Нима учун кўча ҳаракати қоидасини бузган кишига милиция ҳуштак чалади-ю, бутун бир тилни бузаётган одамларга ҳеч ким ҳуштак чалмайди?
Шаҳзода Муҳаммедова ижтимоий тармоқлардаги саҳифасини “Shaxzoda_Muxammedova” деб хато номлаган эди. Аслида эса “Shahzoda_Muhammedova” бўлиши керак. Тўғри, ижтимоий тармоқлардаги бу ҳолат актрисани айблашга ва эътибор қилишга арзимас. Лекин Шаҳзода Муҳаммедова дўкони пештоқига ўз исмини нотўғри ёздиришини нима билан оқлаб бўлади? Дўкон киравериша катта қилиб “Shaxzoda” деб ёзилгани тасвирланган суратларни ижтимоий тармоқларга тинимсиз жойлаб бораётган актрисани интернет фойдаланувчилари саводсизликни тарғиб қилишда айблаб, машҳур инсон бўла туриб бу хатти-ҳаракати билан ўзбек тилига бўлган ҳурматсизлигини ифода этаётганини айтишмоқда.
Бир пайтлар актриса Шаҳзода Муҳаммедовага “Исмингизни нега хато билан ёзасиз”, деб савол берганимизда, “Менга шуниси ёқади”, деб жавоб қайтарганди. Наҳот, у бундай хатоларни назорат қилувчи ташкилотларга ҳам юқоридаги каби “жўяли” жавоб қайтарган бўлса... Мутасадди ташкилотлар, хусусан, ҳокимликлар бундай ҳолатларга қачонгача панжа ортидан қарайди. Буюк адиб, маърифатпарвар Абдулла Қаҳҳор “Нима учун кўча ҳаракати қоидасини бузган кишига милиция ҳуштак чалади-ю, бутун бир тилни бузаётган одамларга ҳеч ким ҳуштак чалмайди?”, деган эди. Бу сўзлар мана неча йиллар ўтса ҳам ўз залворини йўқотмаётгандек. Санъат аҳли ҳар бир хатти-ҳаракати билан одамларга ўрнак экан, бас шунга яраша иш қилгани маъқул. Шаҳзода Муҳаммедова бу сўзлардан тегишли хулоса чиқаради, деб умид қиламиз.