Моратанинг трансфери “Челси”га 80 млн еврога тушди ва Альваро футбол тарихидаги энг қиммат испаниялик футболчига айланди. Бироқ...
Айни пайтда Англия чемпионатида беш марта майдонга тушиб, учта гол уришга муваффақ бўлган Альваро Мората “Реал”дан кетиши, Англияда танқидларга учрагани ва 2018 йил Россияда бўлиб ўтадиган жаҳон чемпионатида иштирок этишни истаётганлиги хусусида фикр билдириб ўтди.
“ ...Тўғрисини айтсам, “Реал” бош мураббийи Зинеддин Зидан мени Мадридда қолишимни истаганди. Заҳира ўйинчиси бўлиб қолишни ўзим хоҳламадим.
Испанияда барча шароитлар қулай эди, аммо қулайликларидан воз кечиб қийин ҳаётга ўрганишимга тўғри келди.
Футбол ўйнашим керак, ғалабаларга ташнаман. Қанча кўп майдонга тушиб, шунча кўп гол урсам, Испания терма жамоасидаги фаолиятимга фойда бўлади. Россияга боришни ҳаммадан кўпроқ истайман.
Англияга келганимдаёқ пенальтини тўғри амалга ошира олмаганимдан сўнг қандайдир кучли босимни ҳис этдим. Мухлислар ва мутахассислар томонидан турли хил танқидларга учрадим.
Бироқ танқид мени янада кучли бўлишга ундади. Мени танқид қилаётганларнинг сўзлари нотўғри эканлигини исботламоқчиман.
Ўз устимда аввалгидан ҳам кўпроқ иш олиб боряпман”, дейди Мората.
Маълумот учун, Моратанинг трансфери “Челси”га 80 млн еврога тушди ва Альваро футбол тарихидаги энг қиммат испаниялик футболчига айланди.