6 ой аввал барчанинг кўзини қувонатган манзаралардан, афсуски, асар ҳам қолмаган.
2016 йилнинг 5-21 август кунлари бўлиб ўтган ушбу спорт ўйинларида дунёнинг 207 мамлакатидан ташриф буюрган спортчилар ўзаро беллашган эди.
Хусусан, Ўзбекистондан ушбу олимпиадада 70 нафар спортчи қатнашиб, Рио Ёзги Олимпиада Ўйинларида тарихий натижа қайд этди ва 4 та олтин, 2 та кумуш ва 7 та бронза медалини қўлга киритишди
Биз бугун айни мақола орқали ҳамюртларимизнинг ғалабалари ҳақида сўзлашмоқчи эмасмиз. Аксинча, ёзги Олимпиада ўйинлари ўтказилган ҳудуднинг бугунги ҳолати ҳақида сўз очмоқчимиз.
Аслида, ёзги Олимпиада ўйинлари Рио-де-Жанейронинг 32 та спорт мажмуасида ўтказилди. Бундан ташқари Бразилиянинг 5 та шаҳрида 5 та стадионида футбол матчи турнирлари ўтказилди.
Олимпиада ўйинларига тайёргарлик чоғида мамлакатда 9 та иншоот айнан ёзги Олимпиада учун қурилди. 8 та объект таъмирдан чиқарилди.
Бир сўз билан айтганда, Рио-де-Жанейродаги муҳташам “Маракана” стадионида бўлиб ўтган тадбирда 207 та мамлакат спортчилари ва делегация аъзолари иштирок этди.Тадбир ушбу стадионда старт олди.
Айтиш лозимки, Олимпиада ўйинларининг ташкиллаштирилиши ва ўтказилишига баҳо берувчи экспертлар, Бразилияда мезбонларни кутиб олишга катта тайёргарлик кўрилганини эътироф этишганди.
Ҳозир 2017 йилнинг февраль ойи. XXXI ёзги Олимпиада ўйинлари ўтказилганига 6 ой тўлди. Бироқ айни вақтда Бразилияда 207 мамлакатдан келган спортчиларни ўз ичига сиғдирган ва турли мусобақалар ўтказилган стадион, бошқа спорт иншоотларининг ҳозирги кундаги ҳолати кишида завқ, хурсандчилик ва ҳайрат хисларини уйғотмайди. Рио-2016 тадбирлари ўтган спорт иншоотлари айни вақтда аянчли аҳволда.
6 ой аввал барчанинг кўзини қувнатган манзарадан, афсуски, асар ҳам қолмаган.
Маълум бўлишича, Олимпиада ўйинларини ўтказиш Бразилияга 9,77 миллиард АҚШ долларига тушган. Шу сабабли ҳам Олимпиада ўйинларининг очилиш маросимидан аввал, мамлакатда норозилик намойишлари бўлиб ўтган экан. Бироқ бу ҳақда ОАВда ортиқча маълумот берилмади.
Олимпида сайлгоҳи, сузиш ҳавзалари, футбол майдонлари, гольф майдончалари жуда кўримсиз ҳолатда.
Футбол майдонларида чим йўқ, сузиш ҳавзаларидаги сув ўша ҳолатда қолиб кетган ёки ёмғир ёғиб, ҳавзадаги сув сариқ тусга кирган. Волейбол, баскетбол, футбол майдонларидаги томошабинлар ўтирадиган ўриндиқлар йўқ, бори ҳам синиқ. Сайёҳларга, тадбир қатнашчиларига йўл кўрсатувчи белгилар темирдан ишланганига қарамай, ерда букланиб ётибди. Бинолар атрофига ёпиштирилган, тикилган сунъий деворларнинг кўчиши ва йиртилиши, таъмирланган бинонинг асл кўринишини “ошкор” этиб қўйган...
Ёдингизда бўлса, Бразилияда 2014 йил футбол бўйича жаҳон чемпионати ўтказилганди. Бу тадбир ҳам мамлакат ғазнасини бир неча миллиард АҚШ долларига камайтирди. Аслида, ўша даврдаёқ мамлакат аҳолиси орасида катта норозилик кузатилганди. Олимпиада ўйинлари Бразилиянинг моддий базасига иккинчи катта “зарба” бўлди.
Олимпиада-2016 нинг ўтказилиши бўйича аҳолининг норозилигига қарши Бразилия хукумати тадбир ўтказилишида сарфланадиган маблағ мамлакатга ташриф буюрадиган сайёҳлардан тушадиган маблағ билан қопланишини айтганди. Бироқ миллионлаб сайёҳларнинг ташрифи ҳам кетказилган маблағнинг ҳеч бўлмаганда ярмини қоплай олмаган кўринади.
Ўтган ҳафтада, Бразилияда 2016 йилнинг энг катта спорт тадбири ўтказилган воллейбол стадионида мусобақа ўтказилди.
Ушбу мусобақада иштирок этган қатнашчилар давлат пулларининг ҳавога совурилганига ачиниб, даҳшатли манзара акс этган суратлар билан ижтимоий тармоқларда чиқишлар қилишди.
Ҳозирча, Бразилия ҳукумати томонидан ушбу масалага нисбатан расмий жавоб ёки фикр айтилмади. Бироқ халқаро ОАВ ҳукумат аҳолининг шу ва шу каби саволларига тез орада жавоб қайтаришидан умидвор.
Машҳур спортчилар етишиб чиққан, ёзги Олимпиада ўйинларидек катта миқёсдаги ўйинни ташкиллаштирган ва ўтказган Бразилиядаги бу ҳолат тез орада тикланади, таъмирланишига ишонгимиз келаяпти...