"Турмуш ўртоғим оғир хасталикка чалинган пайтлари оила аъзоларим ёнимда бўла олмай қолишди. Деярли ёлғиз қолиб кетдим".
Клубнинг навбатдаги меҳмони истеъдодли актриса Дилноза Кубаева бўлди. Ушбу дилкаш давра суҳбатида нафақат шу университет, балки бошқа олий таълим муассасаларининг талаба-қизлари ва абитуриентлар иштирок этди. Дилноза Кубаева одоб-ахлоқ, ҳаё ҳақида сўз очар экан, бугунги қизлар портретига яққол далиллар асосида мисоллар билан чизги берди, миллий ўзлигимизни, шарқона тарбияни тарғиб қилди. Шу жумладан, ўзининг ҳаёти ва беғубор болалигини кўзида ёш қалқиб ёдга олди.
“Нимага кулиб юрасиз деб сўрашади. Мен ҳақимдаги “Бу қиз “ниқоб” билан юради”, – деган гаплар юрагимга жуда оғир ботган. Агар инсон “ниқоб” билан юрса, у кўпга бормайди, деб ўйлайман. “Ё аслинг каби кўрин, ё кўринганинг каби бўл” дейишади. Лекин ҳаётда аслини йўқотиб қўйиб, кўрингани каби кўринолмай юрганларни ҳам кўряпман. Ҳаётинг ўзи фикрлашимиз учун энг катта мактаб.
Озми-кўпми бошимга синовлар, елкамга катта юк тушди. Нолимайман, аксинча, хурсанд бўламан. Худо мени синаб, чиниқтириб, чайир қилиб тоблаяпти. Бу ижро этаётган ролларимга ҳам ёрдам беради ҳатто. Ҳаётимда шундай кунлар бўлдики, кулишни ҳам унутиб қўйдим.
Турмуш ўртоғим оғир хасталикка чалинган пайтлари оила аъзоларим ёнимда бўла олмай қолишди. Деярли ёлғиз қолиб кетдим. Машина ҳайдашни билмайман, таксида кетаман, кўзойнакда бўлсам ҳам ҳайдовчилар таниб қолиб саволга тутишарди. Ўша маҳал юрагимга ҳеч нарса сиғмасди. Чунки турмуш ўртоғим ўлим тўшагида ётибди. Шунақа кунлар бўлдики, оддийгина табассум қилишга қийналардим. Чақалоғим ҳақида турли туҳматлар, бўлмаган гаплар... Шундай вазиятларда бахтли кунларнинг қадрига етар экансан”.
Кубаева ҳаётидаги воқеалар ҳақида сўз очар экан, бугун ҳар қандай синовни мардларча енгишга қодир эканини алоҳида таъкидлади. Суҳбат давомида у марҳум диктор, Ўзбекистон халқ артисти Абдумўмин Ўтбосаровни ёдга олди.
“Янги йилнинг биринчи кунида устозимиз Абдумўмин Ўтбосаровни йўқотдик. Унинг яхши хислатларини санаб адоғига етолмайсан киши. Унга ўхшаган одамлар ҳақиқий ички ва ташқи гўзал одамлардир”.
Шу жумладан, қизларга гўзаллик, мафтункорлик ва бетакрор аёл бўлиш сирлари ҳақида ҳам сўз очди.
“Кўчада акам ёки укам олиб юради. Баъзан калта юбка, очиқ-сочиқ кийинган қизларни кўриб уялиб кетаман. Театримизда бир актрисамиз бор, сочлари тўзиб юради, ҳамма эркаклардан дашном эшитади. Гап-сўзлар таъсир қилиб қани энди ўзгарса...”
Суҳбат давомида талаба-қизларнинг саволларига жавоб берган актриса “Барон” фильми бош қаҳрамонларидан бири Фарҳод Маҳмудов билан яна роль ижро этиш нияти борлигини, актёр сифатида унинг имкониятларини юқори баҳолашини айтиб ўтди.