...
МЕНЮ
ONLINE TV

Андижон воқеалари ҳақидаги ғарбни ўзига қаратган афсоналарда ҳақиқат борми?


21:45, 19.05.2017 Жамият
 7 177

Баъзи оммавий ахборот воситалари “тинч намойишчилар ўққа тутилди” дея ўз ҳомийлари, яъни халқаро ноҳукумат ташкилотлар томонидан уқтирилган гапларни такрорлашга мажбур бўлмоқда.

“Ҳар баҳорда шу бўлар такрор” деганларидек май ойи кириб келиши билан турли оммавий ахборот воситаларида 2005 йилги Андижон воқеалари ҳақида туркум мақолалар урчийди. Ушбу материаллар муаллифлари йиллар ўтса-да бир хил мазмундаги гап-сўзларни чайнайверади. Улар ўн икки йилдан бери Андижондаги фожиали кунлар ҳақида бир томонлама баҳо беришдан нарига ўта олишмаяпти.
 
Баъзи оммавий ахборот воситалари “тинч намойишчилар ўққа тутилди” дея ўз ҳомийлари, яъни халқаро ноҳукумат ташкилотлар томонидан уқтирилган гапларни такрорлашга мажбур бўлмоқда. “Пулини тўлаган қўшиққа буюртма беради”, деб бежизга айтишмайди. Эътиборли жиҳати, бунда аниқ далиллар, ишончли фактлар асосида эмас, балки ўз ақли ёки онги доирасида, яъни ўз билганича хулоса чиқаришга уринишади.
 
2016 йилнинг октябрида Ж.Хопкинс университети ҳузуридаги Марказий Осиё ва Кавказ институтида бўлиб ўтган “Андижон (воқеалари)га янгича назар” деб номланган семинарда қилинган маърузалар бундай мужмал гап-сўзларнинг бутунлай тескарисини кўрсатди. Марказий Осиё ва Кавказ институти директори Фредерик Старр, мазкур институтнинг етакчи илмий ходими Ж.Дейли ҳамда Пентагон вакили, 2005 йилда АҚШнинг Тошкентдаги элчихонаси ходими бўлиб ишлаган Ж.Хартман мазкур семинар ташкилотчилари бўлишди.
 
Ф.Старр семинарни очар экан, Андижонда ўша кунлардаги “вазиятни баҳолашда тўғри ёндашиш зарурлиги”ни таъкидлади. Унинг фикрича, ўшанда “шаҳардаги вазият экстремистик кучлар мамлакатда ҳокимиятни қўлга олиш учун уринганининг барча белгилари борлигини кўрсатди”.
 
Ж.Хартманнинг қайд этишича, бугун ҳеч қандай шубҳа йўқки, ўшанда жангарилар маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ва жазони ижро этиш идораларига ҳужум қилиш орқали давлат тўнтаришини амалга оширишга уринган. Экстремистларнинг олдиндан ўйланган ҳаракати туфайли қурбонлар сони кўп бўлди. Ҳукумат кучлари ва жангарилар ўртасидаги тўқнашувда икки томондан 200 га яқин киши ҳалок бўлган.
 
Ж.Хартман яна шуни алоҳида қайд этдики, ўша куни Американинг бирор-бир йирик газетаси ёки телеканали Тошкентда ўз мухбирига эга эмас эди. Бу атрофда фақатгина Москвада америкалик мухбир бор эди. Америка оммавий ахборот воситаларининг Россиядаги ходимлари эса ўзбек тилини умуман билмас, Ўзбекистон ҳақида ахборотга эга эмас эди. Шунинг учун улар фақатгина халқаро ташкилотларнинг маърузаларига асосланиб иш тутишга мажбур бўлишган.
 
Шу сабабли Андижон ҳақида материалларнинг жуда кам қисми ишончли бўлиб, аксарият қисми ҳақиқатга тўғри келмасди.
 
Америкалик дипломатнинг фикрича, Ғарб оммавий ахборот воситалари ўртасидаги носоғлом рақобат бунга сабаб бўлди. Чунки улар “янгиликлар пойгаси”да ишончли ахборотни эмас, балки “қайноқ ахборот”ни беришга киришиб кетган эди.
 
Ж.Дейлининг таъкидлашича, ўша кундаги воқеа ҳақида бевосита гувоҳлар, уни ўз кўзи билан кўрганлар ёзишмади. Натижада қурбонлар сони тасаввурга сиғмас даражада ўсди, шунчаки бўрттириб кўрсатилди. Ғарб оммавий ахборот воситалари ва ноҳукумат ташкилотлари томонидан тўқиб чиқарилган “Андижон картинаси”га мантиқан тўғри келмайдиган далилларга кўз юмилди. Ҳар куни ушбу шаҳарда аслида нима бўлганини тушуниш мураккаблашиб борди. Ҳақиқат эса сиёсий мақсад ортига яширинган экан.
 
Шу билан бирга, Ж.Дейли маълум қилишича, Ўзбекистон ҳукумати жангарилар шаҳарда тартибсизлик, алғов-далғовни юзага келтириш мақсадида зўравонликка қўл урганини алоҳида таъкидлаган. Экстремистлар қўлида қурол-яроғ, асирлар борлиги, ҳар жойда снайперлар, “Молотов коктейли” билан қуролланган шахслар жойлаштирилгани, террористларнинг инқирозни тинч йўл билан ҳал қилиш бўйича ҳокимият билан музокараларга кескин қарши бўлгани далил сифатида келтирилган.
 
Америкалик экспертнинг фикрича, ғарб мамлакатлари оммавий ахборот воситалари ва ноҳукумат ташкилотларининг Андижон воқеалари бўйича тусмоллари, яъни тўқима афсоналари Ўзбекистон томонидан ишончли далиллар асосида рад этилган. 2006 йилда воқеа жойидан олинган видеотасвирлар Ғарб мамлакатларигача етиб борди. Уларда Ўзбекистон ҳукуматининг хулосалари амалда ўз тасдиғини топди. Аммо ғарб жамоатчилиги онгида ўша воқеалар бўйича стереотип қарашлар аллақачон шаклланиб бўлган эди. Ғарб ноҳукумат ташкилотлари ўз айбини тан олмасдан, хатоларини иложи борича яширишга ҳаракат қилишди. Оқибатда “видеодалиллар”га ё эътибор қаратилмади, ё “ўзбек ҳукуматининг ташвиқот материали” деб бонг урилди.
 
Андижон фожеасидаги энг муҳим жиҳат шундаки, ушбу воқеалар ёш дунёвий мамлакатимиз учун оғир синов бўлди. Дунё жамоатчилиги эса Ғарб оммавий ахборот воситалари ва халқаро ноҳукумат ташкилотлари томонидан “тўқилган афсоналар” таъсирига тушиб қолди. Агар Ғарб экстремизм ва терроризмга қарши ҳақиқатан ҳам курашмоқчи бўлса, охирги пайтларда Европанинг катта-кичик шаҳарларини қамраб олаётган террористик ҳужумларни инобатга олган ҳолда Андижон воқеаларидан сабоқ чиқариши, тўғри хулоса қилиши лозим. 
Эркин Илҳомов,
мустақил сиёсатшунос

 

Теглар:Андижон воқеалари 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!

Тавсия

Сўровлар

Сиз қайси яхна ичимликларни ичасиз?

Барча сўровлар