...
МЕНЮ
ONLINE TV

Ал-Азҳар университети раҳбари Шавкат Мирзиёевга Абдулфаттоҳ ас-Сисининг саломини етказди


20:00, 11.10.2018 Жамият
 2 130

Аҳмад Муҳаммад Тоййиб Ўзбекистон Президенти қабулида бўлди.

Бугун, 11 октябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 
мамлакатга ташриф билан келган Миср Бош имоми, Ал-Азҳар мажмуаси раҳбари шайх Аҳмад Муҳаммад Тоййибни қабул қилди.
 
Давлат раҳбари меҳмонни қутлар экан, Миср Президенти Абдулфаттоҳ ас-Сисининг шу йил 4-5 сентябрь кунлари Ўзбекистонга амалга оширган расмий ташрифи икки томонлама муносабатларни ривожлантириш йўлида тарихий қадам бўлганини қайд этган.
 
Бугунги кунда муқаддас ислом динининг бағрикенглик тамойилларини, маърифий қадриятларини тарғиб этиш, унинг инсонпарварлик моҳиятини сақлаш, диний-маънавий меросни тадқиқ этиш, турли хавф-хатарларга қарши курашиш борасида Ўзбекистон ва Мисрда катта ишлар қилинаётгани учрашувда баён этилган.
 
Давлат раҳбари Ал-Азҳар университети билан имзоланган ҳамкорлик меморандумлари диний уламолар, олимлар, малакали профессор-ўқитувчилар ва иқтидорли талабалар алмашувини йўлга қўйишда муҳим аҳамиятга эга эканлигини таъкидлаган.
 
Ал-Азҳар ўз таркибида ислом тадқиқотлари академияси, университет, маъҳадлар, жоме масжиди, бир қанча илмий марказларни бирлаштирган йирик расмий диний мажмуа ҳисобланади.
 
Миср Бош имоми Шавкат Мирзиёевга самимий қабул учун чуқур миннатдорлик изҳор этар экан, Миср Президенти Абдулфаттоҳ ас-Сисининг самимий саломлари 
ва эзгу тилакларини етказган.
 
Аҳмад Тоййиб Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан ҳаётнинг барча жабҳаларида амалга оширилаётган кенг миқёсли ислоҳотларни юқори баҳолаган.
 
Ўзбекистонда ислом динининг асл моҳиятини ўрганиш ва тарғиб қилиш, диний-маънавий меросни кенг тадқиқ этиш борасида олиб борилаётган сиёсатни, БМТда илгари сурган қатор ташаббусларини тўлиқ қўллаб-қувватлашини айтган.
 
У ислом дини равнақига катта ҳисса қўшган Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Мотуридий, Абу Муин Насафий, Маҳмуд Замахшарий сингари буюк уламоларнинг бебаҳо илмий меросини биргаликда ўрганиш муҳим эканлигини қайд этган.
 
Шайх Аҳмад Тоййиб Ўзбекистон халқаро ислом академиясининг биринчи фахрий профессори унвони берилгани ўзи учун катта шараф ва эҳтиром экани ҳамда масъулият бағишлашини билдирди.
 
Аҳмад Тоййиб Халқаро ислом академияси таркибида Ал-Азҳар университети кафедрасини ташкил этиш, мисрлик таниқли олимларнинг Ўзбекистонда дарс бериши, Ал-Азҳар магистратурасида талаба ва ёш олимларимизнинг имтиёзли таҳсил олиши, икки давлат уламоларининг қўшма Фатво ҳайъатини тузиш ҳамда биргаликда илмий анжуманларни ва қўшима тадбирларни ўтказиш бўйича таклифларни қўллаб-қувватлаган.
 
Юқори мартабали диний арбоб Ўзбекистон билан муносабатларни нафақат таълим ва гуманитар соҳаларда, балки барча жабҳаларда изчил ривожлантириш ва янги босқичга олиб чиқиш йўлида Миср томонининг саъй-ҳаракатлари қатъийлигига ишонч билдирди.
Суннатилла Абдуллаев

Теглар:Ал-Азҳар Шавкат Мирзиёев Аҳмад Тоййиб 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!

Тавсия

Сўровлар

qalampir.uz сайтини баҳоланг!

Барча сўровлар