Соғлиқни сақлаш ҳамда Адлия вазирликлари ўртасида қўшма лойиҳа имзоланди.
Тиббий соҳада қонун устуворлигини таъминлаш ва қонун ҳужжатлари ижросини ташкил қилиш, бу соҳага доир қонун ҳужжатларини кенг тарғиб қилиш ҳамда беморлар ва тиббиёт ходимлари ўртасидаги муносабатларнинг қонунийлигини таъминлашга ёрдам бериш мақсадида Адлия вазирлиги ҳамда Соғлиқни сақлаш вазирлиги ўртасида қўшма лойиҳа имзоланди.
Лойиҳада қатор тадбирларни амалга ошириш кўзда тутилган. Хусусан:
- тиббий-ҳуқуқий қўлланма чоп этиш ва тарқатиш;
- тиббиёт муассасаларида аниқ мавзулар бўйича “бепул ҳуқуқий маслаҳат” курсларини ташкил қилиш;
- тиббиёт муассасаларида ҳуқуқий саводхонлик бурчакларини ташкил этиш;
- тиббиёт муассасалари фаолиятини меҳнат қонунчилиги талабларига мувофиқ ташкил этишда кўмаклашиш;
- бутун республика бўйлаб тиббиёт муассасаларида коррупцияга қарши курашиш ва “одоб-ахлоқ” ойлигини ўтказиш;
- тиббиёт муассасаларидаги коррупция ҳақида тезкор ва аноним хабар бериш тизимини такомиллаштириш;
- тиббиёт ходимларига нисбатан беморлар ва уларнинг қариндошлари томонидан камситиш, ҳақорат қилиш ва жисмоний куч ишлатиш ҳолатлари юз берганда, тиббиёт ходимлари ўзларининг бузилган ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича тегишли органларга мурожаат қилиш ҳуқуқи мавжудлигини тушунтиришга қаратилган тадбирлар ташкил қилиш;
- ижтимоий тармоқлар орқали тарқатилаётган соғлиқни сақлаш соҳасидаги камчиликлар ҳамда юзага келаётган муаммолар бўйича тезкор муносабат билдириб бориш;
- тиббиёт соҳасига доир қабул қилинаётган қонун ҳужжатларининг мазмун-моҳиятини ёритиб беришга қаратилган тарқатма тарғибот материалларини тайёрлаш каби чора-тадбирлар белгилаб олинди.
Ушбу лойиҳа ҳуқуқий тарғибот соҳасида Соғлиқни сақлаш ва Адлия вазирликлари ўртасида ҳамкорликни кучайтириши, бу соҳада қонун устуворлигини таъминланишига, шунингдек аҳолининг тиббий хизматдан фойдаланишда ҳуқуқий онги ва маданиятини ўстиришга хизмат қилиши кутилмоқда.