Қорақалпоғистон Республикаси ва барча вилоятлардаги Меҳрибонлик ва Мурувват уйлари ўғил-қизлари, “SOS – болалар маҳаллалари” тарбияланувчилари, ота-она қарамоғидан маҳрум болалар учун Президентнинг Янги йил совғалари етказилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлигидан хабар қилишларича, балажонлар учун Ўзбекистон Республикаси Президенти номидан тақдим этиладиган 12 номдаги ўқув қуроллари ва 15 номдаги ширинликлардан иборат бўлган совғалар тайёрланган. Президент совғалари Тошкент, Сирдарё ва Жиззах вилоятларига автотранспортда, Қорақалпоғистон Республикаси ва бошқа вилоятларга “Ўзбекистон ҳаво йўллари” авиакомпаниясининг самолётлари орқали жорий йилнинг 25-28 декабрь кунлари жадвал асосида етказиб берилмоқда.
Совғалар 29 декабрдан бошлаб Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ва барча вилоятларда ташкил этиладиган “Президент арчаси” тадбирларида кичкинтойларга тантанали равишда топширилади.