлар сўмда сотилгач, барибир сўмни кўчага чиқиб, доллар қилиб олиш керак-ку. Сўм оддий халқдан бошқасига, айниқса, бизнесменларга керакмас. Ҳам молиявий, ҳам маънавий инфляцияга юз тутган бечора валюта... Банкка бориб, хорижий валюта конвертациясидан гап кетса, мутасаддиларнинг юзи ачиган қатиқ ичгандек бужмайиб кетади.
 
Ҳисоблаб кўринг, Matiz (1 л) русумли мошиннинг янги нархи миллий валютамизда 43 551 995 сўм қилиб кўрсатилган. Бунинг хорижий валютадаги эквиваленти эса 11 323 АҚШ долларига тенг. Хўш, бу 11 минги қаердан пайдо бўлди, деган савол туғилгандир. Мегасупердаҳо ҳисобчилар мавжуд нархни “қора бозор” курсига чаққану, бироқ ўзларининг нархини давлат курсида чиқаришган. Яъни, “қора бозор” курсида чиққан йиғиндини давлат курсига бўлган: 43551995 сўм : 3850 сўм = 11312 доллар. Энди, бунинг ҳақиқий ҳисобини келтирамиз: 43551995 сўм : 8500 сўм = 5124 доллар.
 
Агар “қора бозор”ни йўқ қилиб, давлат курси ҳар жойда устувор бўлса, 11 323 долларни топиш қийин бўлмасди. Яъни, 11 323 доллар 3850 сўмдан алмаштирилса, 43 593 000 сўм атрофида бўлади. Бу суммани ўртача 2-3 йилда ишлаб топиш мумкин. Қолаверса, давлат курсига қаралса, нархлар 11 минг эмас, балки 4500 доллар бўларди. Афсус...
 
Аслида энди хориж валютасининг бизга қизиғи йўқ, чунки долларингизни “қора бозор”да 8500-9000 мингача “майдалатволиб”, мошинни сўмга сотиб олаверасиз. “Бахт”имизга “қора бозор” бор бўлсин. Энди уни “қора” эмас, “оқ” деб айтсак ҳам бўлаверади”.
 
“Миллион” жамоаси етакчиси Даврон Кабулов ҳам автомобилларнинг нархи оширилганини ўзига хос услубда талқин қилди: “Captiva (209 987 352 сум) = 1409 та энг кам ойлик иш ҳақи = 1409 ой 117 йил дегани... Умрларга татигулик машина! GM Uzbekistan фуқаролардан ноқонуний тўлов ва “шапка”лар ҳақида хабар беришни сўраб, ўзи 2-3 та “шапка”га тенг суммани машина расмий нархига қўшибди”.
 
Эслатиб ўтамиз, GM Uzbekistan компанияси 1 июндан автосалонлардан автомобиль сотиб олишда турли тўсиқларга, масалан, дилерлик корхонасининг қоидабузарлиги ёки қўшимча маблағ талаб қилиш ҳолатлари учраган вақтда компаниянинг Ишонч телефонига (+99871 1471414) қўнғироқ қилишлари сўралган.

Теглар:GM Uzbekistan Автомобиллар Янги нархлар Даврон Кабулов 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


GM Uzbekistan номи ўзгаради

18:49, 05.02.2019 9 309

Изоҳлар




Изоҳлар

кувон
13:40 06.06.2017

рахмат сизларга прездентимиз Шавкат Мирмонович топшириғини калласига салласини олиб келибди GM Uzbekistan рахбарлари


REAL
15:53 05.06.2017

МИРЗИЁЕВГА РАХМАТТТТТТТТ!!!!!!!!



Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!

Тавсия

Сўровлар

Сиз қайси яхна ичимликларни ичасиз?

Барча сўровлар