3 та қонунларга, жумладан Солиқ кодексининг 47 та моддасига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.
Аввалроқ, Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси раиси Ботир Парпиев ушбу кўргазмали семинарнинг биринчи кунида иштирок этиб, тадбиркорларга ўзгаришлар ҳақида маълумот бергани ҳақида хабар берган эдик.
Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан 2017 йил 29 декабрда “Ўзбекистон Республикасининг 2018 йилги асосий макроиқтисодий кўрсаткичлари прогнози ва Давлат бюджети параметрлари тўғрисида”ги ПҚ-3454-сонли қарор ва “Солиқ ва бюджет сиёсатининг 2018 йилга мўлжалланган асосий йўналишлари қабул қилинганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги 454-сонли Қонун қабул қилинди.
Мазкур Қонун билан 3 та қонунларга, жумладан Солиқ кодексининг 47 та моддасига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.
Бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига, Республика йўл жамғармасига ҳамда Таълим ва тиббиёт муассасаларининг моддий-техника базасини ривожлантириш жамғармасига мажбурий ажратмалар, ягона тўлов турига – давлат мақсадли жамғармаларига мажбурий ажратмаларга бирлаштирилди ва умумий солиқ ставкаси 3, 5 фоиздан 3, 2 фоизгача пасайтирилди.
Ягона солиқ тўлови бўйича 2017 йилдаги солиқ ставкалари сақланиб қолинди ҳамда тайёрлов ташкилотлари фаолияти улгуржи савдога тенглаштирилди ва солиқ ставкаси товар айланмасидан 4 фоиз миқдорида (2017 йилда ялпи даромаддан 33 фоиз бўлган) белгиланди.
Жисмоний шахсларнинг даромад солиғи бўйича учинчи ва тўртинчи шкаладаги ставкалари 0, 5 фоизга пасайтирилиб, 16, 5 ва 22, 5 фоиз қилиб белгиланди ҳамда фуқароларнинг шахсий жамғариб бориладиган пенсия ҳисобварақларига ўтказиладиган мажбурий бадал суммаси 1 фоиздан 2 фоизга оширилди.
Жисмоний шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқ мол-мулкнинг кадастр қийматидан ҳисобланиши жорий этилиб, солиқнинг асосий ставкаси 1, 7 фоиздан 0, 2 фоиз пасайтирилди ва солиқ ҳисоблашда кадастр қиймати 42 млн сўмдан кам бўлмаслиги белгиланди.
Мол-мулкнинг кадастр қиймати мавжуд бўлмаганда, солиқ шартли қийматда Тошкент, Нукус шаҳарларида ва вилоят марказларида 210, 0 млн сўм, бошқа шаҳарларда ва қишлоқ жойларда 90, 0 млн сўм миқдорида ҳисобланиши ўрнатилди.
Якка тартибдаги тадбиркорлар учун қатъий белгиланган солиқ ставкалари ўртача 30 фоизга пасайтирилди ва тадбиркорлик субъектларини фаолият кўрсатаётган жойига қараб табақалаштириш кенгайтирилди.