...
МЕНЮ
ONLINE TV

24 йил деганда тарих янгиланди! Олтинлар 21 та, жами медаллар 70 тага етди


15:47, 01.09.2018 Спорт
 8 721

Бугун Осиё ўйинлари мусобақасида якуний мусобақалар ўтказилмоқда.

Осиё ўйинлари мусобақасида эркаклар ўртасида бокс бўйича мусобақалар якунига етди. Бугун, 1 сентябрь куни Ўзбекистон бокс терма жамоаси аъзолари ўзларининг финал жангларини ўтказдилар.
 
Ҳал қилувчи жангларнинг иккитасида вакилларимиз имкониятни бой бериб қўйишди. Дастлаб Ҳасанбой Дўстматов ҳиндистонлик кучли рақибига имкониятни бой берган бўлса, 60 кг вазн тоифасида Шунқор Абдурасулов монголиялик рақибига енгилди ва кумуш медаль соҳибига айланди.
 
Қувонарлиси, қолган беш нафар боксчилар ўз вазн тоифаларида рақибларини мағлуб этдилар ва Ўзбекистон спорт делегацияси ҳисобига 5 та олтин медальни тақдим этишди.


 
Жасурбек Латипов, Миразизбек Мирзахалилов, Иқболжон Холдоров, Бобоусмон Ботуров ва Исроил Мадримовлар бугун Ўзбекистон халқига чексиз қувонч улаша олишди ва Мустақиллик байрамига чинакам совға тайёрлашди.


 
Жакарта шаҳридаги “Jiexpo” жанглар аренасида бўлиб ўтган баҳсларни “Qalampir.uz” интернет-нашри журналисти Акмалхон Эшонхонов воқеа жойидан ёритиб борди.
 
Бу ерда ҳақиқий жанг бўлди, бундай курашларни аренанинг ўзида кўриш ҳаммага ҳам насиб этавермайди. Ўзбекистондан келган мухлислар, спортчилар, футболчилар бугун бир жамоа бўлиб боксчиларни қўллаб-қувватлади. Шу куни аренада Ўзбекистон байроғи беш марта юқорига кўтарилди, мадҳиямиз беш марта эшиттирилди. Қўлларим кўксимга беш марта тегди. Мендан ташқари, яна миллионлаб ўзбекистонликлар қўлларини кўксиларига қўйиб, баланд овозда мадҳиямизни куйлайшди. Буларнинг сабабчиси албатта, юқорида номи айтиб ўтилган боксчилар бўлди. Кумуш олганларидан ҳам хафа эмасмиз.




 
Шу куни ҳатто мезбонлар ҳам Ўзбекистонга мухлислик қилишди. Икки мамлакат одамлари орасида сезиларли ришта пайдо бўлди. Ўзбекистон спорт делегациясининг Осиё ўйинлари-2018да иштирок этган таркиби бугунга келиб, тарихни янгилади. Гап шундаки, медаллар сони ва сифати бўйича ҳам бу таркиб ўз тарихидаги энг яхши натижани қайд этди.

Кураш ва боксда энг кўп медаллар олинган бўлса, қолган спорт турларида ҳам иштирокчилар ўзларини энг яхши тарафларини кўрсата олдилар. Осиё ўйинлари бунгача 6 марта ўтказилган, ўзбекистонликларнинг ўша мусобақалардаги натижаси бу йилгидаги бўлмаган эди. Эрон, Қозоғистон каби мамлакатлар 2018 йилги Осиё ўйинларида ортда қолдирилди.




 
Бундай натижа ҳам ҳали тарихда кузатилмаганди. 1994 йилдан бери Ўзбекистон спорт делегация ҳисобида 21 та олтин бўлмаган. Бугун мусобақалар якунига етади. Эртага расман ёпилиш маросими ўтказилади. Бу йилги мусобақани воқеа жойидан ёритиш учун Ўзбекистоннинг энг етакчи 20 нафар оммавий ахборот воситалари Индонезиянинг Жакарта ҳамда Палембанг шаҳарларига келди.
 
Ўзбекистон 1994 йилдан бери Осиё ўйинларида иштирок этаётган бўлса, гарчи бу вақтга қадар спортчиларнинг иштироклари бу қадар кенг ёритилмаган эди, бу ҳам ўзига яраша медаллар сонига таъсирини кўрсатди. Мана ҳозиргина самбо спорт тури бўйича Камоллидин Ҳолматов 21-олтин медальни қўлга киритди. Бугунга келиб, Ўзбекистонда спорт сохаси катта тезлик билан ривожланаётганини натижалардан ҳам кўриб, пайқаш мумкин.


 
Раҳбарларнинг ўз ишига масъулият билан ёндошаётганлари ҳамда ўз юрти довруғини танитиш мақсадида ҳатто ухламасдан ишлаётгани самараси мана бугун рўёбга чиқмоқда. Бундай раҳбарлар, спортчилар, мухлислар ва албатта узоқда бўлса ҳам бизни қўллаб-қувватлаган Ўзбекистон халқига катта раҳматлар айтамиз!



Бугун жуда ҳам хурсандман, чунки Ватаним, туғилиб- ўсган юртим – Ўзбекистон халқи яна бир бора қандай кучга эга эканлигига гувоҳ бўлдим. Йигитлар меҳнат қилишда чарчаманг, сизларга омад ва улкан зафарлар тилаган ҳолда Жакарта шаҳридан Акмалхон Эшонхонов.
 
Энг асосий маълумотни бериб ўтмоқчиман, Ўзбекистон бокс терма жамоаси аъзолари Осиё ўйинлари мусобақасида 5 та олтин ва 2 та кумуш медални делегация ҳисобига қўшиб қўйдилар. Айни вақтда Ўзбекистон спорт делегациясининг умумжамоа ҳисобидаги медаллар сони 70 тага етди, уларнинг 21 таси олтин, 24 таси кумуш ва яна 25 таси бронза ҳисобланади!
Акмалхон Эшонхонов Жакартадан махсус
Суратлар муаллифи Маъруфжон Асқаров

Теглар:Осиё ўйинлари Asian Games 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!