Жамоа Биринчи Лиганинг иккита сафар ўйинига ташриф буюрмаган. Клуб директори жамоа инқирозга юз тутганлиги ҳақида мактуб йўллаган.
“Нурафшон” ПФК 27-тур доирасидаги “НБУ-Осиё”га қарши баҳсга ҳамда 35-тур доирасидаги “Норин” клубига қарши баҳсларга ташриф буюрмагани ва клуб директори Д.Каримовнинг молиявий етишмовчиликлар тўғрисида йўллаган мактубига асосан Биринчи Лигадан четлаштирилди.
Мусобақа регламентининг 4.26 бандига асосан “Нурафшон” футбол клуби тақвимдаги ўйинларнинг яримидан кўпини ўтказиб бўлганлиги сабабли қолган ўйинларда жамоага техник мағлубият, унинг рақибларига эса техник ғалаба ёзилади.
Клуб ходимлари ва футболчиларига эса бошқа футбол клублари қайдномасига мусобақалар регламенти асосида рўйхатга киритилиш учун рухсат берилади”, - дейилади расмий хабарда.
Маълумот учун, “Нурафшон” жамоаси Биринчи Лиганинг 35-туридан сўнг 28 очко жамғариб, мусобақа жадвалининг энг қуйи 18-ўрнини эгаллаб турганди.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 5 октябрь куни Тошкентнинг “Обод” клуби ЎзПФЛ Ижроия Қўмитаси мажлисининг баённомасига мувофиқ Ўзбекистон Олий Лигаси иштирокчилари сафидан четлатганди.