...
МЕНЮ
ONLINE TV

“Сен, албатта, тирик қайтишинг шарт!” Ўзбекларнинг уруш давридаги мактублари


11:14, 28.04.2018 Жамият
 6 297

Уруш йитллари ёзилган мактублар ҳар бир кишининг қалбини ларзага солмай қолмайди.

Иккинчи жаҳон уруши кўплаб халқлар бошига кулфатлар олиб келди. Фронт ортидаги ўғлонлар ва уларнинг яқинлари уруш туфайли давосиз изтиробларга дучор бўлишди.
 
Урушнинг кулфати, оғир кунлари ва мазмунсиз ҳисларидан ташқари соғинч, қаҳрамонлик ва ғурур туйғулари жўш урган паллалари ҳам кўп бўлди. Мана шундай пайтларда Ватандаги она халқ ва фронтдаги фарзаднинг оқ қоғозга тўкилган ҳислари йиллар ўтса-да, ўқувчини тўлқинлантирмасдан қолмайди.
 
Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ҳужжатлари,  уларнинг жангоҳлардан ёзган мактублари Ўзбекистон Республикаси Марказий давлат архивида қирқдан ортиқ йиғма жилдда сақланмоқда.  Йиғма жилдларнинг ҳар бирида 200 дан ортиқ маълумот мавжуд.
 
Учбурчак,  сарғайган,  ранги учган мактублар...  йўл-йўлакай,  шошиб,  турли ўлчамдаги оддий қоғозларга ёзилиб,  букланган-у бир томонига борар манзили,  бошқа томонига “Полевой почта” номерлари ёзилган.  Уларни қўлга олганингизда жангоҳлар ҳидини,  уруш даври одамларини,  уларнинг қалб кечинмалари кўз ўнгингизда бирдам намоён бўлади.
 
Уларни қўлга олганингизда,  ўқиганингизда мактуб ёзганларнинг ўй-хаёллари,  қалбидан кечган туйғулари,  соғинчларини сиз ҳам ҳис қиласиз.
 
Қуйида мана шундай мактубларнинг бир нечтаси билан танишасиз:
 
“СЕН,  АЛБАТТА,  ТИРИК ҚАЙТИШИНГ ШАРТ!”
 
1943 йил.  28 феврал
 
Бухорода яшовчи Муҳиддиновлар оиласига 266 полевой почтадан табрикнома келди.  У аканинг сингилга янги йил табриги экан:
 
“Салом меҳрибон сингилжоним.  Мен сизларга янги йил саломини юборяпман.  Мен соғ ва саломатман.  Насиб бўлса немис-фашистлари тор-мор бўлади.  Ўлмасам бораман.  Мендан отамга ва онамга салом айт.  Хат ёзиб юборинглар”.
 
Мана шу қисқагина ёзилган жумлалар хавотирдан қалтираб турган юракларга қанчалар қувват бергани Оллоҳга аён.  Энг муҳими фронт ортидагилар “Сен,  албатта,  тирик қайтишинг шарт”,  дея даъват қилган бўлса,  жанггоҳдагилар ғалабага ишончи мустаҳкамлигини,  бироқ дийдор қиёматга қолса сабрли бўлиш кераклигини ҳам эслатиб туришган.  Зеро,  уруш даҳшатлари,  фожиалари улар билан ёнма-ён яшаётган эди-да...
 
СОҒИНЧ КАБУТАРЛАРИ. . .
 
...Беомон жанггоҳда тутдек тўкилаётган одамларни кўриб,  она юртинг,  қадрдонларинг ёнига эсон-омон қайтиш умиди хомхаёлдек туюлади. Ахир ҳар дақиқа ўлимни бўйнингга олиб,  бугун бўлмаса эртага деб яшаш азоб...
 
Бу хотираларни эслаганда бугунги кунларимизга такрор-такрор шукрона келтирамиз.  Осуда ҳаётнинг қадри қанчалик улуғлигини,  тинчликнинг нақадар муқаддас неъмат эканини яна бир бор ҳис этамиз.
 
1945 йил.  8 январ
 
“Ҳайрли кун, онажон.  Кечиринг.  Узоқ вақт хат ёзолмадим.  Суратингизни авайлаб юрибман.  Биз қуршовда қолган эдик.  Бошимдан яраланиб,  хотирамни йўқотган эканман.  Госпиталда икки ойдан буён даволаняпман.  Ўзимга келиб қолдим,  шундай бўлса-да уйга юборишмоқчи.  Ғалаба кунлари яқин-дай.  Дўстларим немисларни додини бермоқда,  суриб чиқаришяпти.  Ўзбекистонда кўришгунча,  онажон.  Зинага ва дўстларга салом.  Ўғлингиз Геннадиий Чиянин.  1945 йил.  8 январ”
 

 
Тошкентда яшаётган онаизор Татяна Ивановнага юборилган бу хат балки уни қувонтиргандир,  ахир ўғли қайтади ёки фарзандининг соғлиғини йўқотганидан ҳавотирга тушган бўлса-да,  тирик қолганига шукур қилгандир.  Буниси энди бизга қоронғу. 
 
Турли туман дил изҳорлари битилган,  соғинчдан сарғайган бу учбурчак мактублар жанггоҳдан учирилган соғинч кабутарларига ўхшайди.  Улар урушдан қайтмаган ўғлонларнинг:  “Урушнинг номи ўчсин,  тинчликнинг қадрига етинг,  уни кўз қорачиғидек асранг,  юртимиздаги тинчлик-осойишталик ҳамма нарсадан қадрли”,  дея хитоб қилаётгандек,  гўё.
 
ЖАНГЧИЛАР ҲАЁТИНИ САҚЛАГАН ЎЗБЕК
 
Тарихдан маълумки,  иккинчи жаҳон урушига Ўзбекистоннинг бир ярим миллион фарзанди сафарбар этилган.  Уларнинг беш юз минг нафари ватанига қайта олмай жанггоҳларда қолиб кетди.  120 минг ўзбекистонлик жангчи садоқати ва жасорати учун орден ва медаллар билан мукофотланган.
 
Ўй-хаёллар гирдобида архив йиғмажилдларини бирма-бир варақлаб,  қўлёзмада турли тилларда ёзилган мактубларни ўқишга,  уни моҳиятини англашга уринамиз.  Жуда ҳам эскириб кетган,  оҳори тўкилаёзган варақлардаги хатлар ручкада,  қаламда ёзилган.  Баъзиси бир вараққа майда ёзувлар билан,  бошқаси йирик ҳарфлар билан батафсил ёзилган,  яна бирида рус ва ўзбек ҳарфларини аралашувидан ҳосил бўлган сўзлар битилган.
 
1944 йилнинг 1 декабрида ҳарбий котибга ёзилган Капитан Махиннинг мактубидан парча:
 
“Ҳурматли котиб.  Бизнинг қисмимизда сизнинг ҳамюртингиз катта сержант Содиқов Сергей Мингазович хизмат қилмоқда.  У ўзининг жасорати ва зийраклиги билан кўпчиликка ўрнак бўлмоқда.  Куни кеча қисмимиз муҳим топшириқни бажариш учун кетаётганда душманнинг отрядига дуч келдик.  Ана шунда Сергей жуда тезлик билан 25 немисни йўқ қилиб,  кўплаб жангчиларни ҳаётини сақлаб қолди. 
 
Олдинги жанглардаги жасорати учун ҳам унга бир неча орденлар берилган.  Энди у автоматчилар қисмининг раҳбари.  Ана шундай инсонни тарбиялагани учун унинг онаси Содиқова Марғубага миннатдорлигимизни етказинг.  Агар унинг оиласига ёрдам керак бўлса,  кўмак беришингизни сўраймиз.  Оила Денов шаҳри,  Дочная кўчаси 9/2 яшайди”.
 

 
Энг қийин вазиятда ҳам жасурлигини намоён қила олган бундай йигитларнинг кўплари уруш қурбони бўлди. 
 
ОЛИС ЎЗБЕКИСТОНДАН КЕЛАЁТГАН МАКТУБЛАР
 
Мактубларни ўқир эканмиз,  наинки ўзбек йигитлари балки ўзбек хотин-қизларининг ҳам буюк ғалабага ўзининг муносиб ҳиссасини қўшганига гувоҳ бўламиз.  Ахир иккинчи жаҳон уруши даврида фронт ортида меҳнат қилган оналаримиз,  опаларимизнинг матонати ғалаба онларини яқинлаштирган. 
 
Катак дафтарнинг икки саҳифасини тўлдириб ёзган яна бир миннатдорлик хатини ўқишга уринамиз.  У Ўзбекистонда чоп этиладиган “Қизил Ўзбекистон” (ҳозирги “Ўзбекистон овози”) газетаси таҳририятига Одессадан юборилган.  Ҳарфларга йиллар ўз ҳукмини ўтказгани боис матнни тўлиқ ўқишнинг имкони йўқ.  Унинг қисқача мазмунини шундай:
 
“Ҳурматли дўстлар,  Ўзбекистон хотин-қизлари! 
 
Сизларга ўз муҳаббатимиз ва саломимизни йўллаймиз.  Ҳозиргина портлашлар тинди.  Орамиздаги масофа узоқ,  лекин ҳаммамиз бир туйғу — ғалаба риштаси билан боғланганмиз.  Албатта,  немис босқинчиларини йўқ қилиб,  дунёда тинчлик ўрнатамиз.  Бу ғалабада қуёшли Ўзбекистон аёлларининг,  ўз турмуш ўртоғини,  ўғлини кутиб меҳнат қилаётган сизларнинг ҳам ҳиссангиз бор.
 
Биз уруш тўфони ичида кун ва тунни фарқига бормай қолганмиз.  Қисмимиздаги кўпчиликнинг оиласини немислар ҳалок қилди.  Баъзи оилалар Ўзбекистондан паноҳ топди.  Ортимизда сиз каби меҳрибон опа-сингилларимиз,  оналаримиз борлиги ва бизнинг яқинларимизга ғамхўрлик қилаётганидан миннатдормиз.  Солдатларимиз олис Ўзбекистондан келган хатларни ўқиганда,  бизнинг ҳам кўзларимизга ёш келади.  Сўнги қонимиз ва жонимиз қолгунча ғалаба учун курашамиз. 
 
Ҳурматли таҳририят вакиллари бу мактубни,  албатта,  саҳифаларингизда чоп этинг. 
 
Капитан Шелепмев,  капитан Мосягин,  катта лейтенант Горинский,  лейтенант Ананев.   1943 йилнинг 12 декабр”.
 

 
Бундай хатни ўқиб беихтиёр кўнглингиз ўсади:  ўзбек халқининг фарзандлари ғурурли,  жасур меҳрли ва лафзи ҳалол бўлмаганида бугун биз истиқлол нашидасини сура олармидик… мард йигитлар туфайли бугун осмонимиз мусаффо,  ҳаётимиз фаровон.  Бундай миннатдорлик мактублари фронт ортидаги меҳнаткашлар кучига куч,  шижоатига шижоат қўшганини бор гап.
Темур Назаров тайёрлади

Теглар:Иккинчи жаҳон уруши фронт мактуб 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!

Тавсия

Сўровлар

Сиз қайси яхна ичимликларни ичасиз?

Барча сўровлар