Марғилондаги “Меҳрибонлик уйи”да содир этилган жиноят иши бўйича гувоҳлар ва жабрланувчиларнинг кўрсатмалари тингланди.
Очиқ судда судья Р.Арапов раислигида гувоҳларнинг кўрсатмалари тингланди. Бундан олдин эса директор ўринбосари С.Усмоновга нисбатан Жиноят кодексининг 129-моддасининг 1-қисми (ўн олти ёшга тўлмаган шахсга нисбатан уятсиз-бузуқ ҳаракатлар қилиш), фельдшер И.Йўлдашевга нисбатан Жиноят Кодексининг 128-моддаси 1-қисми (ўн олти ёшга тўлмаган шахс билан жинсий алоқа қилиш) ёпиқ суд мажлисида кўрилди. Шунингдек, жиноят иши бўйича йигирмага яқин жабрланувчиларнинг кўрсатмалари эшитилди, деб ёзади ЎзА.
Жиноят ишида судланувчилар вояга етмаган шахсни тарбия муассасасида жиноятга жалб қилиш, ўн олти ёшга тўлмаган шахс билан жинсий алоқа қилиш, вояга етмаган ожиз аҳволдаги шахсни қийнаш, ўн олти ёшга тўлмаган шахсга нисбатан уятсиз-бузуқ ҳаракатлар қилиш, шунингдек, аёл ҳомиласини сунъий равишда туширишга мажбурлаш каби жиноятларни содир этганликда айбланмоқда.
Судланувчилар К.Якубов, С.Усмонов, И.Йўлдашев ва Р.Абдуфаттоевларга нисбатан қамоқ, Х.Якубова, Н.Солиева, Д.Жўрабаева ва Х.Тўраевларга нисбатан уй қамоғи, А.Мўйдинов ва А.Саидкамоловаларга нисбатан гаров эҳтиёт чораси қўлланилган.
Келгусида суд мажлисида тўпланган далиллар атрофлича ўрганилиб, ишнинг ҳар бир ҳолатига ва судланувчиларнинг ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо берилиб, суд томонидан қонуний, адолатли ва асосли қарор қабул қилинади.