...
МЕНЮ
ONLINE TV

“Qalampir.uz” — бугунги айрим журналистларимизда жасорат етишмайди


18:29, 30.09.2017 Жамият
 4 111

Маҳорат дарсини ўзбек Интернет журналистикасининг ривожига ҳисса қўшаётган тажрибали журналист, “Qalampir.uz” интернет-нашрининг раҳбари Қамариддин Шайхов олиб борди.

Бугун, 30 сентябрь куни Ўзбекистон Давлат жаҳон тиллари университети Халқаро журналистика факультетида “Интернет журналистикаси” амалиёти бўйича маҳорат дарси бўлиб ўтди.
 
Мазкур факультетнинг учинчи босқич талабалари учун махсус ташкил этилган дарс бугунги куннинг долзарб муаммоларидан бири бўлган Интернет журналистикаси ҳуқуқий асослари, дунё ахборот маконига кириб борган бугунги кун мисолида жамият ва шахснинг ҳуқуқий ҳимояланганлик масалалари ҳамда виртуал дунё ахборот маконида ахборот-психологик хавфсизликни таъминлаш мавзусига бағишланди. Маҳорат дарсини ўзбек Интернет журналистикасининг ривожига ҳисса қўшаётган тажрибали журналист, “Qalampir.uz” интернет-нашрининг раҳбари Қамариддин Шайхов олиб борди.


 
Таъкидлаш жоизки, ЎзДЖТУ Халқаро журналистика факультети талабаларини Интернет жуналистикаси соҳасига тайёрлашда доцент Наргис Қосимованинг ҳиссаси жуда катта. Филология фанлари номзоди Н.Қосимованинг бу соҳага оид кўплаб илмий ишлари айнан ўзбек Интернет журналистикаси фаолиятининг истиқболига қаратилган. Яна шуни ҳам қўшимча қилиш мумкинки, ўзбек Интернет журналистикаси соҳасида самарали фаолият олиб бораётган маҳоратли журналист Қамариддин Шайхов ҳам илмсевар устознинг шогирдларидандир. У 2015 йилда айнан Халқаро журналистика факультетини тамомлаган.


 
Қамариддин Шайхов бугунги кун ўзбек интернет журналистикаси, унинг халқаро ҳаётда тутган ўрни, ютуқлар ва камчиликлар ҳақида гапирар экан, айрим журналистлар, асосан соҳага эндигина қадам қўяётганларнинг аксарияти мавжуд қонунлар билан таниш эмаслиги, журналистик таълимда қонунчиликни ўқитиш тизими суст эканини таъкидлади. У  бу ҳақда гапирар экан, журналистларнинг кўплари бугун танқидга ружу қўйгани, танқид қилишга маънан ҳақлилик ёддан чиқиб бораётганига алоҳида тўхталди, кўплаб ёш журналистларда жасорат ва ўзига ишонч йўқолиб бораётганини айтди.
 
ЎзДЖТУ Халқаро журналистика факультетида бўлиб ўтган маҳорат дарси бўлажак ёш журналистларда катта таассурот қолдирди. Талабалар қизғин кечган суҳбат ниҳоясида ўзларини қизиқтирган саволларига батафсил жавоблар олдилар.
 
Бўлажак журналистлар касбий маҳоратини ошириш мақсадида ташкил этилган мазкур учрашувга қимматли вақтини аямай келгани учун “Qalampir.uz” сайти раҳбари Қамариддин Шайховга талабалар ва педагогик жамоа номидан миннатдорлик билдирамиз. Шунингдек, ёш авлодга таълим-тарбия бериш соҳасида сидқидилдан хизмат қилаётган барча устоз ва мураббийларни уларнинг касб байрами билан чин дилдан муборакбод этамиз.
Муҳайё Саидова, ЎзДЖТУ Халқаро журналистика факультети ўқитувчиси

Теглар:Халқаро журналистика факультети Маҳорат дарси 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!

Тавсия

Сўровлар

Сиз ҳеч пора бериб кўрганмисиз?

Барча сўровлар