Молиялаштириш ҳажми икки бараварга қисқартирилиши мумкин. Шунингдек, маъмурият Давлат департаменти ва Халқаро ривожланиш агентлиги(USAID) харажатларини ҳам камайтириш таклифини илгари сурган.
Аввалроқ, Оқ уйнинг маъмурий-бюджет бошқармаси директори Мик Малвани АҚШ президенти маъмурияти бошқа мамлакатларга кўрсатиладиган ёрдам ҳажмини сезиларли равишда камайтириш таклифини илгари сураётгани ҳақида маълум қилган эди. “Wall Street Journal”нинг келтиришича, маъмурият Давлат департаменти ва Халқаро ривожланиш агентлиги(USAID) харажатларини 37 фоизга камайтириш таклифини илгари сурган. Уларнинг умумий бюждети эса, 50 миллиард АҚШ долларини ташкил қилади
Нашр маълумотига кўра, Давлат департаменти мутахассислари БМТнинг тинчликпарвар мақсадларга қаратилган амалиётлари, Болалар фонди(ЮНИСЕФ) ва Тараққиёт дастури каби лойиҳаларини молиялаштириш ҳажмини қичқартириш бўйича кўрсатма олганлар. Шу билан бирга, сезиларли қисқартиришлар Бутунжаҳон озиқ-овқат дастури ва қочоқлар масалалари бўйича дастурлар ҳиссасига ҳам тўғри келади. Шунингдек, БМТ мутахассислари АҚШ ҳукумати ташкилотнинг унчалик машҳур бўлмаган аҳолишунослик жамғармаси ва иқлим ўзгаришлари билан боғлик ковенцияларни тўлиқ молиялаштирмай қўйишидан хавфсирамоқда.
Газета бу чоралар Трамп маъмуриятининг мудофаа йўлидаги харажатлар миқдорини оширишга интилиши билан боғлиқ бўлишига эътибор қаратмоқда.
Таъкидлаш жоизки, агар АҚШ молиялаштириш борасида айтиб ўтилган чекловларни амалга оширса, БМТ Бош ассамблеясида овоз бериш ҳуқуқидан маҳрум бўлади. Шу билан бирга, бошқа мамлакатлар ушбу молиявий йўқотишлар ўрнини қоплаши эҳтимоли жуда кам.
Аввалроқ, АҚШ маъмурияти 2018 йил учун бюджет лойиҳасини Конгрессга жорий йилнинг 16 март кунига қадар киритиши маълум бўлган эди. Унга кўра, ҳарбий харажатлар ҳажми 54 миллиардга оширилиши режалаштирилмоқда. Ҳолбуки, 28 феврал куни Трамп бу харажатлар 30 миллиардга ошишини маълум қилган эди.
Эслатиб ўтамиз, АҚШнинг жорий йилда ҳарбий мақсаддаги харажатлари ҳажми 602 миллиардни ташкил қилади. Бу 2016 йилнинг кузида АҚШ сенати томонидан тасдиқланган.