
Элчихона озодликка чиққан маҳбусларга адолат, соғлиқни қайта тиклаш ва янги кучлар тилаб қолган.
АҚШнинг Ўзбекистондаги элчихонаси ўзининг расмий сайтида ушбу ҳолатга муносабатини билдирган ва қуйидагиларни таъкидлаган:

“АҚШ элчихонаси яқинда Ўзбекистоннинг давлат сиёсатидаги муҳим ўзгаришлар сабабли озодликка чиқарилган узоқ муддатли маҳкумлар Муҳаммад Бекжонов, Исроилжон Холдоров ва Юсуф Рўзимуродовни мамнуният билан кутиб олди.
Биз озодликка чиққан маҳбусларга адолат, соғлиқни қайта тиклаш ва янги кучлар тилаймиз. Биз Ўзбекистон ҳукуматини яна бошқа маҳбусларни озодликка чиқаришга ва озод бўлганларни уларни тўлақонли озод инсон эканлигини тасдиқловчи ҳужжатлари топширилишига чақирамиз.
Биз умид қиламизки, сиёсий маҳбусларни ҳибсга олиш амалиёти Ўзбекистон ўтмишида қолади ва ислоҳотлар изчил давом эттирилади”.
Элчихона махбуслар Ўзбекистон давлат сиёсатидаги муҳим ижобий ўзгаришлар сабабли озодликка чиқарилганини алоҳида таъкидлаб, мамлакатдаги либерал ўзгаришларни эътироф этган.
Маълумот ўрнида, Исроил Холдоров 2007 йилнинг 19 февраль куни Андижон вилояти Жиноят ишлари бўйича суди томонидан 6 йилга, Юсуф Рўзимуродов эса 1999 йилда Тошкент вилояти жиноий ишлар бўйича суди томонидан 15 йилга озодликдан маҳрум қилинган.