Қуёш нурида ҳаракатланадиган автомобиль лойиҳасини яратган Ойбек Расулов техник ишланмаси билан Тошкентдаги IX Инновацион ғоялар, технологиялар ва лойиҳалар республика ярмаркасида иштирок этмоқда.
Анъанавий ўтказиб келинаётган ушбу форум илм-фан ва ишлаб чиқаришнинг интеграциялашувини таъминлайдиган муҳим воситалардан бирига айланди. Жорий йилги ярмаркада тақдим этилган қарийб 650 та янги лойиҳанинг 70 дан ортиғи ёш олимлар ва талабаларга тегишлидир.
Бу Инновацион ғоялар, технологиялар ва лойиҳалар республика ярмаркасида намойиш этилаётган янгиликларнинг 130 таси саноат, 116 таси қишлоқ хўжалиги соҳасидаги долзарб вазифаларни ҳал этишга қаратилган. 130 дан зиёд ишланма ва илғор технологиялар соғлиқни сақлаш ва фармацевтика учун мўлжалланган, 89 таси ахборот технологиялари, яна 34 таси илм-фан ва таълим соҳасидаги янги дастурий маҳсулотлардир.
Ёдингизда бўлса, бундан бироз аввал Андижон машинасозлик институтида лаборант бўлиб ишлайдиган Ойбек Умаров электромобиль ва ҳеч қандай ёқилғи сарфламасдан қуёш нурида ҳаракатланадиган автомобиль прототипини яратгани ҳақида хабар берган эдик. Айни дамда Ойбек Умаров Тошкентда ўтказилаётган IX Инновацион ғоялар, технологиялар ва лойиҳалар республика ярмаркасида Андижон машинасозлик институти номидан ўз лойиҳаси билан иштирок этмоқда. Ойбек таҳририятимиз ходимлари билан суҳбатда ўзи ихтиро қилган лойиҳага нисбатан қизиқиш катта бўлаётганини маълум қилди. Ёш ихтирочи томонидан ясалган қуёшда ҳаракатланадиган автомобиль прототипини кўришни истаганлар “Ўзэкспомарказ”да ўтказилаётган ярмаркага ташриф буюришлари мумкин. Таҳририятимиз ходимлари эртага ярмаркада иштирок этиб, Ойбек Расуловнинг лойиҳаси билан боғлиқ бошқа маълумотларни эътиборингиз тақдим этади.
Маълумот учун, ўтган йилларда ўтказилган инновацион ярмаркада умумий қиймати 112,6 миллиард сўмлик 3,1 мингдан ортиқ шартнома имзоланган эди. Мазкур шартномаларнинг амалга оширилиши натижасида 59 турдаги янги маҳсулот ишлаб чиқариш йўлга қўйилган, 55 турдаги тажриба намуналари тайёрланиб, 100 дан ортиқ ташкилот, корхона ва фермер хўжалигига илмий-техник ёрдам кўрсатилган.