Бир машинада икки киши турарди. — Илтимос, биз билан юринг, — деди улардан бири дадамга.
Одатий кунларнинг бири. Кечки овқатдан кейин мен лицей (АндМИИ қошидаги Бўстон академик лицейи) ётоқхонасида дарс тайёрлаб ўтирардим. Ўқув йили якунланиб қолган, имтиҳонлар бошланган, лекин кўпчилик ўқувчилар шу якунни нишонлаш мақсадида ётоқхона коридоридаги телевизорни ёқиб, тинмай ашула қўядиган канал(у пайтларда “Шарқ” дегани машҳур эди)га олиб, ўзларича рақсга ҳам тушишарди. Мен энди биринчи босқичда ўқийман, иккинчи ва учинчи курсдагиларнинг “дед”лигидан биз кўпинча хонада ўтирардик...
Бир вақт шовқиндан уйғониб кетдим. Китоб-дафтарлар устида қотиб қолган эканман. Коридорда ўқувчилар ғала-ғовури эшитилди. Соатга қарадим: тунги 12:06. Шу пайт яна нима бўлди экан, деб ўйладим. Яна кимдир “дед”ларимизнинг ғашига теккандир. Ўрнимдан туриб, атрофимни тартибга солдим. Шу пайт хонадош дўстим Дилшод югуриб кириб келди. Нимагадир хурсанд эди. Ўзи у шунақа қитмирликлар қилиб юрарди, тағин бир нима бошлагандир, деган хаёл ўтди.
— Тур, Бобур, ухловрасанми? Сенга зўр нарса кўрсатаман, — деб мени хонадан судраб олиб чиқиб кетди.
Биз иккинчи қаватдан учинчига чиқдик. Ётоқхонамиздан нарироқда қамоқхона бор эди, буни ҳамма биларди. Дилшод ўша томондаги хоналардан бирига кириб, деразани очди. Биздан бошқа ўқувчилар ҳам уйғоқлигини энди сезибман. Шу пайт “пақ” этган товуш капалагимни учирди. Бу овоз яна бир неча марта такрорланди. Мен нима бўлаётганини тушунмасдим, қолганлар эса нимагадир хурсандларча қий-чув қилишарди...
— Кўряпсанми, отишма бошланди! — Дилшоднинг овози хаёлимни бўлди. — Бияқда турма кетди-ёв...
У гўё кинолардагидек иржайиб қўяр, гоҳ у деразага, гоҳ бу деразага ўтиб, ҳар замонда қийқириб қўярди. Бу ҳолат тарбиячи опаларимиз чиққунча давом этди. Кейин тарбиячилар ҳаммани иккинчи қаватга қувди. Барибир анча вақтгача ётоқхонада жимлик кузатилмади...
Эрталаблари ҳамманинг жонига тегиб, бақир-чақир қилиб уйғотадиган навбатчи домламиз бу сафар негадир ҳаяллаб қолди. Кўзимни очиб, шу хаёл билан жойимда чўзилиб ётардим. Дилшод оғзини очганча донг қотган. Кечқурун нима бўлдийкин-а? Ростданам қамоқхона томонда отишма товуши эшитилдими? Биронта маҳбус қочиб кетдимикан? Ётоқхонамизга яшириниб олган бўлса-я? Йўғ-е, деб чўчиб тушдим. Ие, соат 8дан ҳам ўтибди, бизни ҳеч ким уйғотмасмикан?
Охири ётавериб зерикканимдан ўзим турдим. Коридорга чиқдим — сув қуйгандек жим-жит, ҳамма маза қилиб ухлаяпти. Тавба, ўқишга чиқмаймизми? Бугун “Тарих”дан имтиҳоним бор эди. Ҳожатга бормоқчи бўлиб, биринчи қаватга тушдим. Ҳожатхонамиз ташқарида эди, ётоқхонамиздан эллик метрлар узоқда. Лекин бинодан чиқишга қоровул рухсат бермади. Нимагалигини ҳам айтмади, “билмиман”, деди. Ортимга қайтдим...
Чойни ичиб бўлгач, яна чўзилдим. Нимага бизни ташқарига чиқармаяпти? Кечқурунги отишма билан боғлиқмасмикан бу? Ёки ростданам бирор маҳбус лицейимизгами, ётоқхонамизгами кириб олдимикан? Ётоқхонага-ку кирмагани аниқ, бўлмаса, биз бунақа ётмасдик. Деразадан ҳам қарадим, лицейимиз томонда жимлик. Яна нима бўлиши мумкин? Боя Дилшод бир гап топиб келди: лицейимиз директори, бўйи пастаккина, қошлари қалин, чап юзида думалоқ бир эти ортиқча бўлиб чиқиб қолган одам ва унинг ўринбосари пастда ғимирлаб қолишибди. Йўқ, нимадир бўлган!
Шу хаёллар билан ётганимда яна Дилшод хонага учиб кирди.
— Тур, нарсаларингни йиғиштир, сени сўраб келишибди. Даденг бўса керак, уйга кетасан, — деди-да, яна чиқиб кетди.
Аввалига ҳайрон бўлдим, кейин секин юзимга табассум югурди. Биринчидан, шу ўқишдан эрта кетаётганим учун (ҳафтанинг шанба кунлари жавоб беришарди), иккинчидан, анави отишма хабарини билмоқчи ҳам эдим. Апил-тапил нарсаларимни сумкага жойладиму, хонадан чиқдим. Коридорда ҳамма менга қараб турарди. Дилшод сумкаларимни кўтаришворадиган бўлди. Қизиқ, кетаётганимда ҳеч ким бунақа пойламасди, нега бугун барчанинг кўзи менда ва мўлтираганмиди-ей...
Қоровулхонада дадам мени қучоғига олди. Директоримиз, унинг ўринбосари, навбатчи ўқитувчи ва тарбиячи опамиз ҳам турган экан. Дадам улар билан хайрлашдию, “кетдик, ўғлим”, деди. Мен ҳам Дилшод билан хўшлашдиму, унинг кўзида тағин ўша мўлтирашни кўрдим. Дадам буни сезди шекилли (Дилшод билан дўст эканимизни айтган эдим), директордан уни ҳам олиб кетишни сўради.
— Агар жавобгарлигини олсангиз... — деди директоримиз совуққина қилиб.
Шундан сўнг биз олдинига ётоқхонани, кейин эса лицейни тарк этдик. Унгача иккимиз ҳам чурқ этмадик. Кўчага чиққач, дадам икки қўлини белига қўйиб, “энди нима қилсак экан?”, дегандек туриб қолди. Мен жавобсиз қолаётган саволларимни бериш фурсати келганидан қувондим.
— Дада, нима бўляпти? Кечқурун отишма эшитдик...
Гапим оғзимда қолди. Дадам кўрсаткич бармоғини лабига босиб, “жим” деди. Кейин пиёда юра бошладик. Тушунишимча, бизга такси (ёки бирорта машина) керак эди.
— Дилшодни оволмадик-да, — деди дадам ниҳоят. — Шунчаки вазият қанақалигини билмиман-да, болам, бўлмаса, уйга опкетардик. — Дадам менга қараб, ҳеч нима тушунмаганимни англади. — Кечқурун отишма бўпти ростданам, турмани бузишган, ҳозир ҳокимиятни эгаллашган. Ашяқ билан келдим-да, пияда.
Ҳа, кимлигини билмадиму, лекин ҳақиқатдан ҳам отишма бўлибди. Шунинг учун бизни ҳеч қаерга чиқармаётган экан-да, ота-онаси келиб, олиб кетиши мумкинлигини энди билдим. Шу маҳалда қаёқдандир бир “Тико” кўринди, олдимизга тўхтади.
— Қаяққа, акалар? — сўради ҳайдовчи қувларча боқиб.
— Клиникага боришимиз керак, — деди дадам худди бунинг иложи йўқдек.
— Хўп, ўтирийлар.
— Эшитмадизми, йўллар ёпиқ...
— Биламан, — деди ҳайдовчи. — Обориб қўяман, рози қиселар бўлди.
Машинага ўтирдик. Ҳайдовчи ўзи айтгандек, “бунақаси юриб, чапга бурилиб, бозор тепаси билан Эски шаҳар орқасидан” ўтиб, бизни клиникага ташлаб қўйди. У ерда дадамнинг ҳайдовчиси бизни кутиб турган экан...
Уй ичидан оқиб ўтадиган ариқчадаги сувнинг шилдираши эрталаблари жуда ёқимли. Айниқса, унга қушлар ҳам жўр бўлса. Дадам чойни ичиб, кийингач, дарвоза олдида кутиб турган хизмат машинасига ўтирди. У пайтларда “Ҳимоя” деган газетанинг бош муҳаррири эди. Машина қишлоқдан чиққач, шаҳарга кириб бораркан, дадамнинг кўкраги бир санчиб қўйди. “Тинчликмикан?”, деди дадам ичида. Андижон олимпия захиралари коллежи ёнига етганда (клиника тараф) машиналар тўпланиб турганига, йўл ёпилганига кўзи тушди. Автоҳалокат бўлганмикан, деб ўйлади дадам. Манзилга етгач, машинадан тушиб, мелисалар олдига борди. Ўзини таништириб, вазиятни билмоқчи бўлди.
— Ака, бизам ҳиш нима билмимиз. Буйруқ бор, айтишларича, турмадан одам қочган...
Шу ерга келганда дадам кўзини юмди. Кўкраги бу гал қаттиқроқ санчиди. “Ўғлим”, деб юборди овози чиқар-чиқмас. Лицейдагилар тинчмикан? Бобур нима қиляптийкин? Мелиса йигит бу саволларга жавоб беролмади. Машинага рухсат йўқ бўлса, пиёда борса бўлар, деган ўйда турган эди, ҳалиги мелиса буни сезгандек:
— Пияда борас энди, ака, — деди.
Дадам ҳайдовчисига вазиятни тушунтириб, қайтгунича шу ерда кутишини айтди. Панжарали тўсиқ оралаб ўтиб, секин йўлга тушди. Атрофда одам кам, машина йўқлигидан йўлнинг ўртасида бемалол кетарди. “Сой”гача бир амаллаб етди-да, бироз тин олди. Сўнг тағин йўлга тушди. Эски шаҳарга яқинлашгани сари одамлар сони кўпайиб борди. Лекин бирорта ҳам ҳарбий ёки мелиса кийимидаги одам кўринмади...
Алишер Навоий номидаги боғ рўпарасида жойлашган Заҳириддин Бобур ҳайкали атрофида бир оломон одам тўпланган, кимдир от минган Бобур ҳайкалига чиқиб, карнай орқали оломонга нималарнидир гапирарди. Одамлар қизиқувчан бўлгани учун у ерга ёпирилиб борардию, лекин бир муддат тинглаб тургач, қўл силтаб, йўлида давом этарди. Ундан кўра, ишимга бораман, молимга қарайман, боламни боғчага (ё мактабга) обораман, деб ўйлайди ўзбек, бу сафсатанг нима бўпти. Дадам бу вазиятни яхши тушунгани учун даъватга учмади. Ҳам тезроқ мени кўришни истарди. Шунинг учун йўлка бўйлаб ўз йўлида давом этди. Навоий шоҳкўчасидан борар экан, даҳшатли манзарага энди дуч келди. Кечаси нима бўлганидан бехабар баъзи одамлар ишга келган, уларнинг ичида амалдорлари ҳам бор эди. Йўл четида айрим жойларда мурдалар кўзга ташланди. Бир қорин қўйган мансабдорни юзини қандайдир латта билан ўраб олган қуролли одам вилоят ҳокимлигига олиб кириб кетди. Шундагина дадам уруш “ҳидини” сезди. Афғонистонда кечган икки йиллик умри бир зумга кўзи олдидан ўтди. Натижада, қадамини тезлатиб, тезроқ манзилга боришга ва мени уйга олиб кетишга ошиқа бошлади...
Мени қандай олиб кетгани сизга маълум. Буни дадам кейинчалик бизга айтиб берган эди. Ўша куни, эртасига ҳам Андижон халқи бироз қўрқувда яшади...
Ўша машъум воқеанинг учинчи куни... Биз ҳам ҳеч қаерга чиқмадик. На бир газетда, на бир радиода ва на бир телевидениеда бу ҳақда гапиришди шу уч кун ичида. Энг ёмон нарса — мавҳумлик. Андижон халқи учун далда керак эди. Якшанба куни кечга томон уйимизга дадамни сўраб келишди. Бир машинада икки киши турарди.
— Илтимос, биз билан юринг, — деди улардан бири дадамга.
Дадам нимага деб сўрамади. Нимага сўрамаганини ҳозиргача ўзи ҳам билмайди. Лекин кўнгилни тўғри қилиб, юборилган машинада шаҳарга кетди... Машина тўғри “Андижоннома” таҳририятига (Андижон вилоят ҳокимлиги газетаси) етиб келди. Дадам янада ҳайратланди: чунки бу ерда ишламайди-ку. Ичкарида тағин икки журналист, икки техник ходим, қолаверса, ҳокимиятдан, тегишли жойлардан одамлар бор эди.
— Келинг, Набижон, келинг, — деб кутиб олди бош муҳаррир. — Узр, кеч бўлганда безовта қилдик. Бизга ёрдамиз керак бўп қолди. Эрталаб газетамиз чиқиши керак. Ашинчун биринчи бетга “заказ” бир нима ёзиб беринг. Даҳшат бўлсин, ўқиган одам “Воҳ!” деворсин! Сизга ишанамиз, мана, хона, лекин чироқ йўқ, ой нури бор, илҳом бағишледи. Сизга ярим соат вақт берамиз, илтимос... Унгача ҳеч ким безовта қимейди.
Дадам хонага кирди. Эшик ёпилди. Чироққа ўрганган кўзнинг деразадан тушиб турган ой нурига мослашиши қийинроқ бўлди. Стулга ўтириб, деразани қия очди, салқин шабада кирди. Бир зумга Афғон уруши хаёлидан ярқ этиб ўтди. Сўнг ўша кунги манзаралар: даъватчиларнинг ҳайқириғи, мурдалар, ёниб кетган автобус, Андижон кўчаларининг қонга беланиши кўз олдидан ўта бошлади. Андижон халқининг маълум муддат қўрқув ичида қолгани хаёлига келди. Дадам қўлига ручкани олиб, қоғозга ёза бошлади:
“Она Андижон!
Биламан, бу кун сенга жуда-жуда оғир. Чунки тонгларинг қаро-қаро отиб, кўксинг хиёнатчилар қилмишидан пора-пора бўлди-да, бағринг алвон-алвон қонларга тўлди. Ҳа, азизим, бу кун бағринг қон, кўзларингда ёш. Бу ёшлар, афсус, ўкинч ёшларидир. Сен бутун мамлакатга ҳалол меҳнатинг, янги-янги ташаббусларинг, ватанпарвар фарзандларинг, яратувчанлигинг билан танилгандинг. Оламга, одамларга яхшиликлар, эзгуликлар улашиб толмасдинг, онажон! Энди эса ёвузлик отган ўқдан вужудинг яраланиб, мунғайиб турибсан...
Йўқ, жоним Ватаним, меҳрибоним, чиройлигим! Жаннатларга қиёс Ўзбекистонимизнинг гавҳар гўшаси, азизим, суюклигим, йўқ! Қаддингни кўтар, мунғайма, онажон! Сенинг кўзларингдан оққан маржон-маржон ёшларни артувчи, қон сизган яраларингга малҳам бўлгувчи фарзандларинг бор ҳали. Улар сенинг тинч ва осуда кунларингни, сокин-сокин тунларингни жаҳолату таҳлика, зулмату қўрқув салтанатига алишмайдилар. Ишон, улар сенинг корингга ярашга, сенинг тинчлигинг учун кўксиларини қалқон қилишга тайёрлар.
Азиз юртдошлар!
Қадимий ва гўзал Андижонимизнинг сўзи кескир, мард ва танти, яхшиликпеша аҳли! Не ғафлат босди бизларни?! Тинчлик-хотиржамлигимизни кимларга бериб қўйдик, биродарлар?!
Аё, ёшлар — укаларим, жигарларим!
Кўзингизни очинг, Ватан олдидаги ўз сўзингизни айтинг, бурчингизни ўтанг, йигитлар! Бу кун Ватан сизнинг шижоатингизга, меҳрингизга муҳтож. Ватан корига яранг, азизларим!..”
Шу ерига келганда бироз тин олди. Шу лаҳза яна Афғон уруши хотиралари хаёлини бир зумга банд этди. Ручка қоғоз узра юра бошлади:
“...Мен уруш кўрган одамман. Тинчлигини йўқотган, уруш исканжасида қолган халқ не кўйларга тушишини ўз кўзим билан кўрганман. У кунлардан Аллоҳнинг ўзи асрасин. Аммо бизнинг осуда ҳаётимизга раҳна солаётганлар, ёлғон ғояларни олға суриб, сафсата сотаётганлар эртага не кўйларга тушмоғимизни тасаввур ҳам қилолмайдилар. Чунки, одам ўлдиришдан, вайрон этишдан қўрқмаганлардан ҳар нени кутиш мумкин. Аслида дунёдаги барча ғоялару сиёсий сафсаталар биргина инсон жонидан ҳам азиз эмас, биз шуни англамоғимиз лозим.
Азиз ёшлар!
Мен сизларга такрор ва такрор мурожаат қилмоқдан толмайман, илло, сўзларимни англамоғингизни истайман. Чунки эртага шу юртда сизлар яшайсизлар, оила қуриб, фарзанд ўстирасизлар. Наҳотки, уларнинг вайрон бўлган, зўравонлар ин қурган бир маконда яшамоғини истасангиз?! Инсон қонидан сесканмаган одамкушларнинг ниятлари ана шундай эмасми ахир?! Муқаддас динимизнинг инсонпарварлик аҳкомларини ҳам поймол этаётган ўшалар эмасми?! Ахир чин мусулмон киши нафақат инсонга, ҳатто ҳайвоноту набототдан тортиб, кичик ҳашаротга ҳам озор бермоқликдан тийилади-ку. Улар эса неча-неча бегуноҳ инсонларнинг азиз жонларига қасд қилиб, қанча-қанча эзгу орзуларни абас этдилар...”
Қия очиқ деразадан кирган шабада терлаган пешанасига жуда ёқиб кетди. Энди якунловчи қисмга келди, илҳомни қўйиб юбормаслик керак:
“...Мен 13 май куни эрталаб шаҳарда рўй берган воқеаларнинг гувоҳи бўлдим. Бир тўда бузғунчилар вилоят ҳокимлиги олдида намойиш ўтказдилар. Атрофда биронта ҳарбий ёки милиция ходими кўринмасди. Ҳайрон бўлдим. Бу муҳтарам Юртбошимизнинг қон тўкилишининг олдини олувчи, доноларча тадбири эканлигини кейин билдим. Агар ўша пайтда бу ишга ҳарбийлар аралашсалар, кўп қон тўкилиши мумкин эди. шунингдек, жиноятчиларнинг даъватларига юртдошларимизнинг бирортаси ҳам эргашмади. Мен бундан жуда-жуда фахрланиб кетдим. Илло, доно йўлбошчиси бўлган бу аҳил ва оқил халқ гўзал ҳамда осуда ҳаётга муносибдир.
Ҳаққи рост — умр ўткинчи. Аллоҳдан бошқа ҳаммаси ўтаверади — шоҳлар ҳам, гадолар ҳам, дунёга эгалик даъвосидаги ғоялар ҳам. Ҳамма-ҳаммаси ўтади. Аммо Аллоҳ мукаррам этган инсон отлиғ мавжудот бор экан, Ватан деган, тинчлик деган эзгу тушунчалар яхши кишилар учун муқаддас бўлиб қолаверади. Ёмонлар бизнинг ана ўша муқаддас туйғуларимизга дахл қиладилар. Шундай экан, азиз Ватанимиз тақдирига, тинчлигимизга бефарқ бўлмайлик, қадрли ёшлар!
Онажоним, Андижоним, азизим!
Йиғлама! Сенинг Отанг бор, ғамхўру меҳрибонинг, посбонинг бор! Яна азиз фарзандларинг бор. Улар сенинг учун, сенинг эртанг учун оёққа турмоқдалар. Улар бўлмағур фисқу фасодларга эмас, сенинг сўзларингга қулоқ тутаётирлар.
Биз сенинг билан биргамиз, эй она-Ватан, эй жон Андижоним!*”
Дадам шу ерига келганда чуқур уҳ тортиб, ичидагини чиқариб юборди. Сўнг қоғоз тагига “Наби Жалолиддин” деб имзо чекди. Ручкани қўйиб, қоғоз билан хонадан чиқди. Бош муҳаррир дадамга сув тутди-да, қўлёзмани олиб, хонасига кириб кетди...
Маълум муддат ўтгач, бошқа ишларга шўнғиб кетган дадамнинг қаршисига бош муҳаррир учиб келди. Маҳкам қучоқлаб, кўзидаги ёшни артди:
— Ярим соатда шунчалими, Набижон!..
Илова: ушбу эссе “Андижоннома” газетасининг 2005 йил 16 майдаги сонининг биринчи саҳифасида чоп қилинган. Ўша пайтда ҳали ҳеч ерда 13 май ҳақида бирор гап ошкор этилмаган эди. Фақатгина хориж ОАВ орқали ҳар хил миш-мишлар, бўҳтонлар, лофлар ёзилаётган эди. Бу газета нашр қилингандан кейин Ватанимизнинг барча газеталарию радиоларида, телевидениеларида юртимизни, тинчлигимизни мадҳ этувчи мақолалар, эшиттиришлар, кўрсатувлар босиб кетди.
6 август, 2014 йил