Ўзбекистон Қаҳрамони, Ўзбекистон халқ шоири Абдулла Орипов ҳам марҳумнинг хотирасига атаб марсия ёзди.
Жорий йилнинг 2 сентябрь санаси Ўзбекистон халқи учун ўта оғир келди. Мамлакатимизнинг Биринчи Президенти Ислом Абдуғаниевич Каримов 78 ёшида оғир хасталик сабаб оламдан кўз юмди. Ислом Каримов адолатли давлат раҳбари, оқил сиёсатчи, буюк давлат арбоби эди. Эртага, 22 сентябрь куни Президент Ислом Каримов вафот этганига роппа-роса 20 кун бўлади. Унинг вафоти кўпларни қайғуга солди. Ҳофизларни куйлатди, шоирларни қўлга қалам олишга ундади.
Ўзбекистон Қаҳрамони, Ўзбекистон халқ шоири Абдулла Орипов ҳам марҳумнинг хотирасига атаб марсия ёзди.
Бир хабар тарқалди,
Ярим тун эди,
Гўё ғам селига ботдим, йўқолдим.
Кимдир йўлбошчидан айрилдик деди,
Мен-чи, азиз дўстдан айрилиб қолдим.
Кимнинг хаёлига келмишдир ахир,
Бирдан қулаб тушса буюк бир чинор.
Алам бўғзимизда аччиқ ва тахир,
Бу ғамнинг на чеки, на чегараси бор.
Кетди ногаҳонда айтмай бирор сўз,
Ҳижрон оловига барчани ташлаб.
Ўзбек осмонида сўнди чўнг юлдуз,
Катта-ю кичикнинг кўзини ёшлаб.
Биз – ноқис бандалар, ўйламай гоҳо,
Бошимиз силаган қўлни тишладик.
Юз йиллаб тескари айланди дунё,
Ўз эмас, ўзгалар учун ишладик.
Биз – ожиз бандалар, англамай туриб,
Бировнинг забонин санадик афзал.
Шу юрт даҳоларин билиб ва кўриб,
Бегона зотларга ясадик ҳайкал.
Босқин тепамизда турар эди зил,
Уни таг-тубидан бузмоқ шарт эди.
Асрий вайронанинг ўрнида дадил,
Янгича мамлакат тузмоқ шарт эди.
Фоний бу дунёнинг баланд-пастига,
Теран назар ташлаб ўтди бу Инсон.
Миллат қадри дея яшаб аслида,
Халқининг дардига бўлолди дармон.
Бугун жудолик бор гар қалбимизда,
Лекин ғурур яшар ҳавас қилгулик.
Абадият ўсди кўз олдимизда,
Шундоқ ёнимиздан ўтди Мангулик.