...
МЕНЮ
ONLINE TV

1 январдан бошлаб 167 номдаги дори-дармон воситаларига муайян нарх белгиланади


11:29, 02.11.2016 Жамият
 8 113

Шавкат Мирзиёевнинг янги қарори дори-дармонлар нархини белгилашда уларга 15-20 фоиздан ортиқ устама қўймаслик масаласини ўртага ташлаяпти.

Бироз аввал, Ўзбекистон Республикаси Президенти вазифасини бажарувчи Шавкат Мирзиёев “Аҳолини дори-дармон воситалари ва тиббиёт буюмлари билан таъминлашни янада яхшилашга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорни имзолагани ҳақида хабар берган эдик.

Мамлакатимиз раҳбарияти фармацевтика саноатини ривожлантириш, аҳоли ва даволаш муассасаларини сифатли, самараси юқори ва хавфсиз дори-дармон воситалари билан таъминлашга алоҳида эътибор қаратмоқда. 

Ўзбекистонда ташкил этилган фармацевтика саноати муваффақиятли фаолият кўрсатмоқда ва жадал ривожланмоқда. Хусусан, мамлакатимиздаги 132 фармацевтика корхонаси томонидан 2 минг турдан ортиқ дори-дармон воситалари ишлаб чиқарилмоқда.
 
Дори-дармон воситалари ва тиббиёт буюмларидан фойдаланиш бўйича халқаро нормалар ва ривожланган давлатлар қонунчилигига мослаштирилган қонун ва меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар ишлаб чиқилиб, амалиётга жорий этилмоқда.
 
Халқаро сифат стандартларининг жорий этилиши самарасида мамлакатимиз фармацевтика корхоналарининг экспорт салоҳияти ошди. Шуни таъкидлаш керакки, Ўзбекистонда ишлаб чиқарилаётган айрим дори-дармон воситалари ва тиббиёт буюмлари дунёнинг 20 дан ортиқ давлати, жумладан, МДҲ, Европа иттифоқи мамлакатлари ва АҚШга экспорт қилинмоқда.
 
2016-2020 йилларда республика фармацевтика саноатини янада ривожлантириш бўйича тасдиқланган чора-тадбирлар дастурига мувофиқ янги фармацевтика корхоналарини ташкил этиш ва фаолият кўрсатаётган корхоналарни модернизация қилишга доир умумий қиймати 223,9 миллион АҚШ долларига тенг 67 та инвестиция лойиҳасини амалга ошириш кўзда тутилмоқда. Бу аҳоли ва тиббиёт муассасаларида эҳтиёж юқори бўлган импорт ўрнини босадиган дори-дармон воситалари ва тиббиёт буюмлари ишлаб чиқаришни 2,5 баробар ошириш имконини беради.
 
Ўзбекистонда дорихона муассасалари тармоғи кенг ривожланган. Айни пайтда мамлакатимиз ҳудудида 8472 хусусий дорихона ва уларнинг филиаллари, шунингдек, “Дори-дармон” акциядорлик компанияси тизимига кирувчи 1437 дорихона фаолият кўрсатмоқда. Уларнинг 70 ва 114 таси олис қишлоқлар аҳолисини дори-дармонлар билан таъминлаш учун мўлжалланган ижтимоий ва сайёр дорихоналардир. 

Шу билан бирга, соҳанинг бугунги ҳолати таҳлил қилиниши натижасида зудлик билан ҳал этишни талаб қиладиган айрим муаммолар мавжудлиги аниқланди. 

Авваламбор, ички бозорни мамлакатимизда ишлаб чиқарилган дори-дармон воситалари ва тиббиёт буюмлари билан тўлиқ таъминлаш учун республика фармацевтика саноатини янада самарали ривожлантириш бўйича қабул қилинган чора-тадбирларни изчил амалга ошириш зарур.
 
Маҳаллий хомашё, жумладан, доривор ўтлар асосида дори-дармон воситалари ишлаб чиқаришни кўпайтириш ҳисобидан фармацевтика маҳсулотларини маҳаллийлаштиришни кенгайтириш ва чуқурлаштириш, шунингдек, уларни тиббиёт амалиётига жорий қилиш долзарб масала ҳисобланади. 

Фармацевтика корхоналарининг дори-дармон воситалари ва тиббиёт буюмлари ишлаб чиқариш учун хорижий хомашё ҳамда материалларга боғлиқлик даражаси юқорилигича қолаётгани бу борадаги жиддий муаммодир. Мамлакатимиз корхоналарида айрим фармакотерапевтик гуруҳлардаги дори-дармон воситалари, яъни онкологик, эндокринологик, махсус препаратлар ва психотроп воситалар ишлаб чиқарилмайди. 

Дорихона муассасалари тармоғини янада оптималлаштириш масаласини ҳал этиш зарур. Дори-дармон воситалари нархларининг асоссиз оширилаётгани, шунингдек, бир хил дори воситаларининг нархларида катта фарқ борлиги кузатилмоқда. Бу дорихоналарда дори-дармон воситаларига нарх белгилаш тизимини такомиллаштириш ва улар фаолияти устидан назоратни кучайтиришга доир шошилинч чоралар кўриш заруратини юзага келтирмоқда.
 
Шу мақсадда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Аҳолини дори-дармон воситалари ва тиббиёт буюмлари билан таъминлашни янада яхшилашга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорида 2017 йилнинг 1 январидан четдан олиб келинадиган, шунингдек, мамлакатимиз ишлаб чиқарувчиларидан сотиб олинадиган дори-дармон воситалари ва тиббиёт буюмларини улгуржи ва чакана сотиш, уларни етказиб беришда иштирок этувчи воситачилар сонидан қатъи назар, улгуржи савдо учун сотиб олинган қийматидан 15 фоиздан, чакана савдо учун улгуржи нархидан 20 фоиздан ортиқ бўлмаган миқдорларда белгиланадиган чекланган савдо устамалари қўлланилиши белгиланмоқда.
 
Шу билан бирга, тиббиётда кенг қўлланиладиган 167 номдаги ижтимоий аҳамиятга эга дори-дармон воситалари ва 22 турдаги тиббиёт буюмлари учун муайян нархлар белгиланмоқда. Бу нархлар даволаш муассасалари ва аҳолини дори-дармон воситалари ва тиббиёт буюмлари билан таъминлашни тизимли асосда назорат қилиш бўйича ташкил этиладиган Республика комиссияси томонидан дори-дармон воситалари ва тиббиёт буюмлари учун жаҳон нархлари конъюнктурасини таҳлил қилиш асосида ўрнатилган тартибда ҳар чоракда белгиланади.
 
Мазкур комиссия зиммасига, шунингдек:
 
мамлакатимиз фармацевтика бозорининг, жумладан, республикамизда ишлаб чиқарилаётган асосий дори-дармон воситалари ва тиббиёт буюмлари билан таъминланганлик даражасини тизимли равишда таҳлил этиш ва ўтказилган таҳлил асосида дори-дармон воситалари ҳамда тиббиёт буюмлари турларини диверсификация қилиш, мамлакатимиз бозорини етарли даражада тўлдиришга доир таклифлар ишлаб чиқиш, аҳолини дори-дармонлар билан таъминлашга масъул давлат органлари фаолиятини такомиллаштириш;
 
нархларини белгилаш бўйича алоҳида тартиб ўрнатиладиган дори-дармон воситалари ва тиббиёт буюмлари рўйхатига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш, шунингдек, ташхис қўйиш ва даволаш стандартларига ўзгартиш ҳамда қўшимчалар киритилган тақдирда қарорлар қабул қилиш; 

рўйхатга киритилган дори-дармон воситалари ва тиббиёт буюмлари нархларига риоя этилишини назорат қилиш тадбирларининг амалга оширилишини мониторинг қилиш ва бошқа муҳим вазифалар юклатилган.
 
Юқорида кўрсатилган дори-дармон воситалари ва тиббиёт буюмлари Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан белгиланадиган квоталар бўйича мамлакатимизда тегишли фаолият билан шуғулланиш лицензиясига эга улгуржи ва улгуржи-чакана компаниялар ўртасида тендер ўтказиш асосида четдан харид қилинади. Бундай тендерларни ўтказиш Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлиги зиммасига юкланган.
 
Ўзбекистон Республикаси Хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси ҳамда Соғлиқни сақлаш вазирлиги дори-дармон воситалари ва тиббиёт буюмларининг улгуржи ва чакана савдоси билан шуғулланадиган ташкилотлар томонидан нархларни давлат томонидан белгиланган тартибга риоя этилишини бевосита назорат қилади.
 
Мазкур қарорда дори-дармон воситаларини тўғри тавсия этиш, ташхис қўйиш, даволаш ҳамда клиник протоколлар стандартларини барча тиббиёт муассасаларига, жумладан, фойдаланиш учун очиқ бўлган ахборот тизимлари орқали етказиш, уларга риоя этилишини қатъий назорат қилиш мақсадида халқаро амалиётга мувофиқ асосий касалликларга ташхис қўйиш, уларни даволаш ва клиник протоколлар стандартларини такомиллаштиришга доир вазифалар белгиланган.
 
Қарорда энг муҳим дори-дармон воситалари ва тиббиёт буюмларининг барча дорихоналар учун мажбурий янгиланган минимал рўйхати, шифокор рецептисиз бериладиган дори-дармон воситалари рўйхатини тасдиқлаш; 

юридик шахслар томонидан дори-дармон воситалари ва тиббиёт буюмларига нарх белгилаш тартиби қўпол бузилганлиги учун лицензияни бекор қилиш кўзда тутилган. 

Ўзбекистон Республикаси Президентининг қабул қилинган ушбу қарорининг ҳаётга татбиқ этилиши ички бозорни арзон ва сифатли дори-дармон воситалари ва тиббиёт буюмлари билан янада тўлиқ таъминлаш, нарх белгилаш бўйича очиқ-ошкора механизмни жорий этиш, мамлакатимизда арзон ва сифатли препаратлар бўлишига қарамасдан, ташхис қўйиш ва даволаш стандартларида кўзда тутилмаган ҳамда асосан қиммат импорт дори воситаларини тавсия этиш бўйича номақбул амалиётнинг олдини олиш ва келгусида бундай ҳолларга йўл қўймаслик имконини беради.
 
Мазкур барча чора-тадбирлар, биринчи навбатда, аҳолини сифатли ва арзон дори-дармон воситалари ва тиббиёт буюмлари билан таъминлашга, аҳолининг саломатлигини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади. 
 

Теглар:Дори-дармон Президент қарори 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!

Тавсия

Сўровлар

Сиз ҳеч пора бериб кўрганмисиз?

Барча сўровлар