Андижон вилояти ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов вилоят бўйлаб халқ билан учрашувлар ўтказиб, уларни қийнаётган муаммоларга ечим топишга бел боғлади.
Айни кунларда Андижон вилояти ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов туман ва шаҳарларда аҳоли вакиллари билан мулоқотлар ўтказмоқда. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.
Вилоят ҳокимининг туман ва шаҳарларда ўтказаётган очиқ мулоқотларида аҳоли мурожаатлари билан ишлаш, шу йўналишдаги ишлар самарадорлигини, фуқаролар фаоллигини янада ошириш, аҳолини ўйлантираётган масалаларни чуқур ўрганиш ва мавжуд камчиликларни бартараф этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Марҳамат туманидаги “Алитепа” маҳалла фуқаролар йиғинида ўтказилган учрашувда мамлакатимизда аҳоли турмуш фаровонлигини юксалтириш, қурилиш, ободонлаштириш, халқимиз учун қулай яшаш шароити яратиш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилаётгани таъкидланган.
Учрашувда маҳаллада ечимини кутаётган масалалар, хусусан, маҳалла ҳудудидаги 7-умумтаълим мактабида спорт зали йўқлиги, кўча ва йўлларни таъмирлаш, электр энергияси ва сув таъминотини янада яхшилаш, тадбиркорликни ривожлантириш, янги иш ўринлари яратиш, аҳоли, айниқса, ёшлар бандлигини таъминлаш юзасидан таклиф ва мулоҳазалар билдирилди. Вилоят ҳокими кўтарилган масалаларни ижобий ҳал этиш юзасидан мутасадди идоралар раҳбарларига тегишли топшириқлар берди.
Бундай мулоқотлар Андижон шаҳри, Олтинкўл, Балиқчи ва Избоскан туманларида ҳам бўлиб ўтди.
Учрашув ўз йўлига. Унда кўтарилаётган масалалар ҳал этилмаса, муаммоларга ечим топилмаса одамлардаги ишонч сўниши турган гап. Кўрамиз, ҳоким йиғилишларда кўтарилган муаммоларга қандай ечим топаркин?