Бу газета ўша замон мусулмон газеталари ичида энг сўли бўлиб, ҳукумат ва унинг маъмурларига қарши ҳужум очди.
“Тараққий” газетаси 1906 йил 14 июнь (янги ҳисоб билан 27 июнь) куни чиқа бошлаган. Илк сонидан илғор ғояларни тарғиб қилаишга тушган газета саҳифаларида босилган ҳар бир мақола маориф ва мактабларни ислоҳ этиш, ислом дини қоидаларига амал қилиш ғоялари асосий ўрин тутади. “Тараққий” фаолиятининг асосини ривожланиб бораётган илғор мамлакатлар тажрибаларини қўллаб, тобора орқага кетаётган миллатни бу йўлдан асраб қолиш учун курашиш ғояси ташкил этарди.
Газетанинг илк сонида таҳририят томонидан берилган мақолада нашр қилиниши, унинг ўз олдига қўйган мақсади ва олиб борадиган фаолияти ҳақида сўз юритилади: “Газетамиз “Тараққий” номинда ўлиб, бора-бора жисми ҳам исмиға мувофиқ ўлуб, миллатимизни “кейин” бормоғига асло рози эмасдурмиз. Бақадри имкон миллати исломни олий даражада ўлмоғига ва миллати исломдаги тижорат, касб ва корнинг ортмоғига йўл излаб ижтиҳол қилур”.
“Тараққий”нинг илк сони 14 июнь, янги сана ҳисоби билан 27 июнь куни чиққан. 20-сонига етганда мусодара қилиниб, нашр этиш тўхтатилган. Газета 20 августга қадар, яъни икки ой, бир ҳафта нашр қилинган.
“Тараққий” – тараққийпарвар бир газета бўлиб, муҳаррири ички Русия тоторларидан Исмоил Обидий йўлдош эди Ўктябр инқилобидан сўнгра бу киши сўл сусиёлист революсионер фирқаси вакили ўлароқ дохилия кўмисори мансабинда бўлинди. Икки ой давом этгандан сўнгра ҳукумат тарафиндан бекитилди.”
(Туркистонли Абдулҳамид Сулаймон
Боку, 26 август, 1920.)
“Тараққий” газетаси Иван Гейернинг тўхталғон газетаси ўрнига чиқди, деса мумкиндир. Унинг обуначиларининг қолға(н) ҳақиға “Тараққий” газетаси юборилди. Бу газета тез фурсатда шундай шуҳрат қозондиким, ҳатто газета муҳаррири бўлғон Исмоил Обидийга “Тараққий” исми берилди. Ҳозиргача халқ Исмоил Обидийнинг исмини Тараққий деб юритадир.
Бу газета элнинг энг суюб ўқуйдурғон бир газетаси бўла олди.
Бу газета ўша замон мусулмон газеталари ичида энг сўли бўлиб, ҳукумат ва унинг маъмурларига қарши ҳужум очди. Бу газета ёрлиқ (меҳнаткаш) ёш ёзувчиларға саҳифасидан кенг ўрин берди.
Истибод ҳукуматининг фавқулодда сақлаш (Черезвы чайный охран) қўли билан бу газета ўлдирилди. Халқ озиқасиз қолиб, узоқ вақт жимжитлик ҳукм сурди”
(Абдулла Авлоний “Туркистон”
газетасининг 295 сонидан, 1924 йил 24 июнь)
Биринчи бўлиб маҳаллий халқ манфаати йўлида фаолият юритган газета шарафига Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонига кўра, “Тараққий” газетаси ташкил топган сана – 27 июнь “Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлар куни” деб эълон қилинган. Мана неча йилдирки, ушбу кун юртимизда кенг нишонланади.
Илова: мақолани тайёрлашда миллий журналистикамизнинг тарихи ва ривожланиш босқичларини чуқур тадқиқ этган олима Назира Абдуазизованинг “Миллий журналистика тарихи” китобидан фойдаланилди.