6 нафар вояга етмаганлар ҳамда 1 нафар ўсмир ҳуқуқбузарлик содир этгани учун қўлга олинди.
Бир гуруҳ вояга етмаганлар томонидан содир этилган ҳуқуқбузарлик Ангрен шаҳрида содир этилди. Бу ҳақда Тошкент вилояти ИИБ Матбуот хизмати хабар берди.
1982 йилда туғилган Ашурали Эргашев (исм-фамилияси ўзгартирилган) ариза билан Ангрен шаҳар ИИБга мурожаат қилди.
У 15 август куни соат 02.30 да Ангрен шаҳри 5/5-даҳаси ҳудудида номаълум шахслар куч ишлатиш йўли билан ёнида бўлган Samsung русумли уяли телефонни тортиб олиб кетганлигини маълум қилган.
Олиб борилган тезкор чора-тадбирлар натижасида ушбу жиноятни Ангрен шаҳрида яшовчи бир гуруҳ ёш йигит ва вояга етмаган ўсмирлар содир этгани аниқланди.
6 нафар вояга етмаганлар ҳамда 1 нафар ўсмир талончилик йўли билан А.Эргашевнинг телефонини олиб қўйган.
Ушбу ҳуқуқбузарлик Холид Ёрқинов (2001), Бобомурод Ортиқов (2000), Карим Қодиров (2000), Улуғбек Норқулов (2002), Қувончбек Нурматов (2003), Химматбек Нуралиев (2001), Жуманали Собиров (1997)лар томонидан содир этганлиги аниқланиб, гумон қилинаётган шахслар ушланди.
Ушбу ҳолат юзасидан уларга нисбатан Ўзбекистон Республикси Жиноят Кодексининг 166-моддаси билан жиноят иши қўзғатилди. Ашёвий далил сифатида Samsung русумли уяли телефон олинди.
Ҳозирда тергов ишлари ички ишлар ходимлари томонидан олиб бормоқда.