...
МЕНЮ
ONLINE TV

“Ўзбекистон мустақиллигига 25 йил” эсдалик нишонини таъсис этиш ҳақида Фармон имзоланди


02:03, 02.07.2016 Жамият
 7 507

“Ўзбекистон мустақиллигига 25 йил” эсдалик нишони билан Ўзбекистон Республикаси фуқароси бўлмаган шахслар ҳам тақдирланиши мумкин.

Ватанимиз истиқлолининг 25 йиллигини кенг нишонлаш муносабати билан ҳамда мамлакатимиз мустақиллигини мустаҳкамлаш, унинг иқтисодий, сиёсий, ижтимоий, илмий, маънавий салоҳиятини ва мудофаа қудратини юксалтириш, давлатимиз сарҳадларининг дахлсизлигини таъминлаш, демократик ислоҳотларни амалга ошириш, жамиятимизда ҳукм сураётган миллатлараро дўстлик ва тотувликни, тинчлик ва барқарорликни асраш, миллий маданиятимиз ва санъатимизни ривожлантириш, соғлом ва баркамол авлодни вояга етказиш, ёшларимизни ватанпарварлик ва истиқлол ғояларига садоқат руҳида тарбиялаш ишларига муносиб ҳисса қўшган юртдошларимизни тақдирлаш мақсадида: 

1. “Ўзбекистон мустақиллигига 25 йил” эсдалик нишони таъсис этилсин. 

2. “Ўзбекистон мустақиллигига 25 йил” эсдалик нишонининг Низоми ва тавсифи 1, 2-иловаларга мувофиқ тасдиқлансин. 

3. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси (Ш.Мирзиёев) бир ой муддатда “Ўзбекистон мустақиллигига 25 йил” эсдалик нишонлари ва уларнинг гувоҳномаларини белгиланган тартибда тайёрланишини таъминласин. 

4. Ушбу Фармоннинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Президентининг Давлат маслаҳатчиси Д.Назармухамедов зиммасига юклансин. 

Ўзбекистон Республикаси Президенти И.Каримов 
Тошкент шаҳри, 2016 йил 1 июль
 
 
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 
2016 йил 1 июлдаги ПФ-4807-сонли 
Фармонига 1-илова
 
Ўзбекистон мустақиллигига 25 йил 
эсдалик нишони тўғрисидаги
НИЗОМ

1. “Ўзбекистон мустақиллигига 25 йил” эсдалик нишони билан мамлакатимиз мустақиллигини мустаҳкамлаш, унинг иқтисодий, сиёсий, ижтимоий, илмий, маънавий салоҳиятини ва мудофаа қудратини юксалтириш, давлатимиз сарҳадларининг дахлсизлигини таъминлаш, демократик ислоҳотларни амалга ошириш, жамиятимизда ҳукм сураётган миллатлараро дўстлик ва тотувликни, тинчлик ва барқарорликни асраш, миллий маданиятимиз ва санъатимизни ривожлантириш, соғлом ва баркамол авлодни вояга етказиш, ёшларимизни ватанпарварлик ва истиқлол ғояларига садоқат руҳида тарбиялаш ишларига муносиб ҳисса қўшиб келаётган ижтимоий-иқтисодий ҳаётимизнинг барча соҳалари вакиллари, меҳнат фахрийлари, ҳарбий хизматчилар ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари ҳамда бошқа шахслар тақдирланади. 

2. “Ўзбекистон мустақиллигига 25 йил” эсдалик нишони билан Ўзбекистон Республикаси фуқароси бўлмаган шахслар ҳам тақдирланиши мумкин. 

3. “Ўзбекистон мустақиллигига 25 йил” эсдалик нишони Ўзбекистон Республикаси Президенти ёки унинг номидан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Раиси, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Спикери, Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири, вазирлик, идора ва жамоат бирлашмаларининг республика органлари раҳбарлари, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари, шунингдек, бунга вакил қилинган бошқа шахслар томонидан тантанали вазиятда топширилади. 

Мукофотланганларга эсдалик нишони билан бирга унинг гувоҳномаси берилади. 

4. “Ўзбекистон мустақиллигига 25 йил” эсдалик нишони кўкракнинг чап томонига давлат мукофотларидан кейин тақилади. 

 
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 
2016 йил 1 июлдаги ПФ-4807-сонли 
Фармонига 2-илова
 
Ўзбекистон мустақиллигига 25 йил эсдалик нишонининг
ТАВСИФИ

“Ўзбекистон мустақиллигига 25 йил” эсдалик нишони 0,25 микрон қалинликдаги олтин билан қопланган мис қотишмасидан тайёрланади ва диаметри 34 миллиметрли доира шаклида бўлади.
 
Эсдалик нишонининг олд томони марказида қуёш нурлари фонида Мустақиллик майдонида жойлашган Мустақиллик ва эзгулик монументида акс эттирилган Бахтиёр она ҳайкали тасвирланган. Эсдалик нишонининг айланаси бўйлаб зарҳал ҳошия билан ўралган оқ эмалли доирада “O‘ZBЕKISTON MUSTAQILLIGIGA” сўзлари, пастки қисми марказида эса иккита саккиз қиррали юлдуз оралиғида “25 YIL” ёзуви акс этган. Ёзувлар зарҳалланган. 

Эсдалик нишонининг орқа томонида Ўзбекистон Республикасининг Давлат герби, пастки қисмининг марказида “2016” ёзуви тасвирланган.
 
Тасвирлар ва ёзувлар қабариқдир. 

Эсдалик нишонининг олд ва орқа томонларининг четлари қабариқ доира билан ўралган. 

Эсдалик нишони илгакчалар ва ҳалқача ёрдамида тўғри тўртбурчак шаклидаги қадағич билан туташтирилган. Қадағич Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғи рангларидаги, эни 20 миллиметрли шойи лента билан қопланган. 

Қадағичнинг бўйи – 16 миллиметр, эни – 25 миллиметр.
 
Қадағичнинг орқа томонига эсдалик нишонини кийимга тақиб қўйиш учун тўғноғич кўринишидаги мослама ўрнатилган. 

Теглар:Ўзбекистон мустақиллигига 25 йил Фармон Президент Фармони 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!

Тавсия

Сўровлар

Сиз ҳеч пора бериб кўрганмисиз?

Барча сўровлар