...
МЕНЮ
ONLINE TV

Анвар қорини ўлдига чиқарган блогер халқдан узр сўради


11:57, 08.06.2018 Жамият
 21 607

“Qalampir.uz” тарқалган хабарлар ёлғонлигини, Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан боғланиб, Анвар қори Турсунов тириклиги, бироқ оғир аҳволдалигини маълум қилди

Бугун, 8 июнь жума тонггида ижтимоий тармоқларда Анвар қори Турсуновнинг вафот этгани ҳақида миш-мишлар тарқалган эди. Улардан бири блогер Хушнудбек Худойбердиевнинг Telegram’даги каналида тарқатилди. 

“Масжидларда Анвар қори Турсуновнинг вафоти эълон қилинди. Бугун, жума намозидан кейин чиқаришар экан. Жуда яхши инсон эди, шундай муборак кунларда омонатларини топширибдилар. Жойлари жаннатдан бўлсин, илоҳим. Яқинларига сабр берсин”, дея ёзади блогер.

Орадан вақт ўтиб, “Qalampir.uz” тарқалган хабарлар ёлғонлигини, Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан боғланиб, Анвар қори Турсунов тириклиги, бироқ оғир аҳволдалигини маълум қилди. 

Хушнудбек Худойбердиев кейинги хабарида Анвар қори Турсуновнинг вафоти ҳақидаги хабарда тушунмовчилик бўлгани ва бу ҳақда бугун эрталаб “Шайх Зиёвуддин” жоме масжидида жамоатга эълон қилингани ҳақида ёзган.

Орадан кўп ўтмай тарқатилган хабар сабаб блогер Хушнудбек Худойбердиев Telegram’даги канали орқали барчадан узр сўради. 

“Нотўғри маълумотни тарқатганимиз учун гуноҳларимизни Аллоҳ мағфират қилсин. “Шайх Зиёвуддин” жоме масжидида 50-60 кишилик бутун жамоатга бу хабарни эълон қилган инсонга Ўзи кифоя қилсин. Илоҳим, умрлари узоқ бўлсин. Жуда хунук иш бўлдида, жуда. Айб мендан ўтди, кечирилмас хато қилдим. Ўзим энг ёмон кўрадиган хатони ўзим қилдим. Бировларга бу борада кўп ақл ўргатганману, аммо иштони йўқ, тиззаси йиртиқни устидан кулгандай бўлди. Бошқа жойда эмас, айнан масжидда, бўлиб ҳам 1-2 киши орасида миш-миш сифатида эмас, барчага оммавий эълон қилинганига ишонибман. Лекин барибир текшириш керак эди. Ҳаммаёққа телефон қилиш, узил-кесил ишонч ҳосил қилгач, кейин эълон қилиш керак эди. Тирик инсонни  вафот этганга чиқариш – бу ахир даҳшатку. Эҳ, аҳмоқ Хушнуд, аҳмоқ Хушнуд.

Барча ўқувчилардан узр сўрайман. Айниқса, Анвар қорининг яқинлари олдида мислсиз хижолатдаман. Маълум муддат, Telegram’даги каналимда таътил эълон қилинади. Бўлган гапларни ҳазм қилгунгача, бироз вақт керак. Билиб-билмай қилган гуноҳларимизнинг мағфират қилинишидан умидвормиз”, дея ёзади Хушнуд Худойбердиев.

Эслатиб ўтамиз, “Qalampir.uz”  шоир Муҳаммад Исмоил, Ўзбекистон мусулмонлар идораси ҳамда Анвар қори Турсунов истиқомат қилаётган “Янгиобод” маҳалласи фаоллари, Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан алоқага чиқди. Бироқ ҳеч бир манба қорининг вафотини тасдиқлагани йўқ.

Соат 11:30 ҳолатига кўра Анвар қори Турсуновнинг аҳволи оғирлигича қолмоқда.

Теглар:Анвар қори Турсунов Хушнуд Худойбердиев 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!

Тавсия

Сўровлар

Сиз қайси яхна ичимликларни ичасиз?

Барча сўровлар