Охири иш сўраб, югур-югурдан тойган Наргиз яна бизга мурожаат қилди. Тушкунликка тушгани, ҳаётда маъно тополмай, яшашни истамаётгани ҳақида йиғлаб гапирди.
Лекин бешта бармоқ бир хил бўлмаганидек, айрим Халқ қабулхоналари мутасаддилари ҳам мурожаатларга лоқайдлик билан қарамоқдалар. Ушбу фармонга мувофиқ, таҳририятимиз Facebook ижтимоий тармоғида “Qalampir” халқ қабулхонасини очган эди. Мазкур қабулхонага келиб тушган илк мурожаатлардан бири билан танишиб, обдон ўрганиб, кейин уни чоп этишга қарор қилдик.
Жорий йилнинг 29 март куни сайтимиз орқали “Ногиронларни ким иш билан таъминлайди?” номли хабарни эълон қилган эдик. Ушбу хабарни ўқиган интернет фойдаланувчилари бизга кўплаб мурожаатлар билан чиқа бошлади. Имконияти чекланган ва ногиронлар учун қандай имтиёзлар борлиги ҳақида кўплаб саволлар келиб тушди.
Лекин ўша сайёр қабулда бевосита иштирок этган Наргиз Қодирова умуман бошқа муаммо билан бизга алоқага чиқди. Хабарда шундай ёзилади: “Туманнинг (Шайхонтоҳур – таҳририят) Гулобод кўчасида истиқомат қилувчи Наргиза Қодирова болаликдан ногирон. Ўзи юришга қийналса-да, қўлида ҳунари бўлган бу аёл уйда бекор ўтиришни истамай, ўзига маъқул иш қидираётган экан. Унинг мурожаатини эшитган Тошкент шаҳар хотин-қизлар қўмитаси масъул ходимлари, туман бандликка кўмаклашиш маркази ходимлари унга муносиб иш топиб берадиган бўлди”.
Қаранг, Тошкент шаҳар хотин-қизлар қўмитаси ва туман бандликка кўмаклашиш маркази ходимлари сайёр қабул пайтида Ўзбекистон Республикаси Президенти девони масъул ходимлари, Тошкент шаҳри ҳокими Раҳмонбек Усмонов, Шайхонтоҳур тумани ҳокими, шаҳар прокуратураси, ички ишлар бошқармаси, суд идоралари раҳбарлари олдида ваъда беришган.
Лекин, мана, орадан 1 ойдан кўп вақт ўтган бўлса-да, Наргиз Қодирова ҳалигача ишсиз ва энг ёмони, туман мутасаддилари ёлғон гаплар билан уни ҳалигача умидвор қилмоқда. Иш топилса, 2-3 ёки 4-қаватдан топилади. Униси ўхшамаса, ногиронлигини рўкач қилишади. Ҳолбуки, у олий маълумотли журналист, ЎзМУда таҳсил олган. Қизиқ, ишга, меҳнатга лаёқатсиз бўлса, 4 йил қаерда ўқиб, дипломни қандай олган экан унда?
Охири иш сўраб, югур-югурдан тойган Наргиз яна бизга мурожаат қилди. Тушкунликка тушгани, ҳаётда маъно тополмай, яшашни истамаётгани ҳақида йиғлаб гапирди. Эртаси куни онаси қўнғироқ қилди. Ўша пайтда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Олмазор туманига ташриф буюрган эди. Онасининг айтишича, Наргиз ушбу туманга, Президент билан учрашгани кетиб, ҳали қайтиб келмаган экан (соат тахминан 19:30 – 20:00 лар орасида эди).
Энди фуқаро Наргиз Қодированинг шу пайтгача қилган мурожаатларига қисқача тўхталиб ўтсак.
Наргиз Қодирова Президент виртуал қабулхонасига 6 маротаба мурожаат қилган, шундан 5 мартаси ишга жойлашиш масаласида бўлиб, барчасига тушунтириш берилган. Яна бир мурожаати пенсия таъминоти билан боғлиқ ва бу мурожаат Молия вазирлиги томонидан қаноатлантирилган.
Мурожаатларининг асосий қисми ишга жойлашиш масаласида бўлгани аниқланди. Телефон орқали боғланилганда бошқаларнинг қарамоғида боқиманда бўлиб кун кечиришни хоҳламаслигини, олийгоҳ дипломи ҳамда қўлида ҳунари (косметолог) бўла туриб, ҳеч қаерга ишга олинмаётганидан норозилигини билдириб, агарда имкон ва шароит яратиб берилса, ҳеч кимга оғирлиги тушмасдан, жамиятда ўз ўрнини топиши мумкинлигини айтди.
Фуқаро Н.Қодированинг мурожаатлари ва унга берилган жавоблар
1. 2016 йилнинг 3 ноябрь куни 3334-l/16-сон мурожаатида ишга жойлашишни сўраган.
Натижа. Ушбу мурожаат юзасидан Меҳнат вазирлиги Тошкент шаҳри Меҳнат бош бошқармаси бўш иш ўринлари доирасида иш таклиф қилган. Аммо иш берувчилар томонидан ногиронлиги учун рад этилган, дея билдириб, қонун доирасида тушунтирилган ва 15.11.2016 йилдаги 06/675-сонли жавоб хати юборилган.
2. 2016 йилнинг 3 ноябрь куни (6823-l/16-сон) Кореяда ишлаб чиқарилган қўлтиқтаёқ беришлари ҳамда иш билан таминланиш бўйича мурожаат қилган.
Натижа. Ушбу мурожаат юзасидан Тошкент шаҳар ҳокимлиги соғлиқни сақлаш бош бошқармаси Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган қўлтиқтаёқ таклиф қилган. Фуқаро Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган қўлтиқтаёқни олишдан бош тортган. Тошкент шаҳар ҳокимлиги соғлиқни сақлаш бош бошқармаси қонуний тушунтириш берган ва 01.12.2016 йилда 10/1326-к-сонли жавоб хати юборилган. Ишга жойлашиш масаласи юзасидан жавоб берилмаган.
Шунингдек, туман ҳокимлиги томонидан Н.Қодированинг имконияти чекланган шахслигини инобатга олмаган ҳолда, биноларнинг юқори қаватдаги жойлар таклиф қилинган. Ажратилган жойга на Н.Қодированинг ўзи эркин чиқиб ишлай олади (чиқиб-тушиши учун шароит йўқ), на мижоз боради.
Меҳнат вазирлиги эса ишга жойлаштириш бўйича мурожаатлари юзасидан ўрганиш олиб бориб, меҳнатга лаёқатсизлиги сабабли ишга жойлаштирилмади, дея жавоб берган.
Юқоридаги ҳолатни инобатга олган ҳолда, Вазирлар Маҳкамасининг 2008 йил 20 августдаги “Ижтимоий муҳофазага муҳтож ва иш топишда қийналаётган шахсларни ишга жойлаштириш учун иш ўринларини банд қилиб қўйиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги 186-сон қарорига мувофиқ, Н.Қодированинг талаблари қонуний асосга эга.
Хулоса шуки, Меҳнат вазирлиги Шайхонтоҳур туман ҳокимлиги билан биргаликда, иш жараёнларини тўсқинликсиз бажариш имконини (соғлиғининг аҳволи ва меҳнат фаолиятига нисбатан белгиланган зид кўрсаткичлар ҳисобга олинган ҳолда) берувчи иш ўринлари билан таъминлаши шарт.
Маълумот учун: Н.Қодирова 1985 йил 23 июнда туғилган. Тошкент шаҳар, Шайхонтоҳур тумани, Гулобод кўчасида истиқомат қилади. Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетининг Журналистика факультетини 2008 йилда тамомлаган.
2001 йил 7 июлда 1-сонли ихтисослаштирилган травматология ТМЭК кўригидан ўтказилиб, хулосага асосан, ногиронлик болаликдан муддатсиз берилгани ҳамда фуқаро Н.Қодированинг соғлиғи ҳолатини, турмуш фаолияти чекланишини, маълумотини, касбини, ёрдамчи техник воситаларидан фойдаланиб, бошқа шахслар ёрдамида техник воситалардан фойдаланиб ва бошқа шахслар ёрдамида махсус (уй шароитида) ташкил этилган меҳнат шароитларида меҳнат фаолияти билан шуғулланиши мумкинлиги юзасидан хулоса берилган.