Анжелина Жоли ва Брэд Питтнинг ажрашаётгани ҳақида 20 сентябрь куни маълум бўлган эди. Жоли фарзандларининг отаси улар билан шафқатсизларча муомалада бўлган.
Бугун бу жуфтликнинг ўзаро никоҳ шартномаси ҳақидаги маълумотлар ошкор қилинди. Жуфтлик ажрашган тақдирда, умумий мулкнинг бўлиниши тўғрисида аввалдан ҳал қилинган. Уларнинг умумий мулк қиймати 400 миллион долларни ташкил этади.
Жуфтлик 12та турар-жой объектга эгалик қилади. Улардан 7тасини Брэд Питт, 2тасини Анжелина Жоли сотиб олган бўлса, жуфтлик 2014 йилда турмуш қурганларидан сўнг яна 3та уй харид қилишган. Хусусан, Франциядаги вилла, Янги Орлеан ва Нью-Йоркдаги уйлар шулар жумласидандир.
Жуфтликнинг ажрашиш жараёнидаги муҳим масала бу фарзандлар тақдиридир. Ажрашишга ариза берган Анжелина Жоли суддан ўзининг 3 фарзанди ва яна асраб олинган 3 боласини ўзида олиб қолишни сўраган. Отаси Брэд Питт эса фарзандларини дам олиш кунлари кўриб кетиши мумкин бўлади. Бироқ Брэд Питт ҳам фарзандларини ўзида олиб қолишни талаб қилмоқда.
Анжелина Жоли турмуш ўртоғи фарзандлари учун намунали ота бўла олмаётгани ва улар билан қўпол муносабатда эканлигини айтиб даъво қилган. Маълум бўлишича, Жоли хонимнинг ажрашишга ариза беришидан бир ҳафта аввал Брэд Питт оиласи, рафиқаси ва фарзандлари билан шахсий самолётда бўлган вақтида ақл-хушини йўқотиб, фарзандларига бақирган, уларни ҳақоратлаган ва 15 ёшли ўғли Мэддоксга қўл кўтарган. Ўша вақтда актёр маст ҳолда бўлгани тахмин қилинмоқда. Шу сабаб актёрга қарши жиноят иши очилгани ҳам маълум қилинмоқда. Айни вақтда ФБР бу борада тергов ишларини бошлаган. Ўз навбатида Брэд Питт бундай айбловни рад этган.
52 ёшли Брэд Питт ва 41 ёшли Анжелина Жоли 2005 йилдан буён яқин муносабатда бўлишларига қарамасдан, 2014 йил августда турмуш қуришган эди.