...
МЕНЮ
ONLINE TV

Абитуриентлар ва ота-оналар диққатига! “Суперконтракт” шартлари маълум бўлди


13:38, 31.03.2018 Жамият
 12 988

Низомда стипендия олиш тартибларига ҳам ўзгартиришлар киритилди.

Ўзбекистон Республикаси таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш бўйича Давлат комиссиясининг 2017 йил 12 июндаги қарорига асосан ОТМларда белгиланган квоталардан ташқари қўшимча ўринларга қабул қилиш тартиби ишлаб чиқилган эди.
 
Ушбу ҳужжатда абитуриентларни қабул қилишда оширилган тўлов-контракт миқдори жамоатчиликнинг кенг муҳокамасига сабаб бўлган эди.
 
Жорий йилнинг 27 март куни Молия вазирининг буйруғи билан Олий ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларида ўқитишнинг тўлов-контракт шакли ва ундан тушган маблағларни тақсимлаш тартиби тўғрисидаги низомга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди. Бу ҳақда “Norma.uz”  хабар қилмоқда.


 
Қабул қилинган ҳужжатда олий таълим муассасалари ва талабалар ўртасидаги ўзаро молиявий муносабатлар тафсилотлари тартибга солинган.
 
Биринчиданўқиш учун оширилган контракт ставкаси ўқув йили давомида ўзгариши мумкин эмаслиги белгиланди. Қиёслаш учун: ўқув йили давомида иш ҳақи ва стипендиялар оширилса, энергия ресурслари, коммунал ва эксплуатация хизматларининг нархлари ва тарифлари ошса, оддий контракт миқдори ошиши мумкин. Бу ҳолда ўқув йилининг қолган даври учун қайта ҳисоб-китоб амалга оширилади, фарқ эса 1 ой муддатда қўшимча равишда тўланади.  
 
Иккинчиданоширилган контракт ставкалари бўйича қўшимча қабул натижасида ўқишга кирган талабаларга стипендия дарсларга қатнашишларига рухсат берилган ойнинг биринчи санасидан бошлаб тўланиши белгиланди. Илгари оширилган контракт суммаси бундай буйруқ қабул қилинган санадан қатъи назар, тўлиқ тўланиши белгиланган эди.
 
Учинчиданоширилган контракт суммаси 1-курс учун тўлиқ тўланишини (2-курсдан семестрлар бўйича оддий контракт тўланади) ҳисобга олган ҳолда қуйидагича аниқлик киритилди: “оширилган тўлов-контракт” тўловчи ўқув интизомини ва ички тартиб-қоидаларни бузганлиги, дарсларни узрли сабабларсиз 74 соатдан ортиқ қолдирганлиги, академик қарздор бўлганлиги сабабли 1-курснинг биринчи семестри давомида талабалар сафидан четлаштирилганда, оширилган тўлови суммасининг 50%и қайтариб берилмайди.
 
Бироқ талаба ўз хоҳишига биноан, ўқишнинг бошқа таълим муассасасига кўчирилиши муносабати билан, саломатлиги туфайли (тиббий комиссия маълумотномаси асосида), суд томонидан озодликдан маҳрум этилганлиги муносабати билан ёхуд вафот этганлиги сабабли талабалар сафидан четлаштирилганда тўловнинг бир қисми қайтариб берилади. Қайтариладиган тўлов миқдори ўқув йилининг охирига қадар қолган ойлар сонини оширилган контракт ставкасининг 1/12 қисмига кўпайтириш орқали аниқланади.
 
Тўртинчиданоширилган контракт ставкалари бўйича тўловдан тушган маблағлардан оддий тўлов-контракт маблағлари сингари мақсадларда фойдаланилиши мумкинлиги ҳақида аниқлик киритилди.
 
Бундан ташқари, энди ўқув йили давомида ўқишга қабул қилинган ёхуд тикланган талабаларга стипендия фақат ўқув йилининг охирига қадар қолган давр учун тайинланади.
 
Маълумот ўрнида, 2017-2018 ўқув йилидан бошлаб олий таълим муассасаларида оширилган контракт ставкалари бўйича қўшимча равишда ўқишга қабул қилиш жорий этилди. Танловдан ўта олмаган абитуриентлар ундан фойдаланиши мумкин.
Икром Раҳмон

Теглар:Суперконтракт талаба 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!

Тавсия

Сўровлар

Сиз қайси яхна ичимликларни ичасиз?

Барча сўровлар