Эртага Жакартадаги “Gelora Bung Karno Stadium”да XVIII Осиё ўйинларининг очилиш маросими ўтказилади.
Шу кунгача футбол, от спорти, теннис, пенчак силат, академик эшкак эшиш, слаломда эшкак эшиш, бокс, қиличбозлик, енгил атлетика бўйича терма жамоалар Индонезияга етиб келган эди.
Бугун, 17 август куни делегациянинг катта қисми, таэквондо WTF, ушу, сузиш, эркин ва юнон-рум кураши, оғир атлетика баҳсларида Ўзбекистон шарафини ҳимоя қиладиган спортчилар Жакартага етиб келди. Улар ичида 54 нафари спортчилар ҳисобланади.
Уларни “Soekarno Hattа” халқаро аэропортида Ўзбекистон Республикасининг Индонезиядаги элчихонаси вакиллари, Миллий олимпия қўмитаси ишчи гуруҳи аъзолари, Жакартада истиқомат қилаётган бир гуруҳ ватандошларимиз кутиб олди.
Спортчи ва мураббийлар аэропортдан тўғри Кемайоран даҳасидаги Олимпия шаҳарчасига йўл олдилар. Делегация Осиё ўйинлари вақтида айнан шу ерда истиқомат қилади.
Маълумот ўрнида, эртага соат 18:08 да (Тошкент вақти билан 16:08) Жакартадаги “Gelora Bung Karno Stadium”да XVIII Осиё ўйинларининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтади.
Жакартадан махсус