Ойбек Умаров айни дамда Тошкентда бўлиб ўтиши режалаштирилаётган кўргазмага тайёргарлик кўрмоқда. Шартнома пулини тўлай олмагани сабаб қачонлардир институт остонасини тарк этган ёш ихтирочи бугун олий ўқув юртида лаборант бўлиб ишлаб келмоқда.
Аввалроқ, Андижонлик ёш ихтирочи Ойбек Умаровнинг электоромобиль яратгани ҳақида хабар берган эдик. Бугун Андижон машинасозлик институтида лаборант бўлиб ишлаётган Ойбек Умаров бундан уч йил аввал “Қалдирғоч” номли электромобиль ихтиро қилган эди. Шундан сўнг унга жуда кўп хорижий мамлакатлардан таклифлар тушди. Ушбу лойиҳани сотиб олмоқчи бўлганлар ҳам топилди. Ўз мақсадидан чалғимаган Ойбек Умаров мақтовлардан маст бўлиб қолгани йўқ. Аксинча, ўзи ихтиро қилган электоромобилга Ўзбекистон Республикаси Интеллектуал мулк агентлигидан патент олишга қўли калталик қилган Ойбек энди қуёш нурида ҳаракатланадиган автомобиль прототипини яратишга киришди ва бунинг уддасидан чиқди.
Ойбек Умаров қуёш нурида ҳаракатланадиган автомобиль прототипини ихтиро қилдим деганда, бунга унчалик ишонмаган эдик. Бироқ машинанинг суратларини кўриб, Ойбек Умаров ҳақида Андижон машинасозлик институти талабалари ва профессор-ўқитувчиларидан унинг ихтироси ҳақидаги фикрларини эшитгач, қуёш нурида ҳаракатланадиган автомобиль прототипини яратиш осон кечмаганини тушундик.
Қуёш нурида ҳаракатланадиган автомобиль прототипи қуёшли очиқ ҳавода соатига 40-50 км, булутли ҳавода эса соатига 20 км тезликда ҳаракатланади. Узунлиги 3,5, эни 1,4 метр, бўйи 90 сантиметрни ташкил этган мазкур прототип олд ва орқа томонларга ўрнатилган қуёш нури панелидан қувват олади. Қуёш нури панели нурни электр энергияга айлантириб беради. Электр энергияни электродвигатель механик кучга айлантириши натижасида улов ҳаракатга келади. Унга ҳеч қандай аккумляторнинг кераги йўқ. Агар мазкур лойиҳага жиддий эътибор қаратиб, уни мукаммаллаштирилса, келажакда ёқилғи ва электр энергия сарф қилмасдан фақат қуёш нури эвазига ҳаракатланадиган янги аср автомобилларини ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш мумкин.
Ойбек Умаров, ёш ихтирочи:
— Қуёш нурида ҳаракатланадиган автомобиль прототипини ясаш ишларини ўтган йили бошлаб, бу йил ниҳоясига етказдим. Шу ой ўрталарида Тошкентда бўлиб ўтадиган инновацион ғоялар, технологиялар ва лойиҳалар кўргазмасида Андижон машинасозлик институти номидан қатнашаман. Қуёш нурида ҳаракатланадиган автомобиль прототипини Тошкентга олиб бориш катта маблағ талаб қилади. Шунинг учун кўргазмага унинг фақатгина суратини олиб боришни режалаштиряпман.
Робия Умарова, Ойбек Умаровнинг онаси:
— Фарзандларимнинг ҳаммаси интилувчан. Ойбек болалагидан нималардир ясашга қизиқарди. Бундан бир неча йил аввал кам ёқилғи сарфлайдиган спорт автомобилини ясаган эди. Кейинчалик электромобиль ихтиро қилди. Энди навбат қуёш энергиясида ҳаракатланадиган машинага келди. Мен ўғлимнинг ютуқларидан қувонаман. 2013 йилда ихтиро қилган “Қалдирғоч” номли электромобили ва қуёш нурида ҳаракатланадиган автомобиль прототипи лойиҳасини сотиб олиш таклифи билан Германия, Франция, Россия каби мамлакатлардан таклифлар тушди. Лекин мен унамадим. Шу Ватаннинг тузини тотган ҳар бир ўғил-қиз аввало ўз она юртига хизмат қилиши керак.
Ойбек Умаров айни дамда Тошкентда бўлиб ўтиши режалаштирилаётган кўргазмага тайёргарлик кўрмоқда. Шартнома пулини тўлай олмагани сабаб қачонлардир институт остонасини тарк этган ёш ихтирочи бугун олий ўқув юртида лаборант бўлиб ишлаб келмоқда. Балки Андижонлик чапани йигитнинг ихтироси мутасаддилар ва олимлар эътиборига тушиб, тез орада бу лойиҳани мукаммаллаштириш ишлари бошлаб юборилар.