29-30 декабрь кунлари ўтказиладиган махсус байрам дастурида Томоша” болалар мусиқий театр-студияси томонидан “Мўжизалар олами” номли саҳналаштирилган мусиқий чиқиши тайёрланмоқда.
“Анъанага содиқ қолган ҳолда бу йил ҳам 29-30 декабрь кунлари “Президент арчаси” театрлаштирилган концерт дастури ўтказилади. Республика бўйича ўтказиладиган “Президент арчаси” байрам тадбирларига жами 9893 нафар болалар таклиф этилиши режалаштирилган. Улар орасида Меҳрибонлик уйлари ва Болалар шаҳарчалари, “SOS – болалар маҳалласи”, Гўдаклар уйи, Оилавий болалар уйлари, “Мурувват” уйлари тарбияланувчилари, маҳаллалардаги 3 ёшдан 15 ёшгача бўлган ота-онасининг қарамоғидан маҳрум бўлган болалар ҳамда юрт тинчлиги йўлида қурбон бўлган Ички ишлар, Мудофаа, Фавқулодда вазиятлар вазирликлари, Миллий хавфсизлик хизмати, Республика Прокуратураси ҳамда Божхона қўмитаси ходимларининг фарзандлари бор”, деб хабар берди Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги Матбуот хизмати.
Болажонлар учун Томоша” болалар мусиқий театр-студияси томонидан “Мўжизалар олами” номли саҳналаштирилган мусиқий чиқиши тайёрланмоқда. Шунингдек, тадбирга таклиф этилган болаларга “Президент совғаси” Лола Каримова-Тилляева бошчилигидаги “Сен ёлғиз эмассан” хайрия жамғармаси томонидан топширилади. Ўзбекистон Республика Президенти номидан тақдим этиладиган 12 номдаги ўқув қуроллари ва 15 номдаги ширинликлардан иборат бўлган 11 минг дона совға тайёрланган.
Шу ўринда, бир савол туғилади: “Президент арчаси” концерт дастурига фақат таклифнома билан бориладими?
Кўпчиликни қизиқтираётган ушбу саволга жавобни “Туркистон” санъат саройидан олдик.
“Президент арчаси” концерт дастурини томоша қилиш учун чипта сотиб олса ҳам бўлади. Чипталар аллақачон сарой кассасида сотилмоқда. Ҳар бир чипта нархи 35, 40, 45 минг сўмдан. Бироқ улар 29-30 декабрь кунилари учун эмас, балки 2017 йилнинг 2 январидан бошлаб ўтказиладиган концерт дастури учун мўлжалланган.
Мазкур концерт дастурида ҳам “Томоша” болалар гуруҳи томонидан саҳналаштирилган “Мўжизалар олами” мусиқий чиқиш такроран намойиш этилади.