Мудофаа вазирлиги ҳарбий хизматчиларига узоқ муддатли имтиёзли кредитлар асосида 2017 йилда 56 та кўп қаватли уй-жой қурилди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 30 мартдаги “Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги ҳарбий хизматчилари учун уй-жой қуриш дастури тўғрисида”ги қарорига мувофиқ Мудофаа вазирлиги ҳарбий хизматчиларига узоқ муддатли имтиёзли кредитлар асосида 2017 йилнинг ўзида 56 та кўп қаватли уй-жой қурилди. Ушбу уй-жой бинолари намунавий лойиҳалар асосида бунёд этилган бўлса, 2018 йилда эса ана шундай уйларнинг яна 100 таси қуриб битказилди.
6 май куни Тошкент шаҳри Яшнобод тумани “Олмос” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида бунёд этилган 540 хонадондан иборат кўп қаватли янги уйларнинг калитлари 9 май – Хотира ва Қадрлаш куни байрами арафасида 540 нафар ҳарбий хизматчиларга тантанали тарзда топширилди.
Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазири генерал-майор Абдусалом Азизов ушбу тадбирни очиб берди ва Шавкат Мирзиёев томонидан Ватан ҳимоячиларининг ижтимоий ҳимояси масалаларига юксак эътибор берилаётганини таъкидлади.
Замонавий шароитларга эга сифатли ва шинам уйлар “Қишлоқ қурилиш инвест” ҳамда бош лойиҳачи “Қишлоқ қурилиш лойиҳаси” мутахассислари томонидан бунёд этилган.