...
МЕНЮ
ONLINE TV

“Мендан мени сўрама”. Юлдуз Усмонова 53 ёшда


12:38, 12.12.2016 Шоу-бизнес
 10 986

Ўзбекистон халқ артисти Юлдуз Усмонова 53 ёшни қаршилади.

Бугун, 12 декабрь куни  Ўзбекистон халқ артисти Юлдуз Усмонова 53 ёшни қаршилади. Юлдузнинг галдаги таваллуд айёми узоқ йиллар хотирасида сақланиб қолиши тайин. Хонанда умрининг энг гуллаган даври, ижодининг энг сарбаланд нуқтасида, 43 ёшида йўқотганларини 10 йил ўтиб топди.
 
Юлдуз Усмонова. Бу номни эшитган кўплаб тингловчилар кўз ўнгида шартаки, гап келганда унча-бунчани аямайдиган, ҳар бир қўшиғида ҳаётни, асл ҳақиқатни акс эттирадиган, ёниб турган аёл гавдаланса, ажаб эмас.
 
Марғилонда, оддий ишчи оиласида туғилган, қишлоқнинг тор, чанг кўчаларида тупроққа беланиб, шовқинли шаҳар ҳаётидан йироқда катта бўлган Юлдузнинг кун келиб дунё таниган ва тан олган ҳофиза бўлишини ким ҳам ўйлабди дейсиз... У айни ҳақиқатни жуда кўп қўшиқларида айтишга уринган.
 
Ўзбекистон халқ артисти Юлдуз Усмонова ҳақида гап кетганда, ортиқча таъриф ва таснифга ҳожат йўқ. Юлдуз ўзини халқ қизи деб билади ва у ҳақда гап очилганда, унвонлар номи билан эмас, оддийгина қилиб “халқнинг қизи” дейишларини хоҳлайди. Юлдуздаги салобат ва виқорга бу камтарлик ярашмас ёки буни камтарлик ҳам деб бўлмас. Балки у ҳар қандай унвондан халқ куйчиси деган номни баландроқ кўрар...
 
Усмонова ижоди давомида минглаб қўшиқлар яратди. Тирноққа зор аёллар дардидан тортиб, омади кетган йигитлар тақдирини куйга солди. Она алласи, гўдак ноласи, ота фарёди... Буларнинг ҳар бири Юлдузнинг қўшиқларида яшайди.
 
Юлдуз шартаки хонанда. У атрофидаги воқеаларга жим қараб туролмайди. Кимдир Ватанига тош отса, аёллигини ҳам унутади, жуда бўлмаганда қўшиғи билан жавоб қайтаришга, бошқаларни ҳам жипс қилишга уринади. Кўп ҳолларда тилининг ўткирлиги ҳам унга панд берган, буни хонанда жуда яхши билади. Сўнгги 10 йилликдаги мавҳумлик сабаблари ҳам бежиз эмас, аслида.
 
Инсон йиллар ўтган сайин улғаяди, дунёқараши ўзгариб, фикри тиниқлашади. Кўп ҳақиқатларни англай бошлайди. Юлдуз Усмонова саҳнага чиқибдики, ўз устида ишлайди, елади, югуради, ҳаракатдан тинмайди. Ҳар қўшиғида тингловчига айтмоқчи бўлган гапларини етказишга ҳаракат қилади. У севгисини ҳам шунчаки айтмайди. Муҳаббат ортида яширинган дардни ҳам қистириб ўтади.
 
Бугун 53 ёшни қаршилаган Юлдуз Усмонованинг ижодида ҳам, шахсий ҳётида ҳам янгиликлар бисёр. Хонанда учун ёпиқ бўлган эшиклар бугун очилди. ТВ ва радиоларда тинимсиз қўшиғи янграётган Юлдуз галдаги имкониятдан тўғри фойдаланади. Боиси 10 йиллик муҳлат уни анчайин тарбия қилгани аниқ.
 
Фурсатдан фойлаланиб, таҳририятимиз номидан Ўзбекистон халқ артисти Юлдуз Усмоновани 53 ёшни қаршилагани билан муборакбод этамиз.
 

Теглар:Юлдуз Усмонова 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар

Мухлиса
22:34 12.12.2016

юлдуз усмоновани тугилган куни бн табриклийман ишларига омад оилавий бахт тилайман янги кушиклар кутиб коламиз



Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!