“Холис” савдо маркази кийим-кечак павильонидаги 68-сонли савдо дўконида 25 минг сўмлик харид учун касса чеки берилмаган.
Давлат солиқ қўмитаси Ахборот хизматининг хабар беришича, жорий йилнинг 20 апрель куни Андижон вилояти Давлат солиқ бошқармасининг “Ишонч телефони”га фуқаро қўнғироқ қилиб, Андижон шаҳридаги “Мустанг Гранд Люкс” масъулияти чекланган жамиятига қарашли савдо дўконида харид учун тўловларни банк пластик карточкаси орқали амалга оширишда устама нарх қўйилаётганини маълум қилган.
Ушбу мурожаат бўйича Андижон шаҳар Давлат солиқ инспекцияси ходимлари томонидан текширув ўтказилганида, дўкон сотувчиси харидордан банк пластик карточкаси орқали тўловни 4 минг сўм устама ҳақ билан олгани маълум бўлди. Мазкур ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг 119-моддаси 1-қисмига асосан энг кам иш ҳақининг 30 баробари миқдорида молиявий жарима қўлланилиб, жамият мансабдор шахслари маъмурий жавобгарликка тортилди.
Яна бир мурожаатга асосан ўтказилган текширишда “Холис” савдо маркази кийим-кечак павильонидаги 68-сонли савдо дўконида 25 минг сўмлик харид учун касса чеки берилмагани, тадбиркор Б.А. харидорнинг 10 минг сўм нақд пулини олиб, уни кассага эмас, “кисса”га ургани аниқланган. Бу ҳолат юзасидан тегишли баённома тузилиб, чора кўриш учун тегишли суд органига юборилди.