...
МЕНЮ
ONLINE TV

Алишер Усмонов “Арсенал”дан кейин қайси жамоани кўз остига олди?


15:24, 27.08.2018 Спорт
 4 590

Усмонов “Арсенал”дан ташқари , “Бавария”, “Милан” ва “Рома” клубларининг мухлиси эканини маълум қилган.

Аввалроқ, россиялик миллиардер Алишер Усмонов ўзига тегишли “Арсенал” клубининг 30 фоиз акцияларини “тўпчилар”нинг асосий акционери Стэн Кронкега сотиб юборгани ҳақида хабар берган эдик.
 
Келишувдан бироз ўтгач, Усмонов шу билан футбол бизнесини бутунлай ташлаб қўймаслигини таъкидлади. Усмонов “Арсенал”дан ташқари , “Бавария”, “Милан” ва “Рома” клубларининг мухлиси эканини маълум қилган ҳамда фойдали таклиф бўлса инвестиция киритишга тайёрлигини билдирган.
 
Бироқ санаб ўтилган вариантлар баъзи омиллар сабаб Усмонов учун у даражада истиқболли эмас. Негаки, немис футболида жамоа акцияларининг назорат пакети (50+1) клубда қолиши керак. Бу қоида билан ҳар қанча маблағ билан ҳам бошқарувни қўлга олиб бўлмайди.
 
“Милан” яқиндагина Elliott Management Corp. инвестиция гуруҳи бошқарувига ўтди. Клуб молиявий ҳолатини барқарорлаштириб олмасдан сотилмасилиги аниқ. Римнинг “Рома”си етти йилдирки, америкалик миллиардер Жеймс Палоттега тегишли. Клуб агрессив маркетинг олиб боряпти ва 2020 йилда янги стадионга кўчиб ўтмоқчи.
 
Усмонов учун Ливерпулнинг “Эвертон” клуби нисбатан жозибалироқ бўлиб кўриняпти. Жамоа 140 йиллик тарихга эга.
 
“Эвертон”нинг асосий акционери Усмоновнинг эски қадрдони ва бизнес шериги Фарҳод Мошири ҳисобланади. Улар 1990-йиллар бошида танишганлар, 2007 йилда эса биргаликда “Арсенал” акцияларини сотиб олганлар. 2016 йилда Усмонов Моширининг ҳиссаларини сотиб олган. У бўлса олган пулининг бир қисмига “Эвертон”нинг 49,9 фоиз акциясини сотиб олган.
 
Баъзи манбалар Мошири клуб бошқарувини тўлалигича қўлга олишини таъкидлаяпти. У клуб директорларидан бири Жон Вудснинг 8,9 фоиз акциясини сотиб олиши мумкин. Шундай бўлса, бошқарувни қўлга олгач Мошири уни ўзининг эски қадрдони билан бўлишиши эҳтимолдан ҳоли эмас.
 
Усмонов 2017 йил бошидаёқ Моширининг лойиҳасига қизиқиш билдирганди: USM компанияси йилига 6 млн фунт стерлинг эвазига “Эвертон”нинг Finch Farm машғулот базаси ҳомийсига айланган. Яқинда берган интервьюсида эса миллиардер клубга янада каттароқ инвестиция киритиш “эҳтимоли борлигини” ва агарда Моширини қўллаб-қувватлаш керак бўлса “унга ёрдам беришдан хурсанд бўлишини” айтди. Усмоновдаги имкониятлар билан премьер-лиганинг ўртача жамоасини юқори даражадаги жамоага айлантириш эҳтимоли кескин ошади.
 
Моширин 2,5 йилда бир-нималарга эришди дейиш мумкин. Спорт нуқтаи назаридан қараганда натижалар у даражада яхши эмас. Жамоа трансфер учун 142,4 миллон фунт стерлинг сарфлаб, миллий чемпионатда 8-ўринни эгаллади ва Европа Лигасига чиқа олмади. Бу йил ёзда “Эвертон” трансфер учн 99,8 миллион фунт сарфлади.
 
Аммо клубнинг бизнес кўрсаткичларида ўсиш кўзга ташланмоқда. “Эвертон” 2018 йилда Deloitte топ-20 рейтингига қайтди: клубнинг 2016/17 мавсумдаги даромади 171,2 млн фунт стерлингни ташкил этди ва бу аввалги мавсумга нисбатан 50 млн фунтга кўпдир. Бу асосан Англия премьер-лигасининг янги телевизион шартномаси билан боғлиқ: “Эвертон” 2016/17 йилги чемпионатда 7-ўринни эгаллади ва 130,5 млн фунт олди. Тижорат даромадлари 31% га ошди. 2017/18 йилги мавсумда жамоанинг “либос” ҳомийси ўзгарди. Футболкадаги логотип учун йилига 5,3 млн фунт тўлаган Таиланднинг Gang пивоси ўрнини йилига 9,6 млн фунт стерлинг тўлайдиган Кениянинг SportPesa букмекерлик контораси эгаллади. Бундан ташқари, клуб “енг” ҳомийсини ҳам топди. Компьютер ўйинлари ишлаб чиқарувчи Rovio Entertainment Corporation клуб ҳамкорига айланди. Бу келишув клубга йилига 1-2 миллион фунт даромад келтиради.
 
Янги стадион клуб даромади ўсишида муҳим омил бўлиши керак. 40 минг ўринли эски “Гудисон Парк” стадиони деярли 100%га тўлади (клуб 32 000 та абонемент сотади), аммо  бу йилига камтарона 14,5 млн фунт даромад келтиради (2016/17 йилги мавсум маълумоти). 50 – 55 минг томошабинга мўлжалланган янги стадион эса  янада кўпроқ фойда келтиради. Ливерпуль шаҳар кенгаши “Эвертон” учун Брэмли-Мур-док туманида янги стадион қурилишини маъқуллади ва клубга 280 млн фунт стерлинг кредит ажратишга тайёр. Архитектор Дэн Мейснинг лойиҳаси 450-500 млн фунт деб баҳоланмоқда. “Эвертон” янги стадионга 2022/23 йилги мавсумда кўчиб ўтишни режалаштирган, аммо Усмоновнинг эҳтимолий инвестициялари бу жараённи тезлаштириши мумкин. Айниқса УЕФАнинг фейр-плей қоидалари инфраструктура учун ҳаражатларни клуб даромади билан тенг қилишни талаб қилмайдиган бир ҳолатда бу яна қулай бўлади.
Суннатилла Абдуллаев

Теглар:Алишер Усмонов Фарҳод Мошири Эвертон 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!