Ўзбекистон Қаҳрамони Абдулла Орипов Ислом Каримовнинг ҳайдовчиси Президентни Қашқадарёдан Тошкенга олиб келаётган маҳал гувоҳ бўлганларини сўзлаб берди.
Ўзбекистон Қаҳрамони Абдулла Орипов ҳикоя қилади:
— Ислом Каримов жуда ҳалол ва ҳақиқатпарвар инсон эди.
“Жаннатга йўл” асарим ёзилганда мени жуда қийнашди. Совет даври эди. У пайтлар жаннат, дўзах деган гаплар умуман ишлатилмасди. Давлатни коммунистлар бошқарарди. Табиийки, уларга бундай гаплар ёқмас эди. Асарни ҳали қўлёзмалик пайтидаёқ ўғирлаб кетишди. Хотирам шу қадар кучли эканки, юз бетлик шеърий драмани қайта ёзиб чиқдим. Мен ким, совет мафкурасининг қаршисида жимитдеккина жоним бор, “пуф” деса учиб кетардим. Зўрға омон қолганман. Халқимиз, шеърият мухлислари мени қўллаб туришди. “Муштум” журналида “Жаннатга йўл” асарим кетма-кет босилди. 17 киши тўпланиб олиб устимдан юқорига ёзишди: “Асарда нега порахўрлик сўзини ишлатдинг, совет тузумида порахўрлик нима қилади, сен атайин фаровон турмушимизни бузиб кўрсатаётирсан, бузғунчи ва жамиятимизга ёт кимсасан”, дейишди. Қаттиқ тошбўрон остида қолдим. Аммо, не ажабки орадан вақт ўтиб, Қарши Давлат драматик театри ушбу асарни саҳналаштирди. Мени ҳам асар тақдимотига таклиф этишди. Тўғрисини айтсам, тақдимотга қатнашишга юрагим дов бермас эди. Лекин, ҳаммадан журъатлироқ чиққан театр жамоасининг таклифини рад қилолмас эдим.
Буни қарангки, спектаклга ўша пайтда Қашқадарё вилояти обкомининг биринчи секратари бўлиб ишлаётган Ислом Абдуғаниевич қатнашиш истагини билдирибдилар. Баттар оғир аҳволга тушдим. Ислом Абдуғаниевич бу асарни қандай қабул қилишини билмас эдим. Коммунистларни танқид қиламан-у, коммунистларнинг каттаси мени омон қўярмиди, деб хавотирлана бошладим.
Ислом ака билан биринчи қаторда ёнма-ён ўтирибмиз, саҳнадан “юлғичлар, порахўрлар, диёнатсизлар, худосизлар” деган гаплар дамба-дам эшитилиб турибди. Мен эса, ҳозир Ислом Абдуғаниевичнинг жаҳли чиқиб кетса, нима қиламан деб, юрак ҳовучлаб ўтирибман. Асар тугади. Бир пайт Ислом Абдуғаниевич ўринларидан турдилар. Мен ҳам секин турдим. У киши қулочларини кенг ёзиб, мени маҳкам қучоқладилар. “Раҳмат шоир, айни ҳақиқатни ёзибсиз!”, дедилар. Елкамдан тоғ ағдарилгандай бўлди. Кўзимдан ёш чиқиб кетди. “Раҳмат, Ислом Абдуғаниевич, раҳмат!”, дея олдим. Ўпкам тўлиб кетган эди, ортиқ гапира олмадим. “Жуда яхши асар ёзибсиз! Бу спектаклни ҳамма кўриши керак. Одамлар оилаларини, бола-чақаларини олиб келиб кўриши керак. Курсида ўтирган ҳар бир амалдор кўриши керак. Одамлар ҳақиқатни билсин!”, дедилар. Сўнг асарни саҳналаштиргани учун театр жамоасига миннатдорчилик билдирдилар.
Ислом аканинг даъвати билан қашқадарёликлар ушбу драмани кўп вақт томоша қилиб юришди. Мен Ислом акага бағишлаб кўп шеърлар ёздим. Ўшаларнинг бири ушбу шеърдир:
Менинг мавжудлигим ўзимга керак,
Тахтим, оиламнинг, балки тахтидир.
Ислом ака, Сиз бор, биз ғолиб, бешак
Сизнинг борлигингиз халқнинг бахтидир!
Ислом ака ҳақиқатан ҳалол ва покиза инсон эди. Юқори мансабдорлар орасида юлғич ва порахўр кимсалар совет дарвида ҳам кўплаб топиларди. Тошкентдан вилоятларга бориб ишлаб қайтган амалдорлар қайтишида катта катта машиналарни тўлдириб, қимматбаҳо бойликлар билан қайтишарди. Тўплаган бойликлари тоғдай бўларди. Аммо Ислом Абдуғаниевич Қашқадарёда энг юқори, биринчи мартабали раҳбар бўлиб ишлаб, Тошкентга ҳеч вақосиз қайтиб келганди. Менинг Суюн деган жияним Ислом Каримовнинг ҳайдовчиси эди. Ўша менга ҳаммасини рўйи-рост айтган. Ислом Абдуғаниевич қашқадарёликлар билан хайрлашиб чиққанида қўлида, иккита майка, иккита кўйлак, битта туфли солинган сумкадан бошқа ҳеч нарса бўлмаган. Ислом ака билан ҳамиша бирга бўлган ҳайдовчи жияним Суюн буларнинг ҳаммасидан воқиф эди.
Ислом Абдуғаниевич бойликка, пулга ружу қўймаган, таъмагирликка, порахўрликка қарши курашган, халқ ва миллат дарди билан яшаган фидоий ва мард, ҳалоллик тимсоли.