Ўзбекистоннинг Қатардаги Элчиси ишонч ёрлиқларини топширди.
Қисқа маросимдан кейин бўлиб ўтган суҳбатда Қатар амири ўринбосари Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевга амир Тамим бин Ҳамад Ал Сонийнинг самимий ҳурмат ва эҳтиромини етказиб қўйишни сўради.
“Биз Ўзбекистон раҳбариятининг Марказий Осиёда минтақавий интеграция, барқарорлик ва тинчликни таъминлаш, шунингдек араб-мусулмон дунёси давлатлари билан ҳамкорликни ривожлантириш борасидаги фаол ташқи сиёсатини қўллаб-қувватлаймиз”, деди амир ўринбосари.
Томонлар икки давлат ўртасидаги савдо-иқтисодий, инвестицион ва молиявий-техник ҳамкорликни жадаллаштириш муҳимлигини эътироф этдилар. Ўзбекистонда чет эл инвестициялари учун яратилган қулай шароитлар унинг иқтисодиётига Қатар инвестицияларининг жалб қилинишига замин яратиши таъкидланди.
Шайх Абдулла бин Ал Соний Ўзбекистон раҳбарига чуқур ҳурматини изҳор этди ва соғлик, бахт ва мамлакатнинг барқарор ривожланишини таъминлаш борасида ўз олдига қўйган барча вазифаларни амалга оширишида улкан ютуқлар, ўзбек халқига тараққиёт ва тинчлик тилади.