
Осиё ўйинлари тарихида илк бора Ўзбекистон делегацияси таркибида 20 нафарга яқин ОАВ ходимлари мусобақаларнивоқеа жойидан ёритиб бормоқда.
Бугун Ўзбекистон спорт делегациясининг мазкур Осиё ўйинларидаги умумий медаллари сони 52 тага етди. Аввал хабар бериб ўтганимиздек, мустақил Ўзбекистоннинг медаллар сифати бўйича ушбу мусобақадаги энг яхши натижаси 2002 йили Пусан шаҳрида ўтказилган Осиё ўйинларида қайд этилган. Ўшанда ўзбек спортчилари 15 та олтин, 12 та кумуш ва 24 та бронза медалига эга чиқган.
Индонезиядаги Осиё ўйинларининг 12-куни якунларига кўра эса ўзбекистонлик спортчилар 15 та олтин, 19 та кумуш ва 18 та бронза медалларига эга чиқди. Бу орқали ҳамюрт спортчиларимиз медаллар сифати бўйича 2002 йилги натижани янгиладилар.
Медаллар сони бўйича энг яхши кўрсаткич эса 2010 йили Гуанчжоу шаҳрида ўтказилган Осиё ўйинларида қайд этилган. Ўша баҳсларда ўзбек спортчилари Ватанга 56 та медаль билан қайтишган.
“Ҳали олдинда бизни яна бир неча спорт турлари бўйича беллашувлар турибди. Боксчиларимизнинг барчаси ярим финалга чиққанини ҳисобга оладиган бўлсак, спортнинг ушбу турида еттита медаль нақд бўлиб турибди. Шунингдек, ўзбек самбочилари ҳам Осиёда совринли ўринлар учун кураш олиб борадилар.
Бир сўз билан айтганда, Индонезиядаги Осиё ўйинлари ўзбек спорти тарихига зарҳал харфлар билан битиладиган бўлди. Албатта бундай муваффақиятга ўз ўзидан эришилгани йўқ. Бунинг замирида муҳтарам Президентимизнинг спортга қаратаётган юксак эътибори, ғамхўрлиги ва спортчиларга яратиб берилаётган шароитлари ётибди”, дея ёзади МОҚ Матбуот хизмати.
Шунингдек, Осиё ўйинлари тарихида илк маротаба Ўзбекистон делегацияси таркибида 20 нафарга яқин Оммавий ахборот воситаси ходимлари мусобақаларни бевосита воқеа жойидан ёритиб бормоқда. Жумладан, улар ичида “Qalampir.uz” журналисти Акмалхон Эшонхонов ҳам бор.
“Бу ҳам ўз навбатида юртимиз спорт мухлисларига мусобақалардан тезкор ва аниқ ахборотлар олиш, ғолиб ва совриндор спортчиларнинг фикрлари билан танишиш, терма жамоамиз аъзоларини эркан қаршисида бўлсада қўллаб-қувватлаш имконини яратиб берди. Энг муҳим жиҳати эса, Индонезиядаги Осиё ўйинларида бутун Ўзбекистон делегацияси ягона оила сифатида, бир ёқадан бош чиқариб, жипслашиб ҳаракат қилмоқда. Буларнинг самарасини эса спортчиларимиз томонидан қўлга киритилган медалларда кўриб турибмиз”, дея якунлаган МОҚ ўз хабарини.
Маълумот ўрнида, Ўзбекистон спорт терма жамоаси Осиё ўйинлари-2018 мусобақасининг ўн иккинчи кунида жами 8 та медални ҳисобига “+” қилди. Уларнинг 3 таси олтин, 2 таси кумуш ва яна 3 таси бронза ҳисобланади.