“Ўзбекистон” халқаро анжуманлар саройида бўлиб ўтган байрам тадбирига сенаторлар, депутатлар, ҳукумат аъзолари, аскар ва сержантлар, офицер ва генераллар, Қуролли Кучлар фахрийлари, ота-оналар ва кенг жамоатчилик вакиллари таклиф қилинди.
...13 январь куни эрталаб Мустақиллик майдонида Мудофаа, Ички ишлар ва Фавқулодда вазиятлар вазирликлари, Миллий хавфсизлик хизмати, Давлат божхона қўмитаси вакиллари саф тортди.
Ватан ҳимоячилари ҳарбий оркестр мусиқа садолари остида ҳурриятимиз, порлоқ истиқболимиз ва эзгу ниятларимиз рамзи бўлган Мустақиллик ва эзгулик монументи пойига гуллар қўйди.
“Ўзбекистон” халқаро анжуманлар саройида бўлиб ўтган байрам тадбирига сенаторлар, депутатлар, ҳукумат аъзолари, аскар ва сержантлар, офицер ва генераллар, Қуролли Кучлар фахрийлари, ота-оналар ва кенг жамоатчилик вакиллари таклиф қилинди.
Байрам тадбирини Тошкент шаҳар ҳокими Раҳмонбек Усмонов очди.
Ўзбекистон Республикаси Давлат мадҳияси янгради.
Ўзбекистон Республикаси Президенти, Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондони Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганининг 25 йиллиги муносабати билан Ватан ҳимоячиларини самимий табриклади.
Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов фармони билан 1991 йил 6 сентябрда Мудофаа ишлари вазирлиги ташкил этилган. Президент Ислом Каримовнинг 1992 йил 14 январда қабул қилинган қарорига мувофиқ республика ҳудудида жойлашган барча ҳарбий тузилмалар Ўзбекистон Республикасининг ҳуқуқий тасарруфига ўтказилган.
Ана шу тарихий кун – 14 январь Ўзбекистонда Ватан ҳимоячилари куни сифатида кенг нишонлаб келинмоқда.
Бу йил Ватан ҳимоячилари куни мамлакатимизда “Ўзбекистон – мустақил Ватанимиз, миллий армиямиз фахру ғуруримиз!” шиори остида нишонланмоқда. Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги ҳузуридаги Жамоатчилик кенгаши томонидан ушбу мавзуда ҳарбий қисм ва бўлинмаларда, барча вилоятларда, олис қишлоқ ва маҳаллаларда кўплаб учрашувлар, маънавий-маърифий тадбирлар ўтказилмоқда. Уларда тинчлик-осойишталикнинг қадри, бу азиз неъматни асраб-авайлашга барча бирдек масъул экани кенг тарғиб этилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 12 январдаги фармонига мувофиқ, Ватан ҳимоячилари куни ва Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларининг 25 йиллиги муносабати билан ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари, Мудофаа ва Фавқулодда вазиятлар вазирликлари ходимларидан бир гуруҳи Ватанимизнинг юксак мукофотлари – орден ва медаллар билан тақдирланди. Ушбу юксак мукофотларни Давлатимиз раҳбари тантанали равишда топширди.
Қуролли Кучлар офицери Лазиз Усмонов, аскар онаси Лайло Жўраева, Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги ҳузуридаги Жамоатчилик кенгаши раиси Иқбол Мирзаалиев ва бошқалар байрам қатнашчиларини Ватан ҳимоячилари куни билан табриклаб, Президентимиз, Қуролли Кучларимиз Олий Бош Қўмондони Шавкат Мирзиёевга ҳарбий хизматчиларга кўрсатилаётган улкан эътибор учун самимий миннатдорлик билдирди.
Тантанали маросим катта байрам концерти билан якунланди.