Қонун лойиҳасининг мақсади Республика ҳудудида фуқаролик, хизмат ҳамда жанговор қуроллар ва қурол заҳираларинингмуомаласи соҳасидаги муносабатларни ҳуқуқий тартибга солишдир.
“Қурол тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни лойиҳаси юзасидан Ўзбекистон Республикаси Ягона интерактив хизматлар портали орқали келиб тушган таклиф ва фикрларга таянган ҳолда Ички ишлар вазирлиги қуйидагилар юзасидан тушунтириш бериши зарур деб ҳисоблайди.
Қонун лойиҳасининг мақсади Республика ҳудудида фуқаролик, хизмат ҳамда жанговор қуроллар ва қурол заҳираларинингмуомаласи соҳасидаги муносабатларни ҳуқуқий тартибга солиш бўлиб, қуйидаги асосий йўналишларга қаратилган:
– қуролдан фойдаланувчи ва олиб юрувчи, улардан фойдаланиш ҳуқуқига эга бўлган давлат органлари, жисмоний ва юридик шахслар категориясини аниқлаш;
– маълум бир қурол туридан фойдаланувчи ва олиб юрувчи давлат органлари ва ташкилотлари, ҳарбий тузилмалар, ҳуқуқ-тартибот органлари ва бошқа куч ишлатувчи тузилмалар, шунингдек фуқаролар саломатлиги ва ҳаётини, уларнинг мол-мулкини ҳимоя қилувчи, табиатни муҳофаза қилиш ва табиий ресурсларни ҳимоя қилиш, қимматбаҳо ва хавфли юклар, махсус жўнатмаларни олиб юрувчиларнинг ваколатларини аниқ чегаралаш;
- юқори ижтимоий хавф (жароҳатловчи, пластик қуроллар, кучайтирилган пневматик ва газли қуроллар, радиоактив нурланишли ва биологик факторли қуроллар ва бошқалар) келтириб чиқарувчи айрим қурол турлари ва шаклларига республикада тақиқ ўрнатиш;
– қурол-яроқ билан шуғулланиш соҳаси ва ушбу соҳадаги ваколатли давлат органлари фаолияти устидан лицензион-рухсат берувчи тартиб ўрнатиш;
– қуроллар ва ўқ-дориларни ишлаб чиқариш ва олиб киришни мажбурий сертификатлашни ташкил этиш, қурол ва ўқ-дориларни мусодара қилиш учун асосланган сабабларни аниқлаш;
– экспорт-импорт, қурол ва ўқ-дориларни олиб кириш-олиб чиқиш тартибини тасдиқлаш, бундан ташқари Республика ҳудудида халқаро шартномалар асосида вақтинчалик бўлиб турган, хорижий делегация ва дипломатик ваколатхоналар хавфсизлигини таъминлаш мақсадида фойдаланиладиган қуролларнинг айланиши тартибини ишлаб чиқиш.
Қонун лойиҳаси фуқароларнинг қуроллардан фақатгина ов ва спорт (ўрнатилган тартибда рўйхатдан ўтган овчилар жамияти ва спорт клублари аъзолари) билан шуғулланишини назарда тутади. Жисмоний шахслар томонидан,юқори ижтимоий хавфни келтириб чиқарувчи, ўзини мудофаа қилиш ва бошқа турдаги қуроллардан фойдаланишга рухсат берилмайди.
Шахсий мудофаа мақсадларида фойдаланиладиган газли балончалар, механик пуркагичлар, аэрозоллар ва бошқа воситалар, Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан рухсат берилган кўздан ёш келтирувчи ва безовта қилувчи воситалар, электрошок қурилмалари ва учқунланувчи зарядлагичларга рухсат этилади;
Ушбу мудофаа воситаларидан фуқаролар ички ишлар органлари томонидан тегишли назорат тадбирлари ўтказилиши натижаларига асосан берилган рухсатнома асосида фойдаланишлари мумкин.