Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Қатарда амалий ташриф билан бўлиб турибди.
Музокараларда сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестицион, туризм, маданий-гуманитар соҳаларда икки томонлама алоқалар, шунингдек, халқаро тузилмалар доирасидаги ҳамкорликнинг ҳолати ва истиқболлари муҳокама қилинди.
Ташқи сиёсат идоралари раҳбарлари Ўзбекистон-Қатар ҳамкорлигини ривожлантириш, унга кўп қиррали тус беришдан томонлар манфаатдор эканлигини тасдиқладилар. Шу ўринда турли даражалар ва шакллардаги алоқаларни фаоллаштириш, хусусан энг истиқболли йўналишларни аниқлаш ва эътиборни уларга қаратиш имконини яратадиган вазирликлараро сиёсий маслаҳатлашувлар ўтказиш муҳимлиги қайд этилди.
Халқаро ва минтақавий муаммолар юзасидан фикр алмашиш чоғида Имом Бухорий номидаги халқаро илмий-тадқиқот маркази, Ислом сивилизацияси маркази ва Ўзбекистон Ислом академиясини ташкил этиш бўйича Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг муҳим ташаббусларини амалга ошириш бўйича ҳамкорлик масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Вазирлар томонидан Афғонистондаги вазиятни тинч йўлда ҳал қилиш бўйича халқаро конференцияда 2018 йил 27 март куни қабул қилинган Тошкент декларациясини амалга ошириш жараёни муҳокама қилинди. Ушбу конференция ишида Қатар делегацияси ҳам иштирок этган эди.
Учрашувда бошқа долзарб масалалар ҳам кўриб чиқилди.