Тошкент давлат юридик университетига бу йил 6132 та абитуриент ҳужжат топширди. Шулардан 800 дан ортиғи рус гуруҳига келиб тушган. Квота бўйича мазкур университет 2017-2018 ўқув йилига 600 нафар абитуриент қабул қилиши режалаштирилган.
Айни дамда “Qalampir.uz” жамоаси Тошкент давлат юридик университетига кириш имтиҳонлари ўтказилаётган “Ўзэкспомарказ” кўргазмалар мажмуаси биносига жойлашган. Соат 6:00 дан бошлаб абитуриентларни мажмуа очиқ майдонида биринчи текширувлардан ўтказиш ишлари бошлаб юборилди. Абитуриентлар оқими катта, шунга яраша назорат ҳам кучайтирилган. Назорат ишларида Ички ишлар идоралари, Давлат божхона қўмитаси ҳамда Тошкент давлат юридик университети Қабул комиссияси ходимлари иштирок этмоқдалар.
Албатта, ҳар жабҳада бўлгани каби абитуриентлар орасида ҳам билим ва иқтидорига эмас, аксинча, телефон ва бошқа коммуникация воситаларининг кучига ишониб, қинғир йўллар билан назоратчиларни ҳам доғда қолдираман, деб ўйлаганлар талайгина. Шу сабаб баъзи абитуриентлар биринчи назоратнинг ўзидаёқ қўлга тушиб, кириш имтиҳонларидан четлатилди.
Тошкент давлат юридик университетига кириш имтиҳонлари “Ўзэкспомарказ” кўргазмалар мажмуасининг залларида ўтказилмоқда. Залларга кузатув камералари ўрнатилган бўлиб, ота-оналар фарзандларининг тест топшириш жараёнини бино ташқарисига ўрнатилган катта мониторлар орқали кузатишлари мумкин.
Маълумот ўрнида, Тошкент давлат юридик университетига бу йил 6132 та абитуриент ҳужжат топширди. Шулардан 800 дан ортиғи рус гуруҳига келиб тушган. Квота бўйича 2017-2018 ўқув йилига 600та ўрин ажратилган. Шунингдек, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг қарорига биноан юридик университетга қўшимча 300та ўрин белгиланган.
Барча Олий ўқув юртларига кириш имтиҳонлари соат 9:00 да старт олади ва уч соат давом этади.