Дилдор Шерметова финалда жамоадоши учун реванш олишни уддалади.
Курашчи Дилдор Шерметова мусобақа финалига етиб келиб, мўғулистонлик рақибаси Басаняргал Баярбатни мағлуб этди ва олтин медаль соҳибасига айланди. Бу Ўзбекистоннинг Осиё ўйинларидаги 11-олтин медали ҳисобланади.
Яна бир курашчи Мухлиса Абдумаликова мўғулистонлик Басаняргал Баярбатга ютқазиб қўйганди. Аммо Дилдор Шерметова финалда жамоадоши учун реванш олишни уддалади. Мухлиса Абдумаликова бўлса, бронза медали соҳибасига айланди.
Шунингдек, Сарвар Шомуродов ярим финалда эронлик Эляс Али Акбарига қарши жанг қилди ва имкониятни бой берди. Лекин шундай бўлишига қарамай, ҳисобимизга яна бир бронза медали “+” бўлди.
Дзюдо бўйича ўзбекистонлик спортчиларнинг омадлари чопмади. Гулноза Зияева бронза медали учун кечган баҳсда шимолий кореялик Сонг Сим Римга ютқазиб қўйди.
Шаҳрам Аҳадов ҳам бронза медали учун ўтказилган жангда қирғизистонлик Артур Тегага имкониятни бой берди.
Суратлар муаллифи Ҳасан Пирмуҳаммедов