...
МЕНЮ
ONLINE TV

“Реал” – Европа чемпиони! Рекорд ўрнатган жамоа номи тарихга муҳрланди


02:11, 04.06.2017 Спорт
 4 178

Агар “Ювентус” “Реал” устидан ғалаба қозонишнинг уддасидан чиққанида ҳар бир футболчи Ferrari автомобили билан тақдирланарди.

Бугун, 4 июнь куни Уэльс мамлакатининг Кардифф шаҳридаги “The National Stadium of Wales” стадионида “Ювентус” ҳамда “Реал” Мадрид клублари ўртасидаги учрашув якунига етди. Унда Испаниянинг “Реал” жамоаси 4:1 ҳисобида зафар қучди. 

Учрашув “Ювентус”нинг кетма-кет ҳужумлари остида бошланди. 20-дақиқида Криштиану Роналду мадридликларнинг ажойиб комбинациясини чиройли гол билан якунлади ва жамоасини олдинга олиб чиқди. 

Бироқ, орадан етти дақиқа ўтиб, “Ювентус” ҳисобни тенглаштиришга эришди. Марио Манжукичдан супер гол.

Иккинчи бўлим мадридликларнинг бир нечта хавфли ҳужумлари билан бошланди. 61-дақиқада Каземиро чамаси 28 метрлардан кучли зарба берди, тўп Хедирага тегиб Буффон дарвозасидан жой олди.

Орадан уч дақиқа ўтиб, Лука Модрич жарима майдончасига ёриб кирди ва тўпни Роналдуга узатиб берди, португалиялик футболчи тўпни тўхтатиб ўтирмай дарвозага жойлади ва ўйиндаги дублини расмийлаштирди.

Роналдунинг сўнгги дақиқаларда жарима зарбасини ижро этган тўпи, Марко Асенсиога келиб тушди, ва уни тўхтатиб ўтирмай, Буффон қўриқлаётган дарвозага зарба берди ва жамоасининг тўртинчи голига муаллифлик қилди. 

Шу тариқа, “Реал” ўз тарихида 12-бор ва кетма-кет иккинчи марта Европанинг энг нуфузли мусобоқасида зафар қучган илк жамоага айланди.

Европа Чемпионлар лигаси, финал

“Ювентус” Италия – “Реал” Мадрид Испания - 1:4


Голлар: 0:1 – 20 Роналду, 1:1 – 27 Манжукич, 1:2 – 61 Каземиро, 1:3 – 64 Роналду. 

“Ювентус”: Буффон, Бонуччи, Кьеллини, Алекс Сандро, Барзальи (Куадрадо, 66), Пьянич (Маркизио, 70), Хедира, Дани Алвес, Манджукич, Игуаин, Дибала (Лемина, 78).

“Реал Мадрид”: Навас, Варан, Марсело, Карвахаль, Рамос, Кроос (Мората, 88), Каземиро, Иско (Асенсио, 82), Модрич, Роналду, Бензема (Бэйл, 77).

Огоҳлантиришлар: Дибала (12), Рамос (31), Карвахаль (42), Кроос (53), Пьянич (66), Алекс Сандро (70), Куадрадо (72).

Четлатиш: Куадрадо (84).

Учрашувга тегишли асосий фактлар:

1. “Реал” Мадрид футболчиси Хамес Родригес учрашув қайдномасига киритилмади. Унинг “Реал”ни тарк этиши эҳтимоли янада кучайди.

2. Мадриднинг “Реал” клуби ҳужумчиси Криштиану Роналду “Ювентус”га қарши учрашувда дубль қайд этди. Шу тариқа, португалиялик футболчи ЕЧЛ тарихида илк бора учта финалда гол урган илк футболчига айланди. Шунингдек, КР7 ЕЧЛ финал баҳсларида 4 та гол урган илк футболчига айланди. 

3. Агар Туриннинг “Ювентус” клуби “Реал” устидан ғалаба қозонишнинг уддасидан чиққанида ҳар бир футболчи Ferrari автомобили билан тақдирланарди.

4. “Реал” клуби “Ювентус”ни 4:1 ҳисобида доғда қолдирди ва бу голлар мадридликлар учун мусобоқа тарихидаги беш юзинчиси бўлди. “Реал” ушбу натижани қайд этган илк жамоага айланди.

5. Европа Чемпионлар лигаси финал учрашуви илк бора усти ёпиқ стадионда ўтказилди.

6. Роналду 4-марта ЕЧЛ финалида ғолиб чиқиб, асосий рақиби Мессини ортда қолдирди.

7. “Реал” кетма-кет 2 марта ЕЧЛ финалини ютган илк жамоага айланди. 23 йиллик “қора анъана” барҳам топди.

8. “Реал” сўнгги 59 йилда бир мавсумда Ла-Лига ва ЕЧЛ бош совринларини қўлга киритди.

9. “Реал” бош мураббийи Зинеддин Зидан мураббийлик фаолиятида икки мавсум кетма-кет ЕЧЛ финалида ғолиб чиқди. 

10. Криштиану Роналду ушбу чемпионлик билан бешинчи “Олтин тўп” учун асосий даъвогарга айланди. У бу борада Лионель Мессига етиб олишга жуда яқин турибди.

11. Роналду ўз фаолиятидаги 600-юбилей голини киритди.
Акмалхон Эшонхонов 

Теглар:Ювентус Реал ЕЧЛ Европа Чемпионлар лигаси 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!