4 кг гўшт уриб қолингани ва қатор камчиликлар сабаб В.Мухаммедова, ошпаз Э.Мамаедова, омбор мудири Д.Дадаходжаева лавозимидан озод этилган.
Вазирнинг йўли Тошкент шаҳар Юнусобод туманидаги 206-МТМга тушди. Соат 12:20 бўлишига қарамай, боғча тарбияланувчилари учун тушлик ташкил этилмаганди. Боғча мудираси эса вазиятдан чиқиш мақсадида меҳмонларга тайёрлов гуруҳдаги ўқув-тарбия жараёни билан танишишни таклиф қилди. Вазир бошчилигидаги масъуллар эътиборини боғчанинг тайёрлов гуруҳи тарбиячиси Диляра Эгамбердиева ўтказаётган навбатдаги машғулотлар ўзига жалб қилди. Болалар шу қадар машғулотларга қизиқиб кетишганки, ҳатто, меҳмонларнинг гуруҳга кириб келганлигини ҳам сезмай қолишди.
Боғча опанинг таълим-тарбия бериш методикасини юқори боҳолаган вазир, ушбу мактабгача таълим муасасасида соғлом овқатлантириш жараёни ҳам тўғри ташкил этилганлигига амин бўлиш мақсадида ошхонага йўл олди.
Афсуски, ошхонадаги ҳолат кутилган натижани бермади. Таомнома бўйича иккинчи қайлали ноҳотли бўтқа пишиш арафасида бўлса-да, унинг ичида хозиргина солинган хом гўшт борлиги ҳаммани ҳайратга солди. Аниқланишича, ошпаз Э.Мамедова таомнома бўйича тушликдаги иккинчи овқатга берилиши лозим бўлган 35,22 кг гўштдан қарийб 4 кгсини уриб қолиб, 31 кг гўшт ишлатган экан. Вазирнинг ташрифидан эсанкираган ошпаз уриб қолинган 4 кг гўштни пишай деб турган овқатга солиб юборган. Шу боис тушлик кечиккан.
Юнусобод туманидаги 206-мактабгача таълим муассасасининг ошхона фаолияти талаб даражасида йўлга қўйилмаганлиги билан бирга, боғчада кун тартиби бузилганлиги ҳам аниқланган. Шунингдек, мазкур боғчанинг қуввати 540 нафар болага мўлжалланган бўлишига қарамай, 2018 йилнинг 1 январь холатига тарбияланувчилар сони 740 нафарни ташкил қилаётгани маълум бўлган. Устига-устак болалар боғчаси биносининг биринчи блоги туман хокимияти томонидан Маҳалла қўмитасига берилган. Йўл қўйилган ана шу камчиликларни бартараф этиш ҳамда келгусида такрорланмаслигини олдини олиш мақсадида 206-мактабгача таълим муассасаси мудираси В.Мухаммедова, ошпаз Э.Мамаедова, омбор мудири Д.Дадаходжаевалар билан тузилган меҳнат шартномаси бекор қилинди. Шунингдек, боғча ҳамшираси Ш.Таштаевага интизомий жазо чораси қўлланилди.