Ҳамида Султонованинг чекига кексайганида аёл боши билан адолат истаб эшикма-эшик юриш тушган экан.
Тошкент шаҳар ҳокимининг 2016 йил 16 августда қабул қилинган 757-сонли қарорига биноан 2017 йилнинг февраль ойида Ҳамида Султонова бошқарувида бўлган (ер майдони 79 кв, бино майдони эса 158 кв метр) дўкон бузиб ташланди.
“Дўконлар қирғини”да 50 га яқин тадбиркорнинг биноси таги билан қўпорилди. Кейинроқ, 2017 йилнинг 7 апрель куни Тошкент шаҳар ҳокими Раҳмонбек Усмоновнинг “Навоий ва Беруний кўчалари ҳамда “Чорсу буюм бозори” ҳудуди оралиғида жойлашган объектларни қайта қуриш ва ободонлаштириш ишларини олиб боришга рухсат бериш ҳақида”ги 366-сонли қарорида бузилган дўкон эгаларига янги, замонавий савдо мажмуаси қурилиши ва бу савдо мажмуасидан дўкон учун жой ажратилиши ваъда қилинди. Кўплар қатори “G’AYBULLAHOJI” ХК раҳбари Ҳамида Султонова бунга умид боғлади. Аммо, орадан бир йилдан ортиқ вақт ўтди ҳамки ваъда ваъдалигича қолиб келмоқда.
Ҳамида Султонованинг қўлида ҳужжатлари билан кирмаган эшиги қолмади. Йўқ, хулосага эрта экан. Онахон бош урмаган эшиклар ҳам бор. Масалан, Шайхонтоҳур туман ҳокими ва ўринбосарларининг эшиги. Боиси улар гоҳ йиғилишда, гоҳ ободонлаштириш участкасида. Масалани ҳал этишга келганда эса... Биз ҳам бир неча бор Шайхонтоҳур тумани ҳокими ва ўринбосарлари, қолаверса, Тошкент шаҳар ҳокимиятидан масъуллар билан боғланишга ҳаракат қилдик. Мана уч кундирки, улар йиғилишга кирганча, (!) чиққани йўқ.
Тошкент шаҳар ҳокимининг 2017 йил 7 апрелда имзоланган 366-сонли қарорининг 5-бандида бузилишга тушган бино ва иншоотлар эгалари билан биргаликда бузиш ишларини ташкиллаштирилиши ва ҳудуддан қурилиш чиқиндиларини олиб чиқишни таъминланиши ҳамда ушбу ҳудуддаги эгалик ҳуқуқини тасдиқловчи юридик ҳужжатларга эга бўлган бино эгалари билан биргаликда ҳудудда лойиҳа асосида замонавий савдо мажмуаси қурилишини амалга ошириш кўрсатилган.
Қарорда “Ушбу ҳудуддаги эгалик ҳуқуқини тасдиқловчи юридик ҳужжатларга эга бўлган бино эгалари билан биргаликда ҳудудда лойиҳа асосида замонавий савдо мажмуаси қурилишини амалга ошириш” дея Тошкент шаҳар ҳокимияти савдо мажмуасини қуришни кимга топширяпти. Гадонинг душмани – гадо бўлади, дейдилар. Янги савдо мажмуасини қуришни шунча йил боши бир ерга қовушмаган тадбиркорларга ташлаб қўйиб бўларканми? Бузгунча “хўп-хўп”, бузилгач...
Ҳамида Султонова бузилиш ишлари бошланганда ҳокимнинг қарорига “лаббай” деганларнинг олд сафида бўлганини айтади. “1 миллион 200 минг сўм чиқиндиларни чиқариб ташлаш учун бердик, кейин 300 минг сўм янги лойиҳа чизмасига, ер остидан чиққан сувни тортиш учун дренажга... Бозорда бу ишларга менга ўхшаган дўкон эгаларидан бири бош-қош бўлди. Бинонинг лойиҳа чизмасига пул бердим, лекин лойиҳани кўрсатишмади. Ҳокимиятдагилар эса ишни ўз ҳолига, ўша одамга ташлаб қўйган. Бозорда ҳамма ҳоким! Шундай катта қурилишни оддий дўкончига ишониб топшириб бўларканми?”.
Ҳамида Султонованинг қўлида икки сотувчи ишлаган. Онахон ойига ўртача 1-1,5 миллион сўм даромад қилгани, нафақаси 575 минг сўм эканини, шу дўкон ортидан кун кўришини айтаркан, қурилиш ишларига ҳеч қандай хат-ҳужжатсиз дўкондорлардан чиққан даллолга 10 миллион сўм берганини урғулайди.
“10 миллион сўм олиб келинг дейишди. Бердим, на хат бор, на ҳужжат... Мендан бошқа дўкондорлар ҳам лом-мим демай, сўраганини беришди. Бир неча ой кутдим. 10 миллион сўм етмаслигини, 25 миллион сўм беришим кераклигини айтишди. Менда бунча пул йўқ, бу пуллар қаерга кетяпти ўзи, на лойиҳани кўрсатдинглар, на дўконим мажмуанинг қаеридан жой олишини, деганимни биламан, қўлимга 10 миллионимни тутқазиб қувиб чиқаришди. Шу ёшимда эшитмаган ҳақоратим қолмади”.
Орадан бироз вақт ўтиб, Султоновага “Чорсу мажмуаси” МЧЖ номидан хат келади. Хат остига МЧЖ директори В.Луқмонов имзо чеккан, муҳр ҳам босилган. Бироқ унда на хат юборилган сана бор ва на МЧЖ ҳақидаги маълумотлар келтирилган. Хатда шундай жумла битилган:
“Қурилиш ишларига қатнашмаслик ва моддий ёрдам кўрсатмаслик савдо мажмуасидан жой ажратмасликка асос бўлади”.
Қизиқ, “Чорсу мажмуаси” МЧЖга бундай ваколатни ким берган? Тошкент шаҳар ҳокимининг 2017 йил апрель ойида имзоланган қарорида бузилган дўконлар ер майдони тиклаб берилиши ваъда қилинаётганда, бу МЧЖнинг Ҳамида Султоновага бундай кўринишда хат жўнатишга қандай ҳуқуқи бор? Унинг қозонига ўт қалаётганлар ким? Хўш, буни кўра-била туриб, нега Тошкент шаҳар ҳокимияти, Шайхонтоҳур тумани ҳокимияти ва бошқа ташкилотлар керакли чораларни кўрмаган? Ҳолбуки, ушбу масалада Ҳамида Султонова бир неча бор расмий ташкилотлар эшигини қоққан. Хат ҳужжатсиз, нақд пул талаб қилган кимсаларга чора кўриш билан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар шуғулланиши айтилиб, онахонга бошқа манзил кўрсатилган. Демакки, бозордаги бу ҳол ўзбўлармонликка ташлаб қўйилган. Пуллар бирор корхонанинг ҳисоб рақамига туширилмай, нақд шаклда йиғилишидан манфаатдорлар ҳам бўлгандир балки...
Чиқмаган жондан умид, дея Шайхонтоҳур тумани ҳокими ўринбосари билан билан боғланиш мақсадида ҳокимиятга қўнғироқ қилдик. Гўшакни кўтарган аёл бозорда янги комплекс қурилиши билан боғлиқ ташкилий масалалардан фақатгина бир эркак киши норози бўлаётганини айтди. Улар билгани бир киши, бизга дардини айтганлар эса икки... Дарвоқе, онахон юришга қийналганлари учун улар билан ўша ҳудудда дўкон юрғизган бошқа бир тадбиркор – Дилшод Тошмуҳаммедов эш бўлиб келди. Эркаклар одатда дардини юзага чиқармайди, шикоятчилик уларга ёт. Дилшод Тошмуҳаммедов ҳам узун-узун хўрсиниб, онахоннинг айтганларига бош эгиб маъқуллайди. У ҳам расмийлар бозор қурилишини ўз назоратига олмай, буни дўкондорларга ташлаб қўйиб, даҳанаки жангни четдан томоша қилиб туришларига қарши.
Ҳамида Султонова 2017 йилнинг 26-27 декабрь кунлари Давлат солиқ қўмитаси раиси Ботир Парпиев томонидан ўтказилган сайёр қабулда иштирок этиб, вазиятни тушунтирган. Ўшанда ҳам масъулларга тегишли топшириқлар берилган, ноқонуний пул йиғимларини назоратга олиш топширилган. Давлат солиқ қўмитасидан Шайхонтоҳур туман ҳокимиятига эса бузилган дўконлар ўрнида замонавий савдо мажмуаси қуриш ишлари кечикаётгани юзасидан тақдимнома киритилган.
Ҳар қайси одам кексайганда, фарзандлар, набиралар даврасида ўтирсам, муаммолардан ҳоли қарилик гаштини сурсам дейди. Бу эса кимгадир насиб этади, кимга эса йўқ. Ҳамида Султонованинг чекига кексайганида аёл боши билан адолат истаб эшикма-эшик юриш тушган экан.
Кўрамиз, Тошкент шаҳар ҳокимияти ва Шайхонтоҳур туман ҳокимияти расмийлари бундан қандай хулоса чиқараркин?
"Qalampir.uz" интернет нашри раҳбари