...
МЕНЮ
ONLINE TV

“Ўзбеккино”нинг “Art House” лойиҳаси хўжакўрсинга ташкил этилганми? Сўз кастинг қатнашчисига!


18:46, 21.11.2017 Кино
 8 460

Кастингда ўзини синаб кўриш учун борган журналист Отабек Ибрагимов Facebook ижтимоий тармоғидаги шахсий саҳифасида лойиҳа ҳақидаги фикрларини баён этди.

Ўзбек киноси янги давр остонасида турибди...
 
Бу сўнгги вақтларда ОАВда янграётган энг қулоққа таниш жумлалардан бирига айлангани рост. Аслида маданият соҳасига оид бирор бир ташкилот раҳбариятида алмашинувлар рўй берса, фалон соҳада катта ўзгаришлар бўлади, дейилишига ўрганиб қолганмиз.
 
Тўғри, кўп ҳолларда айнан “фақат дейиш” билан чекланилади. Аммо “Ўзбеккино” МАнинг бошига “янги бош” келгандан кейин сезиларли ўзгаришлар амалга оширилди ва оширилмоқда.
 
Аввалроқ хабар берганимиздек, Алишер Навоий номидаги кино саройида “ретро кинозал” ишга туширилди. Ўзбек ва турк киноусталари ҳамкорлигида фильмлар суратга олиниши юзасида ҳамкорлик фаолияти йўлга қўйилди ва яна бир қанча ОАВларида ёритилган амалиётлар бажарилди.
 
Шу ойнинг бошида эса “Ўзбеккино” МА томонидан “Art House” номли лойиҳа тақдимоти ўтказилди ва лойиҳа расман ўз ишини бошлади. Таниқли актёр ва актрисалар, режиссёрлар иштирокида ўзбек киносига иқтидорли ёшларни жалб қилиш, уларнинг имкониятларини синовдан ўтказиш ва истеъдодлиларини кашф этиш, соғлом рақобат муҳитини яратиш, миллий кинематография санъатида юқори савияли фильмларнинг яратилишини таъминлаш мақсадида йўлга қўйилган ушбу лойиҳа ҳақида илк танқидий фикрлар ҳам жаранг соча бошлади.
 
Кастингда ўзини синаб кўриш учун борган журналист Отабек Ибрагимов Facebook ижтимоий тармоғидаги шахсий саҳифасида шундай ёзади:
 
“...Бу лойиҳани эшитганимдан кейин умуман бошқача бўлса керак, деб ўйлагандим. Лекин афсус...
 
Агар сизларга Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институтининг фақат телевидение ва кино режиссёрлиги факультетини тугатган ёшлар керак бўлса, унда манзилни тўғри кўрсатинглар. Кинога қизиққан бошқа соҳа вакиллари келса, устидан мазах қилиш ҳуқуқини сизларга ким берган?! Сиз ўзингизча яхши режиссёр бўлишингиз мумкин, лекин бу инсоннинг нафсониятига тегиш имконини бермайди.
 
Лойиҳада танлаш услуби ҳам, менимча, нотўғри ташкил қилинган. “Кастинг” дегани бу оддий суҳбат эмас-ку, айрим атамалар изоҳини айнан савол бераётган одам ўйлаб тургандай қилиб айтилмаса, бу режиссурани билмайди, дегани эмас. Устоз Баҳодир Йўлдошев атганларидек, бу ҳаётда ҳеч қандай қонун-қоида, чегаралар йўқ, уни одамлар ўзлари ўйлаб топган. Сиз ҳам режиссёр бўлиб туғилмагансиз, ўша сўраётган нарсаларингизни неча йиллик тажрибаларингиз орқали йиғгандирсиз?
 
Жаҳонга машҳур режиссёрларни номма-ном санаб беришни сўраяпсиз, балки, мен ёки менга ўхшаганлар ҳамма режиссёрларнинг номини билмас...
 
Мана, сиз биласиз, лекин бу билганингиз сизга жаҳонга машҳур бўла оладиган фильм олишга ёрдам беряптими? Ёки ўзбек киносини, айнан миллий киномизни ривожлантиряптими? Битта суҳбат орқали ёш ижодкорларнинг тасаввурини, унинг ғояларини, ўйлаётгани, яъни Жеймс Камерон айтганидек, миясидаги “кинотеатри”да нима рўй бераётганини, унинг юраги нима деётганини қаердан биласиз? Бунинг ўрнига режиссёрликка қизиққан, шу ўқишда қабул қилинмоқчи бўлганларга телефонда бўлса ҳам нимадир олиб кел, деб айтинг. Уларни кўриб, кейин ижодкорнинг ишига қараб баҳо беринг, камида бир ой кузатиб, саралаб олинг.
 
Атамаларни билишимиз ёки қандайдир чет эл режиссёрларини номини санаб беришимиз — ўзбек киносини қутқармайди! Ўзбек миллий киноси йўналишини яратишимизга, чет эл панорамаларида энг кассабоб фильмларни олишингизга ёрдам бермайди. Ёрдам берганида олган бўлар эдингиз. Бу кетишда ҳали-бери ўз йўналишимизни тополмасак керак.
 
Яна бир кулгили жиҳат, суҳбатда саволлар давлат тилида эмас, рус тилида берилди. Ўзбек тилида рисоладагидек фикрлаб, гапира олмайдиган мутахассис жавоб беришимизда гапимизни бўлиб, кескин фикр айтиб турди. Худди ўзбек киносининг бутун тақдири унинг қўлида қолгандек ҳис қилиш, чиндан ҳам қизиқ бўлса керак!
 
Саволларингизни ўзбек тилида берганингизда, менимча, кўпчилик жавоб берган бўлар эди. Берилаётган саволлар мазмун ва оҳангидан талабгорларнинг билим ва кўникмаларини синаб, уларни саралаш учун эмас, гўё талабгорни ҳеч нима билмайдиганга чиқариб, ўзидан кўнглини қолдириб ортига қайтариш услубида эди.
 
Суҳбат охирида: “Сени олишим учун 5 йил ўқитишимиз керак”, дедингиз. Модомики шундай экан, бу лойиҳа ва тўгаракка бутун мамлакатимиздан соҳага қизиққан ва интилувчан ёшлар эмас, аввал таъкидлаганимдек, фақат Ўзбекистон давлат санъат ва маданият иниситутиннг айнан телевидение ва кино режиссёрлиги факлультетини тугатган ёшлар керак экан, унда эълонни бошига шуни ёзиб қўйиш ва бу эълонни асосан ўша ОТМ ҳудудида тарқатган маъқул эди. Шунда биз ҳам вақтимизни сарфлаб соатлаб кутиб ўтирмасдик.
 
Шу ўринда қуйидаги саволлар туғилади: суҳбат олувчининг билими шунчалик кўп экан, нега турли тадбирлар уюштириб, санъатга қизиққан ёшлар учун дарс бермайди, билганини улашмайди, бепул маҳорат дарслари ўтказмайди? Вилоятларда соҳага қизиққан ёшлар кўп ва уларни ҳам кимдир жалб қилиши керак-ку!
 
Кино соҳасига қизиққан ва гарчи ўша факультетда ўқимаса ҳам, муайян иқтидор ва тажрибага эга бўлган ёшлар вақт ва имкон берилса, бундай ишларни қилади-ку! Мана шу лойиҳа ҳам барча республика иқтидорли ёшларига яратилаётган шароитлардан бири деб янглишган эканман. Танлов хўжакўрсинга ташкил этилган бўлиб, “танлаб олиниши керак” бўлганлар фақат соҳа дипломига эга бўлиши зарурлигини инобатга олмабман. Университетни шу соҳада битирганларга тўгарак ташкил этишдан кимга наф? Буни ўша ерда тўрт йил давомида ўргатишади. Чекка- чекка қишлоқлардан келган санъатга қизиққанлар нима қилсин, қайга бошини урсин?”
 
Журналист Отабек Ибрагимовнинг кастингда иштирок этиб, ўзи гувоҳи бўлганлари ҳақида ёзганларида масалалар аниқ ва равшан кўтарилди. Ташкилотчилар бундай ҳолатларга ташкилотчи сифатида эмас, аксинча, оддий иштирокчи, айтайлик, водий ё воҳадан йўл босиб келган оддий томошабиндек қабул қилсалар, мақсадга мувофиқ бўларди.
 
Зотан, агар кинода кинони қутқарадиган ҳақиқий ижодкорлар ишлаётганда Алишер Навоий киносаройида 3–4 ойда бир премьерани кўрсак кўрардик, бўлмаса йўқ.
 
Сўнгги хулоса сиздан, ташкилотчилар!

Теглар:Отабек Ибрагимов Ўзбеккино Art House Кастинг 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар

Муллавой
13:02 25.11.2017

Ғўддайиб туришидан бу алломаларнинг кимлиги, қўлдидан нима келиши, Сиздан нима кутаётгани, асл нияти, ниманинг эвазига Сизни кастингдан ўтказиб бериши кўриниб турибдику ўзи. Ўз Ватанига бир тийинлик фойдаси тегмаган тўртинчи сорт киночилар


Фарогат
12:26 22.11.2017

Хужакурсинга кастинглар нимага кере узи


husan
21:05 21.11.2017

ularni maqsadi pul okam ozgina kokidan korsatib qoying. qanday qilib kinoda rol oynayotganizni oziz bilmay qolasiz. bu xojakursin loyixasi.



Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!