Мақолада қурилиш ишларига жалб қилинган юк автомобиллари шаҳар озодалигига путур етказиб, йўл қопламасини ифлослантираётгани ҳақида сўз борган эди.
Унда қурилиш ишлари олиб борилаётган ҳудудларга кириб-чиқаётган юк автомобиллари бошқа ҳайдовчиларнинг ҳаракатланишига ҳалал бераётгани, хусусан, шаҳар озодалигига путур етказиб, йўл қопламасини ифлослантираётгани ҳақида сўз борган эди.
Бунга мисол тариқасида таҳририятимиз томонидан “Tashkent city” қурилиши олиб борилаётган ҳудуд – Ботир Зокиров кўчаси мисол сифатида кўрсатилганди. Орадан кўп ўтмай, ушбу мақолага нисбатан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги “Tashkent city” халқаро ишбилармонлик маркази ҳудудида объектларни қуриш ва улардан фойдаланиш дирекцияси давлат унитар корхонасидан расмий мактуб келди.
Унда маълум қилинишича, “Tashkent city” халқаро ишбилармонлик маркази ҳудудида ҳозирги кунда турар ва нотурар жойларни бузиш ҳамда ҳудудни инвесторларга қурилиш ишларини амалга оширишга тайёрлашга доир ишлар барча мавжуд кучларни сафарбар этган ҳолда бошлаб юборилган.
“Tashkent city” халқаро ишбилармонлик маркази дирекцияси ҳудудда қурилиш ва тозалаш ишларини амалга ошираётган барча юридик ва жисмоний шахслар томонидан ушбу ишларни амалга оширишда амалдаги ҳужжатларга тўла амал қилишини ва мақолада тилга олинган камчиликни келажакда йўл қўйилишининг олдини олишга доир барча чора-тадбирлар кўрилишини маълум қилган.
Маълумот ўрнида, мазкур лойиҳани амалга ошириш муддати қисқа бўлгани туфайли республиканинг барча ҳудудларидан юк машиналари ва қурилиш техникалар жалб қилинган.